date

Суперкомпьютер Жаҳон чемпионати фаворитларини аниқлади

Суперкомпьютер Жаҳон чемпионати фаворитларини аниқлади

Жаҳон чемпионати старт олиш арафасида турибди ва турнир атрофидаги қизиқиш кундан-кунга ортаётган бир пайтда, “Оptа” платформасининг кучли суперкомпютери мураббийлар ва мухлислар эътиборини тортувчи янги тахминни эълон қилди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон биринчилигида қайси терма жамоалар чемпионликка энг яқин экани статистик таҳлиллар орқали аниқланган.

Тадқиқот натижасида Испания терма жамоаси мундиалга асосий даъвогар сифатида қайд этилди. Луис Де ла Фуэнте бошчилигидаги жамоанинг финалда ғолиб чиқиш имконияти 17 фоиз атрофида баҳоланган. Испан футболининг охирги йиллардаги барқарор ўсиши ва ёшлар билан тажрибали футболчилар ўртасидаги мувозанат бундай натижани тасдиқлаб турибди.

Чемпионлик пойгасидаги навбатдаги даъвогар — Франция. Дидье Дешам қўл остидаги терма жамоа 14,1 фоизлик эҳтимол билан иккинчи ўринга жойлашди. Европа грандининг чуқур таркиби, тезкор ўйин ва ҳужумдаги универсаллик уларни фаворитлар қаторида сақлаб турибди.

Учинчи ўринни Англия терма жамоаси эгаллади — 11,8 фоизлик кўрсаткич билан. Томас Тухель жамоаси юқори даражадаги футболчилар, мустаҳкам ҳимоя ва ўйин интизоми билан бу натижани қўлга киритгани таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, суперкомпьютер турнирда ғалаба қозониши деярли имконсиз бўлган терма жамоаларни ҳам кўрсатиб ўтди. Иордания, Кюрасао ва Гаити суперкомпьютер баҳоларига кўра чемпионлик учун реал имкониятга эга эмас. Бу жамоалар асосий мақсад сифатида гуруҳ босқичида муносиб ўйин кўрсатишни кўзлайди.

Маълумот учун, 5 декабрь куни Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтган, унда 48 та жамоа таркиб топган гуруҳлар тақдим этилган эди. Гуруҳ босқичларида эса жамоаларнинг реал имкониятлари бирма-бир майдонда синаб кўрилади.

Мундиал олдидан қилинган бундай прогнозлар мухлислар хаёлини янада қўзғайди — қайси жамоа суперкомпьютерни “алдай” олади, қайси бири эса прогнозларни ҳақиқатга айлантира олади — бу саволларга жавоб мусобақада аниқ бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Суперкомпьютер Жаҳон чемпионати фаворитларини аниқлади