Жэк Грилиш Манчестердаги барлардан бирида ухлаб қолган ҳолда топилди

Англия терма жамоаси ва "Ман Сити" ярим ҳимоячиси Жэк Грилиш Манчестердаги барлардан бирида нохуш ҳолатда кўриниш берди. Жароҳати сабабли майдонга тушмаётган футболчи дўстлари билан ўтказилган базм вақтида стулда ухлаб қолган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ҳозирда "Эвертон" клубида ижара асосида тўп сураётган 30 ёшли футболчи январь ойида оёғидан жароҳат олган эди. Жарроҳлик амалиётини ўтаган Грилиш жорий мавсумда бошқа майдонга тушолмайди ва 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юборади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, футболчи спиртли ичимликлар таъсирида ўзини назорат қила олмай қолган. Дўстлари уни уйғотишга ҳаракат қилишган, бироқ Грилиш стулда беҳуш ҳолатда ётишда давом этган.
Бу ҳолат акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Грилиш аввал ҳам бир неча бор тунги клублардаги базмлари ва тартибсиз турмуш тарзи билан танилган эди. Хусусан, у 2023 йилда "Ман Сити" билан требл қайд этилганидан сўнг бир неча кун давом этган шов-шувли байрам тадбирлари марказида бўлган.
Футболчининг келажаги ҳозирча сўроқ остида қолмоқда. "Эвертон" уни 50 миллион фунтга сотиб олиш ҳуқуқига эга, бироқ клуб нархни пасайтиришни кўзламоқда.
Шунингдек, унга Саудия Арабистони ва АҚШ клубларидан қизиқишлар борлиги айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!