
Калифорния штатидаги Сан-Габриэль тоғларида содир бўлган оғир йўл-транспорт ҳодисаси бутун дунё геймерлари ва IT-жамоатчилигини ларзага солди. Машҳур видеоўйин ишлаб чиқувчиси, индустрияда катта из қолдирган Винс Зампелла 55 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
NBC4 телеканали тарқатган маълумотларга кўра, Зампеллага тегишли Ferrari автомобили туннелдан чиқиш қисмида бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа урилиб кетган. Кучли зарба оқибатида автомашина ёнғинга олинган. Фожеа жойида Винс Зампелла ҳалок бўлган, автомобиль салонида бўлган йўловчи эса оғир жароҳатлар билан касалхонага олиб борилган, аммо унинг ҳам ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Винс Зампелла видеоўйинлар тарихида алоҳида ўрин тутади. У Infinity Ward студиясининг асосчиларидан бири бўлиб, айнан шу жамоа орқали афсонавий Call of Duty серияси яратилган. Бу лойиҳа йиллар давомида миллионлаб мухлисларни ўзига жалб қилиб, жанр ривожига катта туртки берди.
Кейинчалик Зампелла ўз йўлини давом эттириб, Respawn Entertainment компаниясига асос солди. У ерда ҳам у Titanfall ва Apex Legends каби машҳур ўйинлар орқали яна бир бор ўз истеъдодини намоён этди. Сўнгги йилларда эса Зампелла Electronic Arts таркибида фаолият юритиб, Battlefield сериясини ривожлантириш жараёнларига раҳбарлик қилган.
Electronic Arts компанияси Зампелланинг вафотини расман тасдиқлаб, уни видеоўйинлар дунёсини тубдан ўзгартирган, илҳом бағишловчи визионер сифатида таърифлади. Компания баёнотида: “Бу ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотиш. Бизнинг қалбларимиз Винснинг оиласи, яқинлари ва унинг ишларидан илҳом олган барча инсонлар билан бирга”, — дейилади.
Айни пайтда полиция фожеа сабабларини ўрганмоқда. Терговчилар автомобилнинг тоғ йўлида нега бошқарувдан чиққанини, техник носозлик ёки бошқа омиллар бўлган-бўлмаганини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
Шубҳасиз, Винс Зампелланинг номи видеоўйинлар тарихида абадий қолади. У яратган лойиҳалар эса яна кўп йиллар давомида миллионлаб инсонларга завқ улашишда давом этади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.