
Россия томонидан амалга оширилган кенг кўламли ҳаво ҳужумлари Украинада энергетика тизимига жиддий зарар етказди. Президент Володимир Зеленский ҳужумлар давомида 600 дан ортиқ дрон ва 30 дан зиёд ракета қўлланилганини маълум қилди. Зарбаларнинг асосий қисми электр станциялари ва муҳим инфратузилма объектларига қаратилган.
Энергетика оператори “Укрэнерго” бир қатор вилоятларда мажбурий электр узилишлари жорий этилганини билдирди. Электр таъминотидаги узилишлар миллионлаб аҳолининг кундалик ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Таъмирлаш ишлари хавфсизлик шароитлари яхшилангач бошланиши айтилмоқда.
Ҳужумлар совуқ об-ҳаво шароитида содир бўлаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати нол даражадан пастга тушиши кутилмоқда, бу эса иситиш ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжни оширмоқда.
Украина ҳукумати аҳолини электр энергиясидан тежаб фойдаланишга чақирди. Расмийлар энергетика тизимини тиклаш устувор вазифа эканини, бунинг учун барча мавжуд ресурслар сафарбар этилаётганини маълум қилди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.