date

Электрон рецептлар савдоларга қандай таъсир кўрсатди?

Электрон рецептлар савдоларга қандай таъсир кўрсатди?

Ўзбекистонда электрон рецептлар тизими жорий этилиши дорихоналарда рецепт бўйича дори воситалари савдосига салбий таъсир кўрсатмади. Мамлакат миқёсида ўтказилган пилот лойиҳа натижалари шуни кўрсатдики, бозорда кутилган “тўхташ” ёки кескин пасайиш кузатилмаган. Бу ҳақда таҳлилчи Эркин Каримов маълум қилди.

2025 йил 10 декабрдан бошлаб электрон рецептлар Тошкент шаҳри ҳамда яна 15 та ҳудудда босқичма-босқич ишга туширилди. Янги тартибга кўра, шифокорлар дори воситаларини халқаро номенклатура асосида ёзиб бераяпти, дорихоналар эса фақат QR-кодли электрон рецепт орқали дори сотмоқда. Бу жараён дорилар айланмасини шаффофлаштириш, ўзбошимчалик билан сотувни чеклаш ва бемор хавфсизлигини оширишни мақсад қилади.

Таҳлиллар Datfo Analytics компанияси томонидан 300 дан ортиқ дорихона кўрсаткичлари асосида амалга оширилди. Мутахассислар электрон рецептлар жорий этилишидан олдинги ва кейинги даврни солиштириб, реал бозор реакциясини баҳолади. Кўпчилик тахмин қилганидек, рецепт талабининг қатъийлашиши савдони кескин тушириб юбормаган.

Айрим дорилар бўйича талаб ҳатто ошгани қайд этилди. Масалан, “Фаниган” анальгетигининг кунлик сотилиши ўртача 45,8 таблеткадан 54 таблеткагача кўтарилди. “Азимак 500 мг” антибиотиги эса кунига 2,3 қутидан 2,6 қутигача сотила бошлади. Бу ҳолат беморлар ва шифокорлар янги тизимга тез мослаша олганини кўрсатади.

Айни пайтда “Левомак 500 мг” дорисига бўлган талаб деярли ўзгаришсиз қолди. Ҳаётий муҳим препаратлар сегментида ҳам жиддий тебраниш кузатилмади: масалан, “Инсулатард” инсулини савдоси тахминан 5 фоизга камайган, аммо умумий талаб барқарор сақланиб қолган.

Экспертларнинг хулосасига кўра, дорихоналарда электрон рецептлар туфайли кутилган салбий сценарий амалга ошмади. “Бозор ишлашда давом этяпти, беморлар эса керакли дориларни олишда жиддий тўсиқларга дуч келмади”, — дея таъкидланади таҳлилда.

Аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецептлар тизимининг мақсад ва механизмлари бўйича жамоатчиликка тушунтириш берган эди. Амалдаги натижалар эса бу ислоҳот дорихона бозори учун оғриқсиз кечаётганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Электрон рецептлар савдоларга қандай таъсир кўрсатди?