
Ўзбекистонда ижара муносабатларини бутунлай янги босқичга олиб чиқадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат мамлакатдаги ижара амалиётини замонавий, очиқ ва рақобатга асосланган тизимга айлантиришни мақсад қилади. Янги қонун 2027 йил 1 январдан кучга кириши кутилмоқда ва у ҳозирги амалдаги қоидаларни тубдан янгилайди.
Лойиҳада ижара тушунчаси, ижара муносабатларида иштирок этувчи томонлар ва ижара объектлари аниқ ва тушунарли тарзда белгилаб берилган. Мулкни ижарага беришда қонунийлик ва очиқлик, тенг рақобат муҳити, ишончли муносабат, экологик хавфсизлик каби устувор тамойиллар алоҳида таъкидланган.
Энг муҳим янгиликлардан бири – давлат ва хусусий мулкни ижарага беришда электрон платформалар орқали шаффофликни таъминлашдир. Давлат мулкини ижарага бериш жараёни эндиликда ваколатли органлар, электрон онлайн-аукционлар ва E-ijara ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу амалиёт коррупция хавфини камайтиради, рақобатни оширади ҳамда мол-мулк тақсимотининг адолатли кечишини таъминлайди.
Қонун лойиҳасида бир қатор давлат идораларининг вазифалари аниқ кўрсатилган: Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги махсус марказ, Солиқ қўмитаси ва Кадастр агентлиги ижара муносабатлари бўйича ўз ваколатлари доирасида иш олиб боради.
Шунингдек, мулк ижараси шартномаларини тузиш, уларнинг амал қилиш муддати, ижара ҳақи, томонларнинг мажбуриятлари, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тартиби батафсил баён этилган. Айрим ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурийлиги белгиланиб, ижара ҳақини асоссиз равишда ошириш тақиқланган.
Янги қонун лойиҳаси ижаранинг турли соҳалардаги қоидаларини ҳам аниқ белгилайди:
— ер участкаларини ижарага бериш;
— давлат мулкини ижарага топшириш;
— маданий мерос объектларидан фойдаланиш;
— сув ресурслари ва ҳавзаларини ижара асосида бериш;
— давлат иштирокидаги корхоналар мулкидан фойдаланиш тартиби;
— нодавлат ташкилотлари мулки ва кўп қаватли уйлардаг умумий мулк ижараси.
Шу билан бирга, 1991 йилда қабул қилинган «Ижара тўғрисида»ги қонун ва унга боғлиқ қатор ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб топилиши белгиланмоқда. Янги қонунни амалда жорий этиш ва унинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш вазифаси Адлия вазирлиги ва манфаатдор идораларга юклатилиши мумкин.
Ўзбекистонда ижара тизими янги қонуний асосда шаклланиши ортидан бозордаги тартиб, шаффофлик ва ишонч янада мустаҳкамланиши кутилмоқда. Bu esa ҳам фуқаролар, ҳам бизнес учун кўпроқ имконият яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.