18:25 / 13.04.2020
2 504

Коронавирус одамзот руҳиятини ўзгартираяптими?

Коронавирус одамзот руҳиятини ўзгартираяптими?
Хасталик таҳдиди ҳеч қачон бунчалар кўп бизнинг ўй-хаёлимизни банд қилган эмас. Ҳафталарки, ҳар бир рўзноманинг бош саҳифаси фақат коронавирус пандемияси ҳақидаги мақолалар билан тўлган; радио ва телевидение ўлим ҳоллари кўпайгани ҳақидаги сўнгги янгиликларни тарқатмоқда; социал медиа платформалари ҳам қўрқинчли статистик маълумотлар, амалий маслаҳатлар ёки юморларга тўла.

Бошқалар бундан аввал ёзганидек, бу сингари "мунтазам ахборот бомбардимони" бизнинг руҳий саломатлигимизга дарҳол таъсир қилади, хавотирларимизни янада кучайтиради. Аммо доимий таҳдид ҳисси бизнинг психологиямизга янада маккорроқ таъсир ўтказади. Касалликни юқтириш таҳдиди бизни одамови қилиб қўяди. Бизнинг ахлоқий ҳукмларимиз шафқатсизроқ, иммиграция ёки жинсий эркинлик ва тенгликка нисбатан ижтимоий муносабатимиз консервативроқ тус олади. Касалликни ҳар куни ёдимизга солаётганлари ҳатто сиёсий қарашларимиз ўзгаришига ҳам олиб келиши мумкин, деб ёзади ВВС.

Коронавирус сабаб ксенофобия ва ирқчилик ҳолатлари кўпайгани ҳақидаги хабарлар юқоридаги фикрнинг илк аломатлари бўлиши мумкин, аммо илмий тадқиқотларнинг башоратлари тўғри чиқса, бундан кейин янада чуқурроқ социал ва руҳий ўзгаришларни кутиш мумкин.

Хулқ-атвор иммун тизими
Инсон психологиясининг аксарида бўлгани сингари касалликка нисбатан реакция ҳам ўтмиш контекстида қаралиши керак. Замонавий медицина юзага келишидан олдин инсоният учун энг йирик хатар инфекцияли хасталиклар эди. Инсон иммунитет тизимининг касаллик келтириб чиқарадиган "босқинчиларни овлаш ва ўлдириш"дек ҳайратланарли механизми бор.

Афсуски, бу реакциялар бизгача мудроқ ҳолда етиб келган, бемор аждодларимиз ов қилиш, тўпланиш ва бола боқиб катта қилишдек амалларга қодир бўлмаган бўлардилар.

Фото: GETTY IMAGES
Инфекцияли хасталиклар бизнинг миллион йиллик эволюциямизни, шунингдек, психологиямиз ва физиологиямизни ҳам ўзгартирган

Хаста бўлиш психологик жиҳатдан ҳам қимматга тушади. Иситма пайти тана ҳароратининг кўтарилиши соғлом иммун тизимининг ҳаётий аҳамиятга эга реакцияси - аммо бунинг оқибатида тана энергиясининг 13 фоизи шунга сарфланиб кетади. Овқат тақчиллиги пайти бунинг уддасидан чиқиш жиддий вазифага айланади.

"Касал бўлиш ва бу ажойиб иммун тизимининг ишлашига қўйиб бериш қимматга тушади", дейди Ванкувердаги Британия Колумбияси Университетидан Марк Шэллер. "Бу худди тиббий суғуртага ўхшайди - суғуртанинг борлиги яхши, аммо ишлатишга тўғри келганида анчаси сўрилиб кетади".

Инфекция эҳтимолини бошиданоқ камайтирадиган ҳар неки бор тирик қолиш устунлигини тақдим этиши керак. Шунинг учун ҳам одамзот ғайришуурий психологик реакция ишлаб чиққан - уларни Шэллер "хулқ-атвор иммун тизими» деб таърифлайди - бу тизим биз потенциал патогенларга рўпара келганимизда вайронакор куч билан контактни камайтирадиган биринчи мудофаа қалқони вазифасини ўтайди.

Касалликни юқтириш таҳдиди бизни одамови қилиб қўяди. Ахлоқий ҳукмларимиз шафқатсизроқ, жинсий эркинлик ва тенгликка нисбатан ижтимоий муносабатимиз консервативроқ тус олади.

Жирканиш реакцияси хулқ-атвор иммун тизими ўзининг мавжудлигини намоён этадиган энг равшан унсурдир. Биз сассиқ ҳид ёки овқатга дуч келганимизда "бу тоза эмас" дея ўзимизни олиб қочишимиз инстинктив равишда инфекция юқтиришдан ўзимизни асраш йўлида қилган ҳаракатимиз бўлади. "Айниган ниманидир еб қўйдим" деган оддий хаёлнинг ўзи ҳам бизни қайт қилишга мажбурлайди, инфекция бориб тушмасидан олдин истеъмол қилган овқатимизни ташқарига чиқариб ташлашимизга сабаб бўлади. Тадқиқотларга кўра, биз жирканишни юзага келтирадиган материални қаттиқ эслаб қоламиз, бу кейинчалик бизни хатарга қўядиган вазиятларни ёдда сақлаш( ўзини олиб қочиш)га даъват қилади.

Инсон ижтимоий жонзот ҳисобланар экан, у катта-катта гуруҳлар ташкил қилиб яшаб ўрганган, хулқ-атвор иммун тизими ҳам касаллик тарқалишини камайтириш мақсадида одамлар билан мулоқотимиз йўлини ҳам ўзгартирган. Бу эса яна инстинктив кўринишда бизни ижтимоий масофани сақлашга ундайди.

Бундай реакциялар анча қўпол бўлиши мумкин. Ҳолбуки бизнинг аждодларимиз муйаян касалликнинг аниқ сабаби ёхуд унинг қандай юқиши борасида тасаввурга эга бўлмаганлар. "Хулқ-атвор иммун тизими "кейин афсуслангандан кўра ҳозир бехатар бўлган маъқул" деган мантиқ бўйича иш кўради", дейди Даниядаги Орхус Университетидан Лене Ароэ. Бунинг маъноси шуки, акс реакция кўпинча ноўрин бўлиши, номутаносиб ахборот туфайли юзага келиши мумкин. Бу эса жорий таҳдидга умуман алоқаси бўлмаган масалаларга ўз таъсирини кўрсатади, бизнинг ахлоқий қарор қабул қилишимиз ёки сиёсий нуқтаи назарларимизни ўзгартиради.

Ёки мослашасан ёки тарк этасан
Келинг, маданий меъёрларимизга ҳамда бу меъёрларни бузган инсонларга нисбатан бизнинг умумий мавқеъимизга назар ташлаймиз.

Фото: GETTY IMAGES
Жирканиш реакцияси бизни хаста қилиши мумкин бўлган нарсалар - озиқ-овқат ёки ичимликдан ўзимизни олиб қочиш йўли сифатида пайдо бўлган

Турли экспериментларнинг натижалари шуни кўрсатдики, агар биз касаллик таҳдиди билан рўпара келиб қолсак, оғувчан мослашувчан ва тартиб-қоидаларга ҳурмат билан ёндашадиган бўлиб қоламиз. Шэллер эксперимент иштирокчиларидан касалликка учраган пайтидаги ҳолатни тасвирлаб беришни сўради ва турли тестлар билан уларнинг мослашувчанлигини текшириш билан инфекция таҳдидини қандай ҳис қилишларини ўрганмоқчи бўлди. Тестлардан бирида талабалардан университетнинг баҳолаш тизимини ўзгартириш сўралган.

Бир шиша идишга "қўшиламан", иккинчисига эса "қўшилмайман" деган ёзув ёзилди ва талабалардан қўшилиш-қўшилмаслигидан келиб чиқиб идишлардан бирига танга ташлаш сўралди. Хасталикка нисбатан юқори сезувчанлик иштирокчиларни "поданинг орқасидан юришга" етаклади ва қайси идишда танга кўплигига қараб ўзининг тангасини ташлашга ундади. Иштирокчилар ўзининг нуқтаи назарини билдириб оқил фикр билдиришдан кўра машҳурлик изидан боришни афзал кўрдилар.

Қатнашчилардан қандай инсонларни ёқтиришлари ҳақида сўралганида, касалликлардан хавотирланиб юрадиган одамлар ҳам "ижодий" ёки "артистик" инсонлардан кўра "одатий" ёки "анъанадор" индивидуалларни устун қўйишларини билдиришди. Маълум бўлишича, юқиш хавфи юзага келганида эркин фикр юритишнинг ҳар қандай шакли - кашфиёт бўладими ёки инновация - қадрсизга айланар экан. Анкета сўровларида ҳам кўпроқ иштирокчилар "ижтимоий тартиббузарлик зарарли, қасддан қилинмаган оқбатларга олиб келиши мумкин" деган баёнотни маъқуллашлари аёнлашган.

Бу экспериментлар бугун биз юзма-юз келиб турган воқеъликнинг телевизион ва онлайн ёртилишидан анча узоқ бўлиб кўриниши мумкин. Аммо Гонконг Университети тадқиқотчилари "Вирус тарқалиши" бадиий фильмидан олинган, бизнинг ҳозирги кунларимизга ўхшаб кетадиган кадрлардан фойдаланиб, инсонлар хулқ-атвори бўйича эксперимент ўтказиб, ғалати реакциянинг гувоҳи бўлганлар. Пандемия ҳақидаги кучли таассуротли тасвирлар эксперимент иштирокчиларини мослашувчан исёнкорликдан кўра кўпроқ итоатгўйликни қадрлайдиган қилиб қўйди.

Ахлоқий ҳушёрлик
Нега хулқ-атвор иммун тизими бизнинг онгимизни бу шаклда ўзгартиради? Доктор Шэллер буни шундай изоҳлайди: боиси бизнинг кўплаб ёзилмаган қоидаларимиз - овқатни қандай пишириш керагу, қандай пишириб бўлмайди, ижтимоий мулоқотларнинг қайси шакли мақбулу, қай бири номақбул, инсон нажасини қандай утилизация қилса бўлади ёки бўлмайди, деган саволларга ёндашувлар инфекция рискини камайтиришга ёрдам берган.

"Инсоният тарихининг аксар қисмида кўплаб нормалар ва удумлар хасталикларни одамларга яқинлаштирмасдан узоқ масофада ушлаб туриш вазифасини ўтаган. Ўша тартиб-қоидаларга бўйсунишга рози бўлган инсонлар жамоат соғлиқни сақлаш тизимига хизмат қилганлар. Бу тартиб-қоидаларни менсимаган одамлар нафақат ўзларини, балки атрофдагиларни ҳам хатарга қўйганлар", дейди доктор Шэллер. Натижада юқумли хасталиклар таҳдиди рўпарасида урф-одат ва анъаналарга бўйсуниш фойдали ҳисобланган.

Фото: GETTY IMAGES
Пандемия ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам бошқалардан ажралиб туришдан кўра кўп қатори бўлишни устун қўйишга ундайди

Мана шу мантиқ одамлар нега юқумли касаллик тарқалган вақтда янада ҳушёрроқ бўлиб қолишлари сабабини изоҳлаб беради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, биз хасталикни юқтириб олишдан қўрққан вақтимизда қоидани бузганларга ёки расмийларнинг топшириқ-буйруқларини назар-писанд қилмайдиган шахсларга нисбатан кескинроқ ҳукм чиқарадиган бўлиб қоламиз.

Айрим жузъий ҳолатлар, албатта, касаллик тарқалиб кетишига олиб келмаслиги мумкин. Аммо биз ўша одамлар ҳақида "тартибга риоя қилмаслик билан улар касалликни биздан узоқда ушлаб турган бошқа янада муҳимроқ қоидаларни бузадиган одамлар" деган хулосага келамиз.

Хасталик ҳақидаги нозик эслатма ҳам бизнинг ўзимизни тутишимиз ва муносабатимизни ўзгартириши мумкин. Бир экспериментда иштирокчилардан оддийгина қўлни дезинфекциялайдиган восита олдида навбатда туриш сўралди, холос. Шу илтимоснинг ўзи ҳам анъаналар ва тартиб-қоидаларга нисбатан ҳурмат кўрсатиш кучайганини намойиш этди.

Ўша экспериментда иштирокчиларга қўлни ювиш зарурлиги эслатиб турилди. Ушбу эслатманинг ўзи ҳам қатнашчиларда ноодатий жинсий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан тоқатсиз муносабатни келтириб чиқаргани аниқланди. Мисол учун, болалигидаги пахмоқ айиқчасини қўлида ушлаганича мастурбация билан шуғулланган аёл ёки бувисининг тўшагида жинсий алоқа қилган йигит-қизнинг ҳаракатини кечириб бўлмайди, деб ҳисоблайдиганларнинг сони эслатмадан олдингига нисбатан кўпайгани кузатилди.

Бегоналардан хавфсираш
Касаллик юқтириш хавфи бизнинг ижтимоий гуруҳларимиз ичида одамларга нисбатан кескинроқ ҳукм чиқарадиган қилиб қўйишидан ташқари бегона инсонларга нисбатан ҳам ишонмайдиган қилиб қўяди. Бу, айниқса, ўзи учун жуфт қидириб танишиш истагида юрганлар учун ёмон хабар. Канададаги Макгил Университетидан Натсуми Савада ўтказган тадқиқотидан шундай хулосага келди: агар биз инфекция юқтиришдан чўчиб қолган бўлсак, бошқа биров ҳақидаги илк таассуротимиз, бу онлайн танишув бўладими ёки юзма-юз учрашув, қатъи назар, салбий бўлади. Айниқса, ташқи кўриниши у қадар чиройли бўлмаган инсонларга нисбатан тобора кўпроқ салбий хулоса чиқарилади, бунинг сабабларидан бири ғайришуурий тарзда "бу одамнинг саломатлигида муаммоси бўлса керак" деган фикр пайдо бўлишидадир балки.

Бизнинг ўткирлашган ишончсиз ва шубҳали реакциямиз ўзга маданият вакиллари бўлган инсонларга нисбатан муносабатимизга ҳам таъсир қилади. Доктор Шэллер хулосаларига кўра, бунинг сабаби номақбуллик хавотиридан бўлиши мумкин: чунки ўтмишда бизнинг ижтимоий гуруҳимиз аъзоси бўлмаган шахс бизни инфекциядан муҳофаза қилиб келган махсус удумларга риоя қилмаган ва биз бу одамлар ўзи истамаган ҳолда(ёки атайин) касаллик тарқатиши мумкин, дея хавотирланамиз. Аммо бугунга келиб, бундай муносабат нотўғри тушунчага асосланган мулоҳаза ва ксенофобияга сабаб бўлаётгани кузатилмоқда.

Ўз навбатида доктор Аароэ касал юқтиришдан қўрқиш одамларнинг иммиграцияга бўлган муносабатига таъсир кўрсатаётганини аниқлаган. Аароэ хоним фикрича, бу хулқ-атвор иммун тизимининг бир қисми бўлиб, у "кейинчалик афсуслангандан кўра ҳозир бехавотир бўлиш чорасини кўрган афзал" деган ёндашувдир. Бу "таҳдид фикри билан тўлган онгнинг ҳозирги замонда мультикултурализм ва этник турфа хиллик билан рўпара келганда" қабул қилган номутаносиб сигналларининг "нотўғри талқин қилинишидир", дейди олима.

Covid-19 таҳдиди билан рўпара келганда
Хулқ-атвор иммун тизимининг таъсири ҳаммада ҳам ҳам бир хил кузатилмайди. "Айрим инсонларнинг хулқ-атвор иммун тизими жуда нозик бўлади ва шунинг учун ҳам улар потенциал инфекция таҳдидига ҳаддан зиёд реакция кўрсатадилар", дейди Аароэ. Тадқиқотларга кўра, ана шу нозиктаъб инсонлар социал меъёрларга янада қаттиқроқ риоя қиладилар, оддий одамларга нисбатан бегоналарга янада кўпроқ шубҳа билан қарайдиган бўлишади. Кучайган касаллик таҳдиди уларнинг мавқеъини янада қаттиқлаштиради.

Ҳозирча коронавирус бизнинг онгимизга қай йўлда таъсир кўрсатиши борасида тадқиқотларга асосланган маълумот йўқ. Аммо хулқ атвор иммун тизими назариясидан келиб чиқиб бундай таъсир аниқ бўлади, деб айтишга асос бор. Торонто Университетидан Йоэл Инбар фикрича, ижтимоий муносабатлардаги улкан сакрашдан кўра аҳолининг аксар қисми онгида мўътадил ўзгариш юз беради.

Фото: GETTY IMAGES
Коронавирус бизнинг онгимизга қандай таъсир кўрсатиши борасида ҳозирча тадқиқотларга асосланган маълумотлар йўқ

Олим 2014 йили жаҳон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган Эбола хасталиги тарқалиши пайтидаги социал ўзгаришларни ўрганган.

Олим ўрганишларига кўра, бу пайтда фикрлари ўрганилган 200 минг кишининг гей ва лесбиянларга нисбатан бўлган яширин муносабати бироз ўзгаргандек таассурот уйғотган.

"Бу табиий эксперимент бўлди. Одамлар касаллик таҳдиди ҳақида жуда кўп ахборот олиб турган бир пайтда уларнинг муносабати кам ўзгарди", дейди тадқиқотчи.

Америка Қўшма штатларидаги президентлик сайлови яқинлашиб келар экан, кун тартибига қўйилаётган табиий саволлардан бири касаллик таҳдиди ва гейликка муносабат одамларнинг номзодларга нисбатан танловига таъсир қиладими ёки йўқми деган савол.

Доктор Шэллер фикрича, уларнинг таъсири кам бўлади. "Кўзга яққол ташланадиган таъсир хулқ атвор иммун тизимига бевосита боғлиқ бўлмаслиги, балки ҳукумат расмийларининг вазиятни ўнглаш борасида қанчалар яхши фаолият юритишларига боғлиқ бўлиши мумкин", дейди олим.

Психологик ўзгаришлар мамлакат миқёсидаги сайлов натижаларига таъсир қилмаган тақдирда ҳам бу ўзгаришларнинг таъсири сиз билан бизнинг коронавирусга нисбатан шахсий реакциямизга нисбатан бўлиши муқаррар.

Биз конформист нуқтаи назарни ифода этамизми ёки бошқа бировнинг ҳатти-ҳаракатини қоралаймизми, сиёсий кучларнинг қадриятини англашга ҳаракат қиламизми, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз фикрларимиз рационал мушоҳада натижасими ёки микроблар ҳақидаги назариялар кашф этилишидан минглаб йил олдин шаклланган аждодларимиз реакциясими, деган саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Коронавирус одамзот руҳиятини ўзгартираяптими?