Нафсни поклаш, ахлоқни сайқаллашда энг муҳим воситалардан бири рўзадир. Рўза қалбни муолажа қилади, тақвони кучайтиради, бандани эгри йўллардан қайтаради, дилга софлик бағишлайди. Рўза шаҳватларни жиловлашда ҳам тенгсиз ибодатдир.
Аллоҳ таоло шундай амр қилган: “Эй мўминлар! Тақводор бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди” (Бақара сураси, 183-оят).
Рўза араб тилида “совмун” ёки “сиямун” дейилади. Бу сўз луғатда “бирон иш ёки сўздан ўзини тийиш” маъносини англатади. “Лисонул араб” луғатида “сиямун” сўзи – шаръий истилоҳда – таом, ичимлик, жинсий яқинлик, фойдасиз сўзлардан тийилиш мазмунига эгалиги айтилган.
Рўза барча гуноҳлар манбаи бўлмиш нафсни синдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу маънода: “Рўза қалқондир”, дея марҳамат қилганлар.
Рўзадан кўзланган энг асосий ҳикмат ҳам тақводир. Банда тонг-саҳарда “Аллоҳ розилиги учун рўза тутишни ният қилдим”, деб оғиз ёпганидан кейин ибодатга кирган бўлади. Рўзадор ҳолида ишлайдими, дам оладими, бозорга борадими, ибодат қилаётган бўлади. Аллоҳ унга ибодат савобини ёзади. Шунинг учун рўзадор инсон номаъқул ишлардан ўзини тийиб туради, ҳаромга қарамайди, бировга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор бермайди, Аллоҳни зикр қилади, Қуръон ўқийди, намозларни тўкис адо этади. Шу билан инсон қалби покланади, руҳи тетиклашади.
Рўзадор фақат таомдан, ичимлик ёки аёли ила муомала қилишдан тийилмайди, балки тилини беҳуда сўзлардан, кўзини ножоиз нарсаларга қарашдан, қўли, оёғи – барча аъзоларини ҳаромдан сақлаши талаб этилади. Аллоҳ банданинг тонгдан шомгача туз тотмай юришига муҳтож эмас. Рўза тутиб тақводор бўлишимиз, қалбимиз покланиши учун Меҳрибон Аллоҳ бизга рўзани фарз қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни ташламаса, таом билан ичимликни тарк этишига Аллоҳ муҳтож эмас”, деганлар.
Шундай одамлар бор: рўзадор бўлсаям кун бўйи тили ғийбатдан бўшамайди, бўлар-бўлмас гапларни гапириб, елкасига тоғдек гуноҳларни ортмоқлаб олади. Яна баъзилар рўзадор ҳолида бозор-ўчарда бировнинг ҳақини ейди: метрдан, литрдан уриб фойда кўриш пайида бўлади.
Ҳадиси шарифда айтилишича, одам кечаси билан намоз ўқиб чиқса, кундузлари оч-наҳор юриб рўза тутса, бироқ гуноҳлардан тийилмаса, тунда бедор бўлгани, кундузи ўзини қийнагани қолади. Унга ҳеч қандай савоб берилмайди. Шунинг учун рўзадор одам тақвога эътибор берсин. Фақат ошқозон эмас, тил ҳам, кўз ҳам, қўл-оёқлар ҳам рўза тутсин. Бу қалб рўзаси, дейилади. Мана шу ҳақиқий рўзадир.
Зиёвуддин Раҳимнинг “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди