Ижтимоий тармоқда иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича билдирган қисқача муносабати кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўз муносабатида иқтисодчи мамлакат бюджетида илк бор энг катта тақчиллик юзага келгани ва таҳлилчилар дефицитни ЯИМнинг 4 фоизидан кам эмаслигини таъкидлашаётгани ҳақида ёзган.
«2018 йил якунларига кўра, ташқи савдо балансидаги тақчиллик 2 миллиард АҚШ долларига тенг, жорий йилнинг биринчи чорагида рақам яна катталашди. Олтин-валюта захираси камайиши оқибат ва факт сифатида кўринади. Йиллик гиперинфляция 20 фоиздан кам эмас, стандарт тижорий лойиҳалар учун юқори кредит манбалари (йиллик 22-23 фоиз) ва сиёсий сабабларга кўра лойиҳалар учун субсидияланган устамалар йўқ (йилига 7-8 фоиз) », — деб ёзади иқтисодчи.
Тадбиркор Зафар Хошимовнинг баён этишича, Абдуқодиров билдирган фикрнинг аксарият бандлари ҳиссиёт устида ёзилган бўлиб, меркантилизм руҳида ифода этилган.
«Бюджет тақчиллиги доимо мавжуд бўлган, ҳаттоки ҳозирги ҳолатидан ҳам юқорироқ кўрсаткичларда бўлганлигига аминман. Бироқ аввал у эълон қилинмаган. Шунинг учун ҳам ушбу ҳолатни рекорд даражада, деб талқин этиш хато саналади. Мазкур бюджет камомадлари муғомбир, вақти чўзилган тарқоқ бюджет трансферлари ёки «кечиктирилган талаб» ва ҳоказо йўллар билан ёпиб келинарди», — деган тадбиркор.
Ҳошимовнинг сўзларига кўра, ташқи савдо балансидаги салбий сальдо ҳам Ўзбекистон иқтисоди учун меъёрий ҳолат ҳисобланади.
«Аслини олганда, расмий импортнинг ўсиб борувчи кўрсаткичлари яхши жараёндир. Биринчидан, мамлакатда валюта сиёсатининг либераллаштирилиши ва божхона тўловларининг камайтирилиши ҳисобига импорт соядан, яъни хуфёна иқтисодиёт доирасидан чиқаётганини кўрсатади.
Иккинчидан, ўсувчи импорт ўз ортидан экспортнинг хам ўсишини эргаштиради ва ушбу пойгада иқтисодиёт экспортга йўналтирилган бир шароитда импорт ўсиши аксарият ҳолларда экспорт ўсиш суръатларидан олдинда юради.
Яна бир бор такрорлайман, бу нормал ҳолат ва мамлакат иқтисодиёти учун ҳатто яхши ҳам. Агар импорт экспортни қувиб ўтмаганида, сўм курсининг кучайтирилишига олиб келар, натижада экспорт ўсишига тўсиқ қўйилган бўлар эди», — дейди у.
Унинг таъкидлашича, ташқи савдо балансининг сальдоси, ўз-ўзидан, муаллиф даъвосига тескари ҳолда, давлатнинг олтин-валюта захираси камайишига сабаб бўлмайди.
«Чунки ташқи савдо балансида пул ўтказмалари (масалан, ўтган йили мигрантлардан келган ўтказмалар 4 млрд доллардан ошган), туризм тушумлари, хорижий сармоя ва ташқи қарзлар ҳисобга олинмайди. Шундай экан, импорт фойдасига 2 млрд сальдо олтин ва валюта захираларига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаган.
Олтин-валюта захиралари нархидаги тебранишлар кўп жиҳатдан ташқи савдо кўрсаткичлари эмас, балки олтин нархи ва чет эл валюталари курсига боғлиқ. Айтайлик, олтин билан тўла сейфга эга бўлиб, қулфлаб, калитини йўқотиш мумкин, аммо ундаги олтинлар қиймати бирор грамм олтин камаймаган ҳолатда ҳам доллардаги нархи барибир тебраниб туради», — деб ёзади у.
Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти иқтисодчиси Жаҳонгир Неъматовнинг таъкидлашича, аввалги йилларда бюджет профицит билан ижро этилгани боис, ўтган йили қайд этилган бюджет тақчиллиги «энг йирик» кўрсаткич экани ёлғон эмас. Шунга қарамай, бюджет тақчиллиги 637,1 млрд сўм, ЯИМ эса 407,5 трлн сўм эканлиги инобатга олинса, дефицит ЯИМнинг 0,2 фоизин ташкил этади, холос.
«Бюджет ҳолати аҳоли ва бизнес учун ҳар хил сигнал тарқатади. Масалан, тақчиллик келажакда инфляция ошиши, солиқ ставкалари кўтарилиши ҳамда давлат қарзи кўпайиши мумкинлигини англатади. Бюджет профицити эса, иқтисодий ўсиш пастроқ бўлиши, ишсизлик баландроқ ёки бир неча йиллардан бери мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал бўлмай тураверишини англатади.
Шу боис, қандайдир паст даражадаги бюджет тақчиллиги «керакли» ҳам ҳисобланади. Қолаверса, бугунги кунда фаол ислоҳотларни амалга ошираётган Ўзбекистонда давлат харажатлари ошиши табиийдир. Шу ўринда, Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибаси бюджет тақчиллиги 3 фоизгача бўлиши нормал амалиёт эканлигини кўрсатади», — дея қўшимча қилади Неъматов.
2018 йилда ташқи савдо баланси сальдоси – 2 млрд доллар, 2019 йил 1 чоракда ундан кўпроқ бўлди. Статистика бундан-да баландроқ рақамларни кўрсатмоқда – 2018 йилда сальдо 5,3 млрд. АҚШ доллари, 2019 йил 1 чоракда эса 2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди, яъни бюджет тақчиллиги билан биргаликда Ўзбекистонда «қўшалоқ дефицит» (twin deficit) кузатилмоқда.
«Ушбу ҳолат импортнинг экспортдан ошиб кетаётганидан далолат бериб, бир қарашда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт билан етарлича рақобат қила олмаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, импортнинг 43 фоизи машина ва ускуналардан иборат бўлиб, улар ўтган йилга нисбатан 65 фоизга ошди. Бу – яхши сигнал бўлиши керак, чунки машина ва ускуналар, иқтисодий капитални ташкил этиб, ички ишлаб чиқариш самарасини ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Бошқа тарафдан, бу молия бозорининг ривожланиши билан боғлиқ муаммоларни ҳам кўрсатади. Ялпи жамғармалар камлиги ёки истиқболи сармояларни йўналтириш имкониятлари чеклангани шароитида ташқи савдо балансининг сальдоси салбий бўлиши ажабланарли эмас.
Ўзбекистондаги инфляция гиперинфляция даражасидан анча паст бўлса-да, етарли даражада юқори: Халқаро валюта фонди 2018 йилда Ўзбекистонда инфляцияни 16,9 фоиз даражада баҳолаган бўлса, статистика қўмитаси 14,3 фоиз сифатида кўрсатади.
Хўш, нима учун Ўзбекистонда инфляция юқори? Сабаблари кўп, учтасини келтираман. Биринчиси, озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, нон ва ун бозори либерализацияси нархларни юқорига тўғрилади. Иккинчиси, ўтган йили оширилган электр энергияси тарифлари ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархига таъсир этди. Яна бир сабаб, ўтган йили банклар ажратган кредитларнинг бирданига 50 фоизга ўсиши.
Кўриниб турганидек, бу мажбурий чоралар сафига киради. 1990-йилларда бозор ислоҳотларини амалга оширган Шарқий Европа мамлакатларида ҳам юқори инфляция кузатилган. Албатта, электр энергияси йўқ бўлганидан қимматроқ бўлгани, солиқ тўловчи пулларини нонга самарасиз сарфлагандан, рақобатга асосланган бозор механизмларини ишлатиш афзалроқ ва арзонроқ.
Куни кеча давлат улуши бор корхоналарни хусусийлаштириш ҳақида ҳукумат қарори қабул қилинди – бу ҳам бозор муносабатларига мос чора бўлиб, юқоридаги учинчи сабабни тўғрилашга хизмат қилади», — дея фикрини билдирган Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти иқтисодчиси.
Шунга қарамай, тадбиркор Зафар Ҳошимов иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг банк-кредит ресурсларга бўлган муносабати тўғрисидаги фикрига қўшилган. Бундан ташқари, у «тижорат банкларининг қайтарилмайдиган кредитларининг катта миқдори, табиий равишда банк мижозларининг елкасига тушиши» тўғрисидаги муносабатга қўшилган. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди