
2025 йил 1 ноябр куни Андижон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида ижтимоий ходимга нисбатан зўравонлик содир этилди. Жабрланувчи М.Д., 1988 йилда туғилган, олий маълумотли, тўрт нафар фарзанднинг онаси, 2024 йил июн ойидан бошлаб «Инсон» комплекс ижтимоий хизматлар марказида ижтимоий ходим сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Можарога сабаб бўлган ҳолат маҳалла фуқароларига бир марталик электр энергияси учун ажратилган 1 миллион сўмлик компенсациянинг банк картасига тушиши ва автоматик равишда банк томонидан қарздорликни қоплаш учун ечиб олинишидир. Ҳодисада иштирок этган шахслар - 1985 йилда туғилган Й.Г. ва 1991 йилда туғилган Й.Д. исмли фуқаролар бўлган.
Жанжал давомида улардан бири қўлида бўлган сопол чойнак билан ижтимоий ходимнинг юз ва қўлига жароҳат етказган. М.Д. томонидан тезкор хизматларга (102) мурожаат қилинган ва ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. Жабрланувчининг жароҳат даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Шуни таъкидлаш жоизки, агар банк картасида қарздорлик мавжуд бўлса, ижтимоий ёрдам маблағлари автоматик равишда ечиб олиниши мумкин. Бундай ҳолатларда фуқаролар масалани ҳуқуқий тартибда ҳал қилиш учун банк ёки тегишли идораларга мурожаат қилишлари зарур.
Андижонда ижтимоий ходимга тажовуз қилинди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар