Фото: Google Images
«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони – дорихонада ишлаётган фармацевт қиз.
Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.
Исмим Нозима. Воҳанинг энг чекка қишлоғиданман. Маълумотим ўрта махсус. Дорихонада ишлайман. Ҳозир ишим туфайли шаҳар марказида оиламиз билан ижарада яшаймиз.
Ёшим паспорт бўйича 23 да. Аслида эса...
Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, пайғамбаримизнинг амакиси Абу Толибдан бир куни ҳамроҳлари «Эй Абу Толиб, айтингчи, сиз каттами ёки Расулуллоҳ (с.а.в) каттами деб сўрашибди. Шунда ул зот «Албатта, Расулуллоҳ (с.а.в) катта. Фақат мен олдин туғулганман, холос», — деб жавоб берган эканлар.
Англаганингиздек, ёш нисбий нарса. Одамлар ўн ёшида ҳам дунёқараши кенг ёки ўттизида ҳам бола бўлиб қолиши мумкин. Ҳаммаси қалбимиздаги кечинмаларга боғлиқ. Қийинчиликлар, оғриқлар, синовлар инсонларни улғайтиради.
Адашмасам, ўшанда 5—6 ёшда эдим. Бир куни қўшнимизникига кириб кетаётиб, зинадан йиқилиб тушганман. Қўлимдаги ручка кўзимга санчилиб қолган. Қолганини эслолмайман. Бир неча бор операция қилишган, лекин ручканинг бир қисми миямга яқин жойда қолиб кетган, олишолмаган. Шундан бери чап кўзим кўрмайди.
Ўша пайтлари дадам, операцияга катта пул керак бўлиб, бизга билдирмасдан уйимизни сотиб юборган. Шундан бери бир амакимизники, кейин яна бошқасиникида яшаб катта бўлганман. Бизни ёқтиришмасди, билардим. Ахир кимни ҳам уйига сиғасиз? Қишлоқ шароити, ҳаммасини бола-чақаси бор, буёқда мен касал бўб турсам, айтинг, кимга ёқади? Одамлар ҳозир ҳеч кимни бағрини очиб кутиб олмайди. Шундай қилса ҳам узоғи уч кун уёғига ҳурматингиз битади. Минг жигарингиз бўлса ҳам ёқмай қоласиз. Тезроқ уйига кетса-ю, дейдиган бўлиб қоларкан...
Эсимда, қариндошларимиз доим бизни уйи йўқ, камбағал деб ажратарди. Тенгдошларим Нози ғилай деб устимдан кулиб, мазах қилишарди.
Мен ҳали шунақа зўр, катта одам бўламан, ҳаммалари мени камситгани, онамни йиғлатгани учун жавоб беришади дердим...
Фото: «Unsplash.com»
Ушалмаган орзу
Болалигимдан журналистика соҳасига жуда қизиқаман. Мақолалар, шеърлар ёзаман. Доим таниқли, ижодкор журналист бўлишни орзу қилганман. Шу ниятлар билан 5 йил кетма-кет ўқишга топширдим афсуски, киролмадим. Бу йил эса инглиз тилини яхши билганим учун халқаро университетга топширдим ва шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Биласиз, халқаро университетларнинг контракти «отни калласидай». Оилада ёлғиз фарзандман, отам мавсумий ишда ишлайди. Ҳадеб пул топавермайди, топгани ҳам рўзғордан ортмайди. Онам эса уй бекаси. Хуллас, орзуларим энди ушалганида оилавий шароитимиз туфайли ўқимайман деб ҳужжатларимни қайтариб олиб келдим.
Пул топиш учун шу соҳага кирганман
Фармацевтика соҳасида ишлаётганимга келсак, ўқишга киролмай, сиқилиб юрган пайтларим эди. Уйимизда ҳам етишмовчилик кўп бўларди. Мен ишлашим, пул топишим керак. Бир нечта жойларда ишлаб кўрганман, лекин «нормалний» тўлашмаган.
Ҳаёлимга «аптекачи» амаким келган. Аёли ҳам фармацевт эди. Кўп пул топарди, юриш туришни, оилани, ишни ҳам жой-жойига қўярди. Унга роса ҳавас қилардим.
Менам фармацевт бўлсамчи деб ўйлаб қолганман. Дугонамнинг дадасининг туман марказида дорихонаси бор эди. Бир куни ишчи кераклигини айтганида, мени ишга олсангларчи деб таклиф қилганман. Бу соҳада ўқимагансан-ку, сени ишга ололмаймиз деб рад қилган. Майли, ўрганаман, фақат ишга олсаларинг бўлди деб олдига ялиниб бораверганман. Охири синов муддати билан қабул қилишган. Бир тийинсиз икки ярим ой дорихонада ишлаб, қайси касалликка қанақа дори бериш кераклигини яхшилаб ўрганганман. Худога шукр, уларни ишончини оқлаб, уч ойдан кейин расман ишга кирганман.
Ҳар ярқираган нарса олтин эмас
Кейин икки йиллик фармацевтика бўйича ўқув курсини тамомладим. Тўғриси, диплом керак ҳам бўлмади. Ҳозир қаердадир чанг босиб ётибди.
Соҳани яхши ўрганганимдан кейин шаҳардаги марказий дорихоналарга чақиришди. Бордим, гаплашдик. Даромади катта дорихона эди. Ишга кирдим. Лекин ишчиларни кўпи димоқдор экан, келишолмадим. Икки ойга қолмай ишдан кетдим. Тушундимки, ҳамма ярқираган нарсанинг ичи олтин бўлавермас экан.
Соҳангизни яхши билсангиз ҳеч қачон кўчада қолмас экансиз. Кўп ўтмай бошқа дорихонага ишга кирдим. Худога шукр, янги иш жойим зўр. Бошлиғимиз ҳам тилло одам. Ҳозир битта дорихонани бемалол бошқариб, ҳужжат ишларигача эплайман.
Дунёда энг ёмони сиғинди бўлиб яшаш
Иш топганимдан кейин бир муддат онам билан шаҳардаги қариндошимизникида яшадик. Дадам қишлоқда акалари билан қолди. Биласизми, дунёда энг ёмони нима? Яқинларингизни уйида сиғинди эканлигингизни ҳис қилиб яшаш.
Ўтирсак ўпоқ, турсак сўпоқ бўлаверганимиздан кейин ижарага уй топиб чиқиб кетишга қарор қилдик. Ойлигим бир миллион атрофида, ижаралар эса камида 100 доллар. Буёқда еб ичишимиз, йўлкирамга ойлигим етмаслиги аниқ эди. Арзонроқ уй топиш учун ойим иккимиз қаҳратон совуқларда уй қидирдик. Буёқда қариндошимиз «Бунча, топилмаяптими» деб энса қотирарди. Уй топиларди, лекин бизга нархи тўғри келмасди-да...
Ниҳоят бир ярим ой деганда шаҳарнинг сал чеккароғидан 350 минг сўмга бир хонали уй топдик. Ўша куниёқ, онам билан кўчиб ўтдик. Тўғри, уйимиз чиройли эмас, кичкинагина ва жуда файзли.
Дадам янги уйга кўчганимизни эшитиб, бизни топиб келди. Яна учаламиз бирга яшай бошладик. Ҳар куни ишдан қайтаман, ота-онам уйда. Жуда бахтли эдим. Бироқ ой тугаб, уйга тўлов қилиш пайти келганда дадамдан пул сўрадим. Дадам эса ҳозир қиш бўлса, ишламасам, сенга пулни қаердан оламан деб жаҳл қилди.
Майли, унда менда ҳам пул йўқ. Агар тўламасак уйдан чиқарворишади. Биз ҳоламникига сиз эса амакимларникига қайтиб кетаверасиз. Яна аввалгидек сиғинди бўлиб яшайверамиз, ахир ўрганиб қолганмиз-у, деб уйдан жаҳл билан чиқиб кетдим.
Очиғи, дадамнинг гапларидан қаттиқ хафа бўлдим. Ишласам, уй топган бўлсам, оилани, рўзғорни эпласам, бошқа қизлар каби бирон нима олиб беринг демасам, ҳеч йўқ ўзи турган квартиранинг ярим пулини ҳам тўламайдими деб, кун бўйи асабийлашиб юрдим. Кечки пайт уйга борсам дадам бобомдан пул олиб келибди. Мана бошқа пулим йўқ, қолганини ўзинг тўла деб бердилар. Шунисига ҳам шукр деб ёнимдан қўшиб, уй эгасига бериб келдим.
Ҳозир ойлигим 1 миллион 200 га яқин. Аллоҳга шукр, йўлкирам, уй рўзғордан ортириб, ўзимга у-бу нарса олишимга ҳам етади. Тўғри, рўзғоримизга ҳамма нарсани ололмаймиз. Ҳар куни гўшт емасак ҳам, бир бурда нонга ҳам қорин тўяверади. Ўзига минг шукр, ҳаётимдан ҳеч қачон нолимайман.
Шукр қилишни билмаган одам роҳатланишни ҳам билмайди
Сизга айтиб берганларим ҳаётимдан бир парча, холос. Шунақа қийналган пайтларим фақат диний, психологик китоблар ўқидим. Фикрлашим, дунёқарашим ўзгарди.
Авваллари оила мукаммал бўлиши, ота-ота бўлиши, она ўз вазифаларини қилиши, ҳамма нарсада адолат бўлиши керак деб, ўйлардим. Кўнглимни оғритган инсонларга ҳали кўрсатиб қўяман деб яшардим.
Бироқ вақт ўтгани, улғайганингиз сари бу дунё, ундаги нарсалар мен учун ўз аҳамиятини йўқотди. Айб қидирмасдан, нолимасдан ҳамма нарсани борича қабул қилишни бошладим. Ҳаётим ҳам енгиллашди.
Биласизми, шунча пайт орзуларим кетидан югурдим. Амалга ошмади, тинмай йиқилавердим. Энг яхши кўрган нарсаларим қўлимдан кетди. Йиғладим, тушунликка тушдим, лекин нима ўзгарди? Булар нимадир қайтардими? Аксинча ўзимни қийнаганим, бекорга кўз ёшларим тўкилгани қолди.
Мен энди ҳеч қачон 23 га кирмайман, минг хоҳласам ҳам бугунги кунни тополмайман... Энди ҳаётимни йиғлаб ўтказмоқчи эмасман. Ҳар бир дақиқамдан унумли фойдаланиб, мазза қилиб, роҳатланиб яшамоқчиман.
Фото: «Unsplash.com»
Ҳаёт мўъжизаларга тўла
Фақат инсон муаммоларидан чиқиб, ҳаётга кўзларини каттароқ очиб қараши керак экан.
Масалан, ҳар жума куни дорихонамизга бирор қария одам кирса, кичкина дорисини бўлса-да, текинга беришга ҳаракат қиламан. Энг қизиғи, кўп ўтмай қилган эҳсонларим 3—4 баробар бўлиб қайтиб келади. Хурсанд бўламан, яна иштиёқ билан хайрия қилавераман. Ҳозир қурбим етганича қиляпман, ишонаман вақти келиб одамларга кўп ёрдам беришга имконим бўлади.
Олдингига нисбатан ҳозирги ҳаётимдан кўнглим тўқ. Қўлимдан келганича кимгадир яхшилик қилишга интиляпман. Берилган фарз амалларни бажаряпман. Ўзига таваккал қилганимдан бери қалбимда шундай халоват борки, ўлим ҳам унчалик қўрқинчли бўлмай қолди.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Рўзиқул Бердиев: "12 та мағлубиятсиз серия қайд этгандик, ҳозир эса кетма-кет тўртта мағлубият"
Сайхунободда қарздор отадан салкам 75 млн сўм алимент пуллари ундирилди
Мигрень, кластер цефалгия, зўриқиш... Бош оғриғининг неча тури мавжуд?
Эрон олий раҳнамоси Нетаньяхуни қатл қилишга чақирди
АҚШда 10 ёшли бола полицияга қўнғироқ қилиб, математикадан уй вазифасини бажаришда ёрдам сўради
Шимолий Корея баллистик ракеталар ишлаб чиқарувчи заводини кенгайтирмоқда