
АҚШ президенти Доналд Трамп Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевга Оқ уйнинг рамзий калитини ҳамда ўз қўли билан имзо чеккан бейсбол кепкасини совға қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот котиби Руслан Желдибай ўз Telegram каналида маълум қилди.
Маълум қилинишича, совғалар АҚШга аккредитация қилинган Қозоғистон элчисининг ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг Трамп томонидан Тўқаевга йўлланган. АҚШ президенти Қозоғистон раҳбарига илиқ тилаклар билдириб, уни халқаро жараёнларни чуқур англайдиган, вазмин ва тажрибали давлат арбоби сифатида таърифлаган.
Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жўмарт Тўқаев ноябрь ойи бошида Вашингтонга амалий ташриф билан борган эди. Ташриф доирасида у Доналд Трамп билан музокаралар ўтказган, шунингдек, «C5+1» форматидаги саммитда иштирок этган. Ушбу формат Марказий Осиё давлатлари — Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳамда АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Сиёсий кузатувчиларнинг фикрича, бундай рамзий совғалар икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқ ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланаётганидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.