Одамзот яралибдики, қорин ташвишида ва бу сабабдан инсонни ҳеч ким айблай олмайди. Шунинг учун ҳам халқимизда “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” дейилган ибора бежиз айтилмаган. Ҳозирги вақтда кишилик иқтисодий эҳтиёжи жуда кўплаб касб ва ҳунарлар орқали қондирилади. Инсон пайдо бўлиш тарихига назар солсак, ибтидоий жамоа даврида овқатга бўлган бу эҳтиёжнинг катта қисми овчилик орқасидан ҳал қилиниши туфайли, ушбу касб тирикчиликнинг асосий воситаси бўлганлигини кўпчилик яхши билади.
Инсоният ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатиб, улардан зотларни яратиб, кўпайтириб, ўзининг гўштга бўлган талабини шу йўл билан қопламагунича овчиликнинг аҳамияти катта бўлган. Шу сабабли ҳам моҳир овчилар аввалда “Фалончи мерган” деб ҳамиша қадрланган. Мерганлар урушда ҳам асосий ролларда кўзга ташланган, тинчлик даврида овчилик уларни “қайраб” турган.
Цивилизация асрлар оша ўз даврининг “долзарб касб ва ҳунар”ларини тинимсиз кашф этиб туриши оддий ҳақиқатдир. Бугунги кунда мерганлик ҳам ўзининг долзарблигини йўқотиб (армиядан ташқари), эрмакка айланиб бормоқда.
Инсон ҳамиша барча ишларда чегарани ҳис қилса ва ҳаддидан ошмаса ишлари “беш” бўлиши ҳам тан олинган ҳақиқат ҳисобланади. Бу қоида илоҳий қонуниятларда ҳам жамият қонуниятларида ҳам бот-бот такрорланади. Қаерда жиноят бор бўлса, ўша ерда ҳаддидан ошиш борлигини кўриб турибмиз. Овчиликда қадимда ҳам ҳозир ҳам муайян қонун-қоидаларга амал қилинади. Ҳар бир ишда чегара, меъёр, ҳадни билиш Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам ва бошқа буюкларнинг ҳикматли асарларида ҳам батафсил баён қилинган. Кайковус ўзининг машҳур “Қобуснома”сида - “Аммо шикорда ҳам тартиб ва чегарани бил”, деб авлодларга ўгит беради.
Буюк бобомиз Амир Темур ҳам Тўхтамишхон билан урушга чиққанида қўшин оч қолганда бутун қўшин билан ов қилгани ва бунда ҳайвонларнинг ёши ва ҳомиладорларини овламагани ҳамда овни меъёрида қилгани, айниқса, қўлга тушган жуда кўпчилик ҳайвонларни қириб юборишдан сақланиб, уларни қўйиб юборгани маълум ва машҳурдир.
II Жаҳон уруши туфайли юз берган очарчилик пайтида Сурхон воҳасида ҳам барча тоғларда хусусан, Шеробод тумани халқининг ҳам анчагина қисми Кўҳитанг тоғи ҳудудида ов қилиб, шу ердаги ёввойи ҳайвонлар ҳисобига жон сақлаб, тирик қолган ва бу ов туфайли бу ҳудуддаги ҳисобсиз морхўр(кийик)лар сони 20-30 тагача камайиб кетганлиги, орадан 70 йил ўтиб, қўриқхона ва кучли назорат ҳисобига уларнинг сони 600 га зўрға етганлигини (Тожикистонда морхўрлар 3000 дан ошади) ҳамма ҳам билмаса керак.
Овчилик қонунан таъқиқланган фаолият эмас, лекин бунда ов мавсуми, ов қилиш мумкин бўлган ҳудуд, рухсат этилган ҳайвон турлари, сони, ов маданияти ва бошқа бир қанча шу каби маълум бир қонун ва қоидалар ҳамда миллий қадриятлар, инсонпарварлик тамойилларига риоя қилиш лозим. Лекин афсуски, бугунги кунда милтиқ кўтариб юрганларнинг барчаси ҳам юқоридагиларга амал қилмаётганлигини биз қўриқхона ходимлари кўриб турибмиз. Тўғри, биз ҳамма овчи қонунга амал қилмайди дейишдан йироқмиз, чунки уларнинг орасида ҳам қонунни ҳурмат қиладиган маданиятли юртдошларимиз ниҳоятда кўп ва бу гапларимизни бировга азият бериш учун ёзмаяпмиз, лекин бизга қадимгилардан гуруч курмаксиз бўлмайди деган гап ҳам қолган...
Боболаримиз ҳайвонларни ўлдиришни “уволи тутади, қарғайди, оиланинг бировига уради” каби иборалар билан қоралайди. Самарқандлик аниқроғи, омонқўтонлик Абдусаматҳожи овчилик ҳақида отасининг ўгитларини эслаб, отам менга бир марта, “эй ўғлим! Яхши бир касб ёки бир ҳунарнинг бошини тут, бизга тоғ яқин, лекин ҳеч қачон овчилик йўлини ушлама, ёшим бир жойга бориб, эътибор қилдимки, мен билган одамларнинг орасида ким овчилик қилган бўлса, бировининг ҳам косаси оқармади ёки бири икки бўлмади, шу нарса қулоғингда қолсин, амал қиласанми-йўқми ўзинг биласан. Бу нарсани ёши катталардан эшитган эдим, ўзим ҳам йиллар давомида гувоҳи бўлдим, сенга ҳам етказяпман” - деган эди. Мен бу гаплардан қаттиқ таъсирландим, қаерга борсам шу нарса ҳақида суриштириб юрдим. Ёши катталар ва овчилар билан кўп гурунглашдим.
Ёшлигида овчилик билан кўп шуғулланган шўрчилик дўстим Ашур Давлатов билан шу ҳақда суҳбатлашганимда у ҳам юқоридаги гапларни тасдиқлаб, баъзи нарсаларни гапириб берди. Ашураканинг айтишича, то овчиликни ташламагунча рўзғорида барака бўлмаган. Унинг овчиликни ташлашига ибратли тасодиф сабаб бўлган. У Боботоғ ҳудудларида ов қилиб юрганида бир қишлоқдан ўтаётиб шериги унга “мана бу уйда бир машҳур овчи яшайди, ҳозир қариб қолган, у умри давомида мингта ҳайвон отган”, деб мақтайди. Ашур ака мингдан ошиқ ҳайвон отган одамнинг яшаётган уйига қараб, унинг харобалигини кўриб, бу одамнинг уйидан мардикорнинг ҳожатхонаси ҳам яхши-ку деган хулосага келади ва шу-шу овчиликдан воз кечади. У киши менга овчиликни таламагунча иши юришмагани, камбағал бўлганлигини қайта-қайта айтган.
Бу воқелик Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “...Ким овга эргашса, ғофил бўлур...” (яъни ишидан, касбидан, ибодатидан, вақтидан айрилади, битта овни қувлаб вақтини кетказади), деган ҳадисига (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 14-15 жузлар. Ҳадис ва ҳаёт. Қасам, назрлар ва ов китоби 163-бет) исбот эканлигига қойил қолмасдан илож йўқ. Бу ерда ҳам жамият қонунларидан ташқари, илоҳий қонунлар ҳам ишлаб кетгандек туюлади. Агар биз қуйидаги ҳадисга эътибор қилсак, овга муккасидан кетган одамнинг оқибати анча хатарли бўлишидан хавфсираб қоламиз. Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса (ўлдирса), албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди”, дедилар (Ўша китоб 97-бет). Чумчуқдан сўралса ундан каттароқ ҳайвонлардан каттароқ жавоб сўралиши табиийку! Овчиларнинг жамиятимизга фойдаси уларнинг ўзига маълум, лекин зиёни салмоқли бўлишини жиддийроқ ўйлаб кўриш керак эмасмикан?
Овчиларнинг жамиятга келтирадиган зиёнлари:
- ёввойи ҳайвонларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлади;
- ёлғон гапларнинг тарқатувчилари(қўшиб гапиради, гўшти ҳаром ҳайвоннинг гўшти ва бошқа жойларини алдаб сотади ва ҳоказо) бўлиб қолади;
- одамлар эътиқодини бузади (ҳайвонларнинг териси, жуни, тишлари, тирноқлари, ва бошқа “айрим ” аъзоларини бахт ёки омад келтирувчи восита деб билади ва шу ақидага хизмат қилади);
- ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган авлоднинг шаклланишига “ёрдам” қилади;
- ёшларни овга қизиқтириб, асосий ишдан чалғитади ва бекорчиларнинг кўпайишига хизмат қилади;
- кам бўлсада, айрим жиноятларга аралашиб қолади.
Сурхондарё вилоятида 2018 йил 1888, 2019 йил 1993, 2020 йил 2027, 2021 йил 2091 нафар овчи рўйхатга олинган. Фақат Шеробод туманининг ўзида 186 овчи бор. Рақамларга қарасак, овчилар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, лекин ов ўтказиладиган аниқ, белгиланган ёки рухсат берилган ҳудудлар ва ов ҳайвонлари ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Дарахтларнинг кесилишини камайтириш учун давлат миқёсида йиллаб мораторий ёки тақиқлар белгиланяпти, буни ҳайвонларга қўллаб бўлмайдими? Биз ўша ҳайвонлар қирилиб кетгандан кейин ишга киришамизми? Мамлакатимиз ҳудудидаги қанча ҳайвон турлари батамом қирилиб кетганлигини ва яна қанчаси йўқ бўлиб кетиш арафасида турганлигидан барчамиз хабардормизми? Маълумот учун айтсак, Турон йўлбарси ўтган асрнинг ярмига келиб батамом йўқ бўлди, Кўҳитанг тоғларидан дўлта, қоплон, Боботоғдан морхўр, жайрон батамом қириб ташланди.
“Боботоғдаги жайрон ёки қорақуйруқларнинг қирилиб кетишига асосий сабаб, халқнинг қўлида милтиқнинг кўпайганлиги ва мотоциклнинг яратилганлиги, чунки қочаётган ҳайвон чарчайди, қуваётган мотоцикл чарчамайди”, деган эди ўз вақтида Боботоғ зонасига раислик қилган шўрчилик Норқобилбобо Шоймуродов. Бу ҳам овчиларимизнинг “буюк хизматлари”дан эмасми?
Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудида жами 192 тур ҳайвон рўйхатга олинган бўлиб, шундан Қизил Қитобнинг аввалги нашрида 18 тур ҳайвон киритилган эди, ҳозирги янги нашрида 24 турга кўпайиш бўлди. Бу нарса вазиятнинг нақадар ёмонлашувидан дарак беряпти. Энг ачинарлиси, тошбақа ва ғурракнинг ҳам Қизил Китобнинг янги нашрига кирганига нима дейиш мумкин.
Ҳаммамиз ўзимизни энг тоза, энг пок одам деб ҳисоблаймиз, майли бир томондан шуям маъқулдир. Лекин пок одам пок нарсаларни емайдими, овчиларнинг ёлғонига ишониб, тўғри келган ҳайвонни ҳар қандай жойда овлаб, уни еб кетавериш тўғрими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар! Сизлар учун ... барча озиқ тишли йиртқич... ҳалол бўлмас... ” дедилар (ўша китоб 123-бет). “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичлар ва тирноқли қушлардан (ейишдан) наҳий (қайтардилар) қилдилар” (ўша китоб 131-бет).
“Фалон ҳайвон фалон касалга даво” каби ёлғонларга кўра жуда кўплаб ҳайвонлар ҳаёти хавф остида қоляпти. Бир уламо “Аввалги замонларда одамлар “қоч, илон!” деб қочган бўлса, ҳозир илонлар “қоч, одам келяпти” деб қочиб кетмоқда биродарлар,” деган экан. Набий (сав): типратиканни “У ифлослардан биридир”, бўри ҳақида “Яхшилиги бор одам бўри ермиди”, тулки ҳақида “Тулкини ким ҳам ерди” деганлар (ўша китоб 128-129 бет). Демак, қалбида имони бор, исломи бор одам ҳеч қачон юқоридаги ҳаром қилинган ҳайвонларни емаслиги, сотмаслиги, бировга таклиф қилмаслиги лозим экан. Афсуски, илон ва бошқа ҳайвонларни пишириб сотадиган, бемалол таклиф қиладиган одамлар пайдо бўлмоқда, яна уялмай ўша еб бўлмайдиган нарсаларни қандай тайёрлашни ва еган одам ҳам еганини гапириб юришидан хижолат бўласан киши...
2020 йилда биргина Сурхон воҳасида ноқонуний (қонуний қанча ўлдирилди экан?) 61 та ов қилиш ҳолати содир этилиб, ҳайвонот дунёсига 69130000 сўмлик, 2021 йилнинг 8 ойида 42 та ноқонуний ов ва натижада 51980000 сўмлик зарар етказилган.
Жамиятда инсоннинг кўпгина ҳуқуқлари бор, ов қилиш ва қилмаслик ҳам ана шулардан бири, лекин қаерда ов қилиш, қонунларга бўйсуниш, иложи бўлса ов қилиш керакми, шу ҳайвонни ўлдирмасам нима бўлади... ва бошқа шу каби саволлар яна карра бир ўйлаб кўрилса яхши бўлар эди. Сурхон давлат қўриқхонаси 1-тоифадаги қўриқхона ва бундай қўриқхоналар республикамизда саноқли. Вилоятимизда эса якка-ю ягона эканлиги, ҳеч бўлмаса унинг Шерободда жойлашганлигидан шерободликлар фахрланишса, ёрдам беришса, нафи тегмаганларнинг зарари ҳам тегмаса, биз қўриқхоначилар бу ердаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларини келгуси авлодга бус-бутун етказсак, келажакда авлодларимиз бу ҳайвонларни ўз кўзи билан кўрса, “илгари шундай-шундай ҳайвонлар бўлган экан...” деб юришмаса, биз вазифамизни бажарганмиз деб айтсак бўлади.
Ҳикматулло Қаршиев
Сурхон давлат қўриқхонаси Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Сурхон давлат қўриқхонаси Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?