Фото: Jeenah Moon/Bloomberg
Келаётган йилда омикрон штамми ва пандемия чекловлари, юқори даражадаги инфляция, Россия ва Украина ўртасида юз бериши мумкин бўлган ихтилоф каби омиллар жаҳон иқтисодиёти ривожланишига жиддий хавф солиши мумкин. Bloomberg 2022 йилда глобал иқтисодиётга таъсир этиши мумкин бўлган ҳолатларни санаб ўтди.
Омикрон ва пандемия чекловлари
Сovid-19нинг омикрон штамми бўйича аниқ ҳукм чиқаришга ҳали эрталиги айтилмоқда. Тасдиқланган баъзи маълумотларга кўра, омикрон аввалги штаммларга қараганда юқумлироқ, шу билан бирга камроқ ўлим ҳолатлари содир бўлмоқда. Агар ушбу штаммдан ўлим даражаси «юқори»лиги ошса, унда давлатлар яна қатъий чекловлар киритишига тўғри келиши мумкин. Бу эса жаҳон иқтисодиёти учун ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Янги штаммнинг тезлик билан тарқала бошлаши инсонларни онлайн харидларга кўпроқ пул сарфлашга ундайди, спорт заллари ёки ресторанлардан эса узоқлаштиради. Шу сабаб масофадан туриб хизмат кўрсатиш тармоқлари янада ривожланиши айтилган.
2022 йилдаги асосий хавф –омикрон туфайли янги чеклов чоралари жорий этилиши бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳатто уч ойлик чекловлар ҳам глобал иқтисодий ўсиш суръатлари прогноз қилинаётган йиллик 4,7 фоиздан 4,2 фоизгача пасайишига олиб келиши мумкин.
Чекловлар қайта жорий этиладиган бўлса, ишчиларнинг меҳнат бозоридан ажралиши сабаб ишсизлик ортиши ва логистика билан боғлиқ қўшимча муаммолар юзага келади.
Инфляция таҳдиди
2022 йил учун яна бир эҳтимолий хавф — юқори инфляция. 2021 йил бошида АҚШда инфляция 2 фоиз даражасида башорат қилинган бўлса, у ҳозир деярли 7 фоизни ташкил этмоқда.
Юқори инфляцияга омикрондан ташқари ҳам турли омиллар таъсир ўтказиши мумкин. Хусусан, АҚШда тез суръатлар билан ўсиб бораётган иш ҳақининг нарх-навога босими, иқлим ўзгариши тезлашгани оқибатида турли об-ҳаво ҳодисалари содир бўлиши ва Россия ҳамда Украина ўртасидаги кескинлик газ нархи кўтарилишига олиб келиши мумкинлиги кабилар келтириб ўтилган.
Шунингдек, вируснинг янги тўлқини туристлар сони қисқаришига ва нефть нархи пасайишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Хитойга оғир зарба
2021 йилнинг учинчи чорагида Хитой иқтисодиёти тўхтаб қолди. Такрорий ўрнатилган блокировкалар ва энергия танқислиги йиллик иқтисодий ўсишни 0,8 фоизга пасайтирган. 2022 йилда мамлакатда энергия тақчиллиги юмшаши кутилаётган бўлса-да, янги штамм сабаб мамлакатдаги талаб заифлашуви ва молиялаштириш чекланиши Хитой иқтисодиётининг қарийб 25 фоизини ташкил этадиган кўчмас мулк қурилиши соҳасидаги пастлашга олиб келиши мумкин.
Bloomberg 2022 йилда Хитойнинг 5,7 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Глобал иқтисодиёт секинлашуви ва қисқариши Хитойга ўхшаган йирик ҳажмда товар экспорт қилувчи мамлакатларни харидорлардан маҳрум қилиши мумкинлиги ҳам айтилган.
Европадаги сиёсий тартибсизликлар
Жорий йил давомида минтақа етакчилари ўртасидаги бирдамлик ва Европа Марказий банкининг ҳукуматлар қарз олиш харажатларини назорат остида ушлаб туришдаги фаоллиги сабаб инқироз кўп давлатларга оғир таъсир қилмади. Келгуси йилда эса юқоридаги икки ҳолат ҳам йўқолиши мумкин. Сабаби етакчи Европа мамлакатларида жиддий сиёсий жараёнлар кечиши кутилмоқда. Жумладан, январда Италияда, апрелда эса Францияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Франция президенти Эммануэл Макрон ва ўнг оқим номзодлари ўртасида жиддий кураш кечиши кутилмоқда.
Bloomberg таҳлилчиларига кўра, Европа мамлакатларининг ўсиб бораётган қарзи умумий иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади.
Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ўртасида «очиқ қуруқлик чегараси ва ёпиқ божхона иттифоқи» бўйича ўтказилаётган музокаралар ҳам 2022 йил бошида тугайди. Бунда ижобий натижага эришиш жуда қийин деб баҳоланмоқда.
Агар музокаралар салбий тарзда якунланса, бу ноаниқлик бизнес инвестицияларига таъсир қилиши, инфляцияни ошириши ва реал даромадларни камайтириши мумкин. Шунингдек, савдо уруши натижасида тарифлар ва транспорт божлари нархи янада ошиши кутилмоқда.
Молиявий тежамкорлик
Ҳукуматлар пандемия даврида ишчилар ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун катта маблағ сарфлади. Энди кўпчилик «камарларини маҳкам боғлаш»ни хоҳлайди. UBC ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда давлат харажатлари қисқариши глобал ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 2,5 фоизини ташкил қилади, бу 2008 йилдаги инқироздан кейин тежамкорлик учун қисқартирилган маблағлардан беш баравар кўп.
Бу борада баъзи истиснолар ҳам мавжуд. Япониянинг янги ҳукумати яна бир рекорд даражадаги рағбатлантиришни эълон қилди. Хитой ҳукумати ҳам иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор чиқариши кутилмоқда.
Озиқ-овқат нархлари ва тартибсизликлар
Очарчилик ижтимоий тартибсизликларни юзага келтирадиган энг тарихий омилдир. Пандемия ва ёмон об-ҳаво дунё миқёсида озиқ-овқат нархларини рекорд даражага яқинлаштирди ва бу келгуси йилда ҳам юқори даражада сақланиб қолиши мумкин. 2011 йилда озиқ-овқат нархининг ҳозиргига ўхшаш кескин ошиши оқибатида тартибсизликлар вужудга келганди. Бу айниқса Яқин Шарқ минтақасида яққол сезилган ва кўплаб давлатларга таъсир қилган. Ҳозирда Судан, Яман ва Ливан каби давлатлар 2011 йилдаги каби оғир аҳволда. Бу минтақавий барқарорликка жиддий таҳдид ҳисобланади.
Шунингдек, Хитой ва Тайван ўртасидаги муносабатлар кескинлашиши фонида дунёнинг икки энг йирик иқтисодиёти (АҚШ ва Хитой) ўртасидаги алоқалар ёмонлашиши, глобал технологиялар ва автомобил саноатида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яримўтказгичлар ишлаб чиқариш қисқаришда давом этиши, уй хўжаликлари пандемия даврида жамғарган маблағларини кутилганидан тезроқ ва кўпроқ сарф қилиши ва иқтисодиётда пул оқими тикланиши каби ижобий ва салбий кутилмалар келтирилган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”