
«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоне «Жирона»га қарши сафар ўйинида қўлга киритилган ишончли 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг жамоанинг ҳолати ва мақсадлари ҳақида атрофлича фикр билдирди.
Аргентиналик мутахассис таъкидлашича, жамоа сафарда ҳам олдинга интилмоқда ва бу ўз самарасини беряпти. Ҳимояда барқарорлик, ҳужумда эса самарадорлик сезиларли даражада ошган.
«Биз ҳар бир учрашувда ижобий натижага эришишни мақсад қиламиз. Ҳозир жамоа олдинга қараб ҳаракат қиляпти, бу эса ўйинимизда ҳам яққол кўринмоқда», — деди Симеоне.
У, шунингдек, ҳужумчи Сёрлотнинг жамоа учун аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Мураббийнинг сўзларига кўра, норвегиялик футболчи сўнгги ўйинларда ўзини анча эркин ҳис қилаяпти ва жамоага янги имкониятлар олиб келмоқда.
«Сёрлот биз учун жуда муҳим фигура. У фақат гол уриш билан чекланиб қолмайди, кўп югуради, ҳимояни ёриб ўтади. У Гризманн ёки Распадоридан фарқ қиладиган, бизга бошқача жиҳат қўшаётган футболчи», — дея қўшимча қилди Симеоне.
Мутахассис ўтган мавсумга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, Чемпионлар Лигасида жамоа юқори даражада ўйин кўрсатган бўлса-да, Ла Лигада барқарорлик етишмаган.
«Ҳар сафар «Реал» ва «Барселона»ни кўрганимда, бизга янада кўпроқ ғайрат кераклигини ҳис қиламан. Айрим вазиятларда 100 фоиз етарли эмас. Биз рақобатчилар билан тенг курашиш учун 110 фоиз куч сарфлашимиз шарт», — деди «матрасчилар» устози.
Маълумот учун, ушбу ғалабадан кейин «Атлетико» очколари сонини 37 тага етказиб, Ла Лига турнир жадвалида 3-ўринда бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.