
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия савдо вазирининг ўринбосари Мустафа Тузжу билан музокаралар ўтказди. Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини $5 миллиардга етказиш ниятини тасдиқлашди. Бу ҳақда «Дуне» ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ҳозирда $2,4 миллиардга етиб келган. Музокаралар чоғида савдо ҳажмини ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Икки давлат экспорт ва импорт тузилмаси ўхшаш бўлиб, халқаро бозорда юқори рақобатбардошлик кўрсатади.
Мустафа Тузжу икки давлат ўртасида имзоланган имтиёзли савдо битимидан фаолроқ фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг айтишича, мазкур механизм самарали амалга оширилса, савдо ҳажмини мақсадли кўрсаткичларга олиб чиқиш мумкин.
Шунингдек, томонлар ўзбек экспортчилари дуч келаётган тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, электр техника, текстил ва кабеллар соҳасидаги маҳсулотларга қўшимча импорт божларини камайтириш, баъзи мева-сабзавот маҳсулотларини импорт қилишдаги чекловларни олиб ташлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.