
Ўзбекистонда 5 граммли олтин қуймаси нархи рекорд даражада 8,8 миллион сўмга етди. Бу ҳақда 23-декабр ҳолатига кўра Марказий банк маълумотлари хабар бермоқда.
10 граммли олтин қуймасининг нархи 17,7 миллион сўмни, 20 граммли қуйманики эса 35,4 миллион сўмни ташкил этмоқда. 50 граммли олтин қуймасининг нархи 88,6 миллион сўмдан ошган бўлса, 100 граммли қуйманики 177,3 миллион сўмга тенг.
Олтин нархининг бундай ўсиши қимматбаҳо металлар қийматининг ошиши билан боғлиқ. 22-декабр куни олтиннинг бир унсияси 4,4 минг АҚШ долларидан ошган.
Ушбу ўсиш геосиёсий ва савдо тарангликлари билан изоҳланмоқда. Бундан ташқари, АҚШ доллари қадрсизланиши ҳам олтиннинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини оширди.
23-декабр куни эрталаб олтиннинг бир унсияси 4 485 долларни ташкил этди. Йил бошидан буён олтин нархи 70,1 фоизга ошган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.