
Швеция ҳукумати уй-жой бозорини жонлантириш ва аҳолининг уй сотиб олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги ислоҳотни таклиф қилди. Ушбу ўзгаришлар, айниқса, ёшлар ва болали оилалар учун қулайлик яратиши кутилмоқда. Бу ҳақда Азертадж нашри хабар берди.
Янги қоидалар 2026 йил 1 апрелдан кучга киради. Ислоҳот доирасида ипотека кредитлари бўйича асосий талаблар енгиллаштирилади. Жумладан, кредит лимити оширилади ва айрим қарз олувчилар учун кредитни тезда қайтариш мажбурияти бекор қилинади.
Янги тартибга кўра, энди уй сотиб олувчилар мулк қийматининг 90 фоизигача бўлган қисмини ипотека кредити орқали олишлари мумкин бўлади. Аввал бу кўрсаткич 85 фоиз эди. Натижада, дастлабки бадал 10 фоизгача камаяди. Шунингдек, қарзи йиллик даромадининг 4,5 бараваридан ошадиган фуқаролар учун мажбурий тезкор амортизация талаби бекор қилинади. Бироқ асосий амортизация қоидалари сақланиб қолади.
Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, ушбу ўзгаришлар уй хўжаликларининг ойлик молиявий юкини сезиларли даражада камайтиради. Масалан, болали оилалар ойига бир неча юз доллар маблағни тежаш имконига эга бўлади. Ёшлар учун эса дастлабки депозитни йиғиш муддати 2–4 йилга қисқариши кутилмоқда.
Шу билан бирга, мутахассислар ислоҳот уй-жой нархларининг ошишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Прогнозларга кўра, 2026–2027 йилларда уй-жой нархлари йилига 5–6 фоизга ошиши эҳтимоли бор. Бу эса аҳоли орасида қарз юкининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу сабабли ҳукумат қўшимча мувозанат чораларини кўришни режалаштирмоқда. Жумладан, кредитларни амортизация қилишни рағбатлантириш, қўшимча қарз олишга чекловлар жорий этиш, банкларнинг капитал талабларини кучайтириш ҳамда Швеция Марказий банки — Риксбанкнинг молиявий барқарорликни таъминлашдаги ролини ошириш кўзда тутилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.