
Тожикистон ҳукумати Москва вилоятидаги мактабда фожеали тарзда ҳалок бўлган 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг онаси — Нилуфар Сафоевага уй ажратди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар берди.
Қобилжоннинг қариндошлари маълум қилишича, турар жой мамлакат ҳукумати номидан тақдим этилган, бироқ уни айнан қайси давлат идораси расман топширгани аниқ айтилмаган. Шу билан бирга, кеча эрталаб бир нечта юқори лавозимли амалдорлар оила ҳузурига ташриф буюриб, ҳамдардлик билдиргани қайд этилмоқда.
Марҳум боланинг яқинлари жамоатчиликка мурожаат қилиб, ҳозирда қўшимча молиявий ёрдамга эҳтиёж йўқлигини таъкидлади. Уларнинг айтишича, Қобилжон Алиевнинг онаси номига очилган банк ҳисоб рақами ёпилган, шу боис фуқаролардан ҳеч қандай ҳисоб рақамларига пул ўтказмаслик сўралган.
Эслатиб ўтамиз, Қобилжон Алиев 16 декабрь куни Москва вилоятида миллатчилик ғоялари асосида содир этилган жиноят қурбони бўлган. Унинг жасади 18 декабрь куни Тожикистонга олиб келиниб, шу куннинг ўзида Шаҳринав туманидаги Ажамий қишлоғида дафн этилган.
Нашр таъкидлашича, бу Россияда тожик болаларига нисбатан ирқий адоват асосида содир этилган ягона ҳолат эмас. Экспертлар бундай фожиаларни мигрантларга нисбатан адоват муҳити, миллатчилик ва ксенофобияга қарши қатъий чоралар етарли эмаслиги билан боғламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.