23:30 / 22.05.2023
222

Осон қарзлар ва жиддий рисклар. Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлигидан ким ютади?

Осон қарзлар ва жиддий рисклар. Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлигидан ким ютади?

18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида давлат раҳбарлари иштирокида “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги биринчи саммит бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ўн миллиардлаб долларлик келишувлар имзоланди ва муҳим баёнотлар янгради. Таҳлилчилар Россиянинг заифлашиши ва АҚШнинг Афғонистондан кетиши фонида, Хитой Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиришга уринаётганини таъкидламоқда. Kun.uz мухбири сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов ушбу саммит ва унинг минтақа учун аҳамияти борасида суҳбатлашди.

– Россиянинг минтақадаги геосиёсий таъсири бир қадар пасайган вақтда Марказий Осиё – Хитой саммити ўтказилишида қандай маъно бор?

Фарҳод Толипов:

— Катта давлатлар Марказий Осиё давлатлари билан одатда C5+1 форматида мулоқот қилади. Бу формат келиб чиқиши ҳам асли Шарқий Осиё мамлакатлари билан боғлиқ, C5+1 аталмаган бўлса ҳам. Бу формат 2015 йил АҚШ ташаббуси билан яратилган. Демоқчиманки, бу нарса фақат Хитой ташаббуси эмас, бундай кўринишдаги саммитлар, алоқалар бир нечта ва улар бир-бири билан рақобатда бўлади. Сиандаги саммитнинг аҳамияти ва оқибатларини бошқа шу кўринишдаги C5+1'лар билан таққослаб айтиш мумкин.

Кўплаб экспертлар энди Марказий Осиё минтақасида Хитой таъсири устувор бўлади, АҚШ ва Россия эмас, дейишмоқда. Қайсидир томонлардан қўшилиш мумкин бу фикрларга ҳам. Аммо бу баҳсли ҳали. Си Жингпин ҳам, бошқа шу доирадаги сиёсатчилар ҳам энди халқаро майдонда Хитой билан ҳисоблашиш кераклигини таъкидламоқда. Балки бу саммит айнан Хитой билан ҳисоблашиш тўғрисидаги сигналдир. Марказий Осиё давлатлари ҳам мустақил, тенг ҳуқуқли давлатлар, шунинг учун келажакдаги муносабатлар уларга ҳам боғлиқ, албатта.

Камолиддин Раббимов:

— Ғарб ОАВлари Хитой Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири камайганидан фойдаланяпти, деган фикрни илгари суряпти. Лекин ҳали ҳам Россиянинг таъсири катта ва ҳали бу таъсир қилиш рақобати очиқ кўринишга ўтганича йўқ. Хитой марказий ОАВлари Россия билан яқин иттифоқчи эканликларини урғулаяпти, коллектив Ғарб, Вашингтонга эса танқидлар бўляпти. Минтақа глобаллашув жараёнидамиз ҳозир. Айни вазиятда, Хитой демократик ислоҳотлар бошланишидан хавотирга тушяпти. Бу жараённи тўхтатиш ёки секинлатиш учун «қурол» йўқ уларда. Шунинг учун ҳам минтақага чуқурроқ кириб бориб, халқнинг онгидан ижобий ўрин эгалламоқчи. Хитойнинг минтақадаги биринчи хавотири Уйғуристон сепаратизми. СССР тарқаган пайтдаги хавотири ҳам айнан шу эди. Саммитдаги Хитойнинг позицияси шундай бўляпти: «Сизнинг ҳудудий яхлитлигингизни қўллаб-қувватлаймиз, фақат сиз ҳам бизнинг яхлитликни қўллайсиз, сепаратизмга йўл қўйилмаслиги керак».

— Хитой билан бўладиган муносабатларда асосий хавотир – ушбу мамлакатга иқтисодий боғлиқ бўлиб қолишдан чўчиш бўлади. Саммитда ҳам ўн миллиардлаб долларлик келишувлар ва грантлар ҳақида гап кетди. Ушбу иқтисодий боғлиқлик Хитой томонидан давлатларга шарт қўйиш, уларнинг суверенитетига таҳдидга олиб келмайдими?

Фарҳод Толипов:

— Бундай хавотирлар ҳам ўринли. Экспертлар ҳам Хитойнинг молиявий қуролига урғу беришяпти. Хитойнинг кредитлари осон қарзлар дейилади, яъни шартлар бўлмайди. Бошқа Ғарб давлатлари қанақадир демократик шартлар қўяди. Шунинг учун ҳам Хитойнинг бу иши қармоқ ташлашдек кўринади. Қирғизистон ва Тожикистон мисолида ҳам «қарз қопқони»га тушиб қолиш кўринди. Қарз эвазига ер бериш масаласи кўтарилгач, Қирғизистонда халқ бош кўтарди ҳам. Қарз осон ва арзон бўлгандан кейин боғланиб қолиш бўлади, шундан хавотирга тушишади.

Расмийларнинг айтишича, Ўзбекистонда бундай хавф йўқ ҳозирча, назоратда турибди. Қарзлар миқдори «қизил чизиқ»дан ўтгани йўқ. Лекин сиёсий нуқтаи назардан бир давлатга бу даражада боғланиш яхши эмас, босимларга олиб келиши ҳам мумкин. Ғарбнинг баъзи таҳлилий марказларининг айтишича, Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига берган қарз шартномалари шаффоф эмас, мавҳум кўринишларга эга. Шунинг ўзи шубҳа туғдиради. Бундан ташқари, шартномалар орқали Хитойнинг ўзининг компаниялари кириб келиши ва лойиҳаларни олиши кучайган. Маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш ўрнига хитойликлар келиб ишлаши фойдали эмас аҳоли учун.

Камолиддин Раббимов:

— Менимча, вазият анча мураккаб. Хитойнинг мақсади қўрқитиш эмас, балки самарали назорат тизимини яратиш. Дунёдаги ва айнан минтақадаги жамоатчилик фикрини кузатиб боради. Хитой қарзларни босим сифатида доим ишлатган. Халқаро майдонда эътибор берилса, қайси давлат Хитой билан савдо-иқтисодий алоқалари юқори бўлса, у давлат Хитой шартларига рози бўлган бўлади. Хитойдаги агрессив жараёнларга кўз юмаётганлар асосан мусулмон ва авторитар давлатлар. Яъни Хитой кредит орқали ҳокимиятлар ишончига киради. Авторитар давлатлар коррупция сабаб бу пулларни самарали ишлатмайди, лекин бу қарзлар давлат ҳисобига ёзилаверади. Хитой Марказий Осиё минтақасида ҳам кредит орқали геосиёсий мойилликни шакллантиришга эришган.

— Илгари Хитой билан мудофаа ва хавфсизлик масалаларида деярли гап бормасди. Бу сафар илк марта Хитой раҳбари Марказий Осиёнинг мудофаасини кучайтириш ва тинчликни таъминлашга тайёрмиз, деган баёнот берди. Бу хавфсизлик, мудофаа соҳасидаги илк катта баёнот ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам Марказий Осиё ва Хитой хавфсизлик хизматлари ҳамкорлиги ҳақида таклиф билдирилди. Бу борада Марказий Осиё давлатлари нимадан эҳтиёт бўлиши керак? Нималардан фойдаланса бўлади?

Фарҳод Толипов:

— Бу жуда катта баёнот бўлди. Шу пайтгача Марказий Осиё хавфсизлигига Россия масъул, Хитой эса иқтисодий томондан катта ҳамкор, деган юзаки тушунчалар шаклланган эди. Энди Хитой ўз хизматларини таклиф этяпти. Бу масалада эҳтиёткор бўлиш керак деб ўйлайман. Россия омилига ҳам шубҳа билан қараганман, Марказий Осиё «соябон»га муҳтож эмас. Хитой томонидан таклиф этилаётган «соябон» қанчалик керак?

Стратегик томондан қаралса, «соябон» остига кираётган давлатлар қанчалик муҳтож бунга, керакми ёки йўқ, таҳдидлар борми, деган саволлар қўйилади. Олдин ҳам айтганимдек, Марказий Осиё давлатларининг ўзлари минтақавий хавфсизлик тизимини ярата олади. Хитойнинг геосиёсий манфаатлари бор эканини инкор этолмаймиз. Ҳар қандай ёрдам ортидан ўзининг мақсадларини амалга ошириши мумкин.

Камолиддин Раббимов:

— Сиан саммитини – Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги интеграцияга тайёрлов босқичи деган бўлардим. Хитой раҳбари нафақат иқтисодий, балки сиёсий даражадаги платформа яратиш кераклигини таъкидлади. Интеграция даъватига ўхшаб кўринди. «Геосиёсий нуқтаи назардан менинг жамоамда бўлсангиз, исталганча иқтисодий ёрдам бераман», дегандек бўляпти Хитой.

— Марказий Осиё давлатлари ҳарбий ҳамкорликка йўқ дея оладими?

Фарҳод Толипов:

— Марказий Осиё давлатлари олдида мустақил ва дадил сиёсат олиб бориш масаласи турибди. Халқаро майдонда жуда чигал вазият. 30 йилдан бери Марказий Осиё давлатлари заиф давлатлар комплексидан қутулолмаяпти. Яъни катта давлатлардан чўчиш, қарши туролмаслик. Ҳали синовдан ўтказмай туриб шундай ўйлашади. Йўқ деёлмаслик тамойилга айланиб қолган. Мана шу иллатдан қутулиш керак биринчи навбатда. Бир анжуманда қозоғистонлик таҳлилчи айтдики: катта давлатлар билан муносабатда уларда ҳам оғриқли нуқталар бор, биз ҳам уларга таъсир ўтказишимиз мумкинлигини ўйлаб кўриш керак, аслида. Мен ҳам доим шу фикрда бўлганман. Бизнинг ҳудудлардан ўтадиган темирйўллар, автомобиль йўллари, қувурлар бор. Дейлик, биз ҳам талаблар қўйишимиз мумкин бундай пайтда. Манфаатларни тўғри ҳисоб-китоб қилиш ва керак пайтда «ҳа» ёки «йўқ» дея олиш лозим. Миллий манфаатларни тадқиқ қилиш керак олдин.

Камолиддин Раббимов:

— Келажакда Хитой ва АҚШ ўртасида бўладиган тўқнашувларга тайёргарлик бўляпти деб ўйлайман. Қандай шаклда тўқнашув бўлиши номаълум, лекин рақобат аллақачон бошланган. Келажакда Хитой учун денгиз-океан йўллари ёпилса, транспорт логистика йўллари керак бўлади. Россия-Украина уруши Хитойнинг минтақага яқинлашувига сабаб бўлди. Хитойга муқобил йўл керак Европага чиқиш учун. Марказий Осиёга эҳтиёж бор Хитойда. Эртами-кечми глобаллашган дунёда фуқаролик жамияти ўрнатилади, шу сабабли Хитой ҳозирдан минтақа сиёсий тафаккурига «биз душман эмасмиз, дўстмиз», деган хабарни бермоқчи.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Осон қарзлар ва жиддий рисклар. Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлигидан ким ютади?