
Марказий банк эълон қилган янги кўрсаткичларга кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил 1 декабрь ҳолатида 61,23 миллиард долларга етди. Бу мамлакат учун сўнгги ўн йилликдаги — аниқроғи, 2013-йилдан буёнги энг юқори натижа сифатида қайд этилмоқда.
Ноябр ойида захиралар яна 1,9 миллиард долларга кўтарилган, йил бошидан бери эса ўсиш қарийб 20 миллиард долларни ташкил этди. Мутахассислар бу ўсишнинг асосий омили сифатида жаҳон бозоридаги олтин нархининг ўсиши ва мамлакат захираларидаги физик олтин миқдорининг ортишига ишора қилмоқда.
Олтин ҳажми ва қиймати бўйича рекорд
Олтиннинг физик захираси ҳам кетма-кет иккинчи ойда ўсиш қайд этди. Ноябрда миқдор 310 минг троя унсияга (яъни 9,64 тонна) ошиб, умумий хажм 12,23 миллион унсияга (380,4 тонна) етди. Шунга қарамай, йил бошидан буён умумий ҳажм бўйича озгина, тахминан 2,1 тонналар атрофида камайиш кузатилган.
Бироқ энг эътиборли жиҳат — олтин захираларининг қиймати 3 миллиард долларга ошиб, тарихий максимум бўлган 50,86 миллиард долларга чиқди.
Валюта ва қимматли қоғозлар қисмлари
Захираларнинг валюта қисми бироз пасайиб, 1,1 миллиард долларга камайган ҳолда — 9,8 миллиард долларни ташкил этди.
Қимматли қоғозлар ҳажми аввалги ойга нисбатан 503,3 миллион долларга кўпайиб, умумий ҳажм 1,53 миллиард долларга етди.
Олтин экспортида ҳам рекорд натижа
Аввалроқ, 2025 йил 1 ноябрда Ўзбекистон захиралари қиймати илк бор 59,3 миллиард доллардан ошиб, тарихий босқични белгилаганди. Шунингдек, мамлакат олтин экспорти бўйича ҳам рекордни янгилади: январь—сентябрь ойларида 9,9 миллиард долларлик олтин сотилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 71 фоизга кўп бўлиб, мамлакат тарихида йиллик ҳисобда ҳам бундай кўрсаткич кузатилмаган.
Ўзбекистон захираларининг бу тарзда ошиб бориши иқтисодий барқарорлик, ташқи қарзларга нисбатан мустаҳкамлик ва молиявий хавфсизликка хизмат қилувчи муҳим омил сифатида қайд этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.