
Жаҳон молия бозорларида қимматбаҳо металлар кетма-кет ҳафталар давомида барқарор ўсишни намойиш этмоқда. Айниқса, кумуш нархининг кескин кўтарилиши инвесторлар диққатини яна бир бор айнан шу металлга қаратди. “Market Screener” хабарига кўра, кумуш сўнгги кунларда рекорд натижаларни қайд этмоқда.
Маълум қилинишича, ҳафта якунига келиб кумушнинг бир унцияси 67,45 долларга етиб, тарихий энг юқори кўрсаткични янгилади. Spot бозорида кумуш 2,6 фоизга қимматлаб, 67,14 доллар даражасида баҳоланди. Шу тариқа ҳафталик ўсиш 8,4 фоизга етди. Мутахассислар бундай суръатли кўтарилишни инвестиция талабининг кучайиши ва бозорда таклиф чеклангани билан боғламоқда.
Шу билан бирга, олтин ҳам ўз позициясини мустаҳкам сақлаб қолди. Spot олтин нархи 0,4 фоизга ошиб, унцияси учун 4 347,07 долларни ташкил этди. Ҳафталик ҳисобда эса олтин 1,1 фоиз даромад кўрсатди. АҚШ олтин фьючерслари ҳам 0,5 фоизга ўсиб, 4 387,3 доллар атрофида савдоланди.
“US Global Investors” компаниясининг бош трейдери Майкл Матоусекнинг таъкидлашича, одатда олтин ва кумуш бир-бирига боғлиқ ҳаракатланади. Бироқ сўнгги икки ой ичида бозорда асосий етакчиликни айнан кумуш қўлга олди. Шу сабабли, қисқа муддатли истиқболда инвесторлар яна олтинга ҳам қизиқишни ошириши мумкин.
Йил бошидан буён кумуш нархи 132 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич олтиннинг 65 фоизлик ўсишидан деярли икки баробар юқори. “Blue Line Futures” компанияси бош бозор стратеги Филипп Стреибл бу ҳолатни ETF оқимларининг фаоллашуви ва чакана инвесторлар томонидан амалга оширилаётган спекулятив ҳаракатлар билан изоҳламоқда.
Макроиқтисодий омиллар ҳам қимматбаҳо металлар учун қулай шароит яратмоқда. АҚШда ноябрь ойида истеъмол нархлари индекси йиллик ҳисобда 2,7 фоизга ошди, бу эса кутилган 3,1 фоизлик прогноздан паст чиқди. Шу билан бирга, ишсизлик даражаси 4,6 фоизга кўтарилиб, 2021 йил сентябридан бери энг юқори нуқтага етди.
Мутахассислар фикрича, инфляция босимининг пасайиши ва меҳнат бозоридаги заифлашув Федерал резерв тизимини пул-кредит сиёсатини юмшатишга ундаши мумкин. LSEG маълумотларига кўра, трейдерлар келаси йилда камида икки марта 25 базавий пункт миқдорида фоиз ставкалари пасайтирилишини кутиб турибди.
Бошқа қимматбаҳо металлар ҳам ижобий динамикани сақлаб қолди. Платина 18 декабрь куни 17 йиллик энг юқори даражага яқинлашиб, 19 декабрь куни 3,1 фоизга ўсди ва 1 975,51 долларга етди. Палладий эса қарийб уч йиллик энг юқори кўрсаткичга яқинлашиб, 0,8 фоизга қимматлаб, 1 709,75 доллар даражасида савдоланди.
Умуман олганда, глобал иқтисодий ноаниқлик, Марказий банклар сиёсати бўйича кутилаётган қарорлар ва юқори инвестиция талаби қимматбаҳо металларни 2025 йил якунига қадар молия бозорларида энг жозибали активлардан бирига айлантирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.