
Америка доллари қийматининг пасайиши Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли даражада тежамкорлик олиб келди. Бу ҳақда 24-октябр куни Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметов маълум қилди. 
Унинг сўзларига кўра, давлат ташқи қарзларини хизмат кўрсатишда 1,3 трлн сўм, корпоратив сектор мажбуриятларида эса 3,6 трлн сўм тежашга эришилган. Умуман олганда, миллий валюта кучайиши натижасида иқтисодиётга 4,9 трлн сўм фойда келтирилган. 
Тимур Ишметов ўз чиқишида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланишининг ижобий таъсирларини батафсил тушунтирди. Жумладан, банк тизимида муомаладаги сўм ҳажми ўтган йилга нисбатан 34 фоизга ўсиб, 271 трлн сўмга етган. 
Шунингдек, инфляцион кутилмалар пасайиши кузатилмоқда. Жорий йил бошида 14-15 фоиз бўлган инфляцион кутилмалар ҳозирги кунга келиб 12 фоизга тушган. 
Валюта курсидан ўзгаришларга боғлиқлик эса икки баробар камайган. Молиявий тизимнинг долларизация даражаси ҳам пасаймоқда. 
Кредит портфелларда долларизация даражаси 41 фоиздан 37 фоизга, депозитларда эса 26 фоиздан 23 фоизга тушган. Импорт товарлари нархлари ўсиш суръати ҳам секинлашиб, 6,1 фоизни ташкил этган. 
Ташқи савдо тузилмасини таҳлил қилганда, экспортнинг тахминан 15 фоизи ($3 миллиард) ва импортнинг 40 фоизи ($14 миллиард) валюта курси динамикасига боғлиқ. Экспорт кўрсаткичларига валюта курсидан ташқари халқаро бозорлар нархлари, ишлаб чиқариш самарадорлиги, тариф ва нотариф тўсиқлар ҳамда рақобат муҳити каби омиллар таъсир кўрсатмоқда. 
Марказий банк раҳбари валюта курси бўйича аниқ мақсад ёки кўрсаткичлар белгиламаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, курс бозор тамойиллари асосида шаклланади ва фундаментал иқтисодий омиллар таъсирида ўзгаради. 
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида сўм АҚШ долларига нисбатан 6,6 фоизга мустаҳкамланди, бу эса 852 сўмлик кучайишни англатади. Мустаҳкамланишнинг катта қисми сентябр ойига тўғри келган. 
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, сўмнинг сентябрдаги кучайиши ривожланаётган мамлакатлар орасида энг сезиларли натижалардан бири бўлди. Экспертлар бу ҳолатни долларнинг глобал заифлашуви, олтин экспортининг ошиши ва барқарор пул ўтказмаларининг кўпайиши билан боғлашмоқда. 
Бундан олдин, халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон Марказий банкига валюта курси мустаҳкамлигини ошириш ва унинг кенгроқ диапазонда ўзгаришига рухсат беришни тавсия қилган эди. Мутахассисларнинг фикрича, бу қадам мамлакат иқтисодиётининг ташқи зарбалара самарали қаршилик кўрсатишини ва пул-кредит сиёсати самарадорлигини оширади. 
Ҳукумат ушбу тавсияларни ижобий қаршилаган. Шу билан бирга, Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров миллий валюта курсини "бозор тамойилларига мос эмас" деб баҳолади. 
Унинг сўзларига кўра, олтин экспорти мамлакат экспортининг 38 фоизини ташкил этади ва бу миллий валюта курсини олтин савдосидан тушган даромад ҳисобига қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади. Мутахассис Ўзбекистон маҳсулотларининг ташқи бозорлар рақобатбардошлиги пасайиши эҳтимолидан хавотир билдирди. 
Миллий валюта мустаҳкамланиши иқтисодиётга 5 трлн сўм олиб келди
Ctrl
 Enter
 Хато топдингизми? 
 Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 