Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган қизиқарли ва драматик дерби — “Андижон” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги беллашув ўз якунига етди. Учрашувда ягона гол ҳисобга олиниб, у ҳам Наманган клубига ғалаба олиб келди. “Навбаҳор” бош мураббийи Сергей Лушчан ўйиндан сўнг матбуот анжуманида журналистлар саволларига атрофлича жавоб берди.
— “Биз ҳақиқатан ҳам жуда қийин баҳсни ўтказдик. “Андижон” билан беллашиш ҳар доим оғир бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бир ярим йилдан буён Наманганда ишлаяпман ва шу вақт мобайнида “Андижон”га қарши ўтган ҳар бир ўйин биз учун синов бўлган. Дерби — ўз номи билан дерби, унда осон йўл йўқ. Бугун футболчиларга катта миннатдорчилик билдираман, чунки улар кўрсатмаларимизни 90 фоизга яқин аниқ бажаришди. Кетма-кет икки дурангдан сўнг келган ғалаба жамоамиз учун катта аҳамиятга эга. Бу натижа, ишончим комилки, бизга олдинга қараб ҳаракатланиш ва янада ривожланиш учун қўшимча руҳий куч беради. Рақибнинг бир қанча хавфли ҳужумларини тўхтатдик, ҳарчанд ҳужумга кўп бормаган бўлсак-да, энг муҳими — ижобий натижага эришдик. Барча футболчиларим ва мухлисларимизни ғалаба билан чин дилдан табриклайман”.
Лушчан айрим футболчиларнинг асосий таркибда ўйнамагани ҳақидаги саволга ҳам изоҳ берди:
— “Аввалги турдан кейин ҳам таъкидлагандим — ёзги йиғин биз кутгандек самарали ўтмади. Тахминан 70 фоиз асосий ўйинчилар йиғинда қатнашмади. Легионерлар иккинчи давра бошланишига беш кун қолганда келиб қўшилишди, Жиянов ва Мирсаидов эса стартга бор-йўғи тўрт кун қолганда жамоага қўшилди. Бу омил машғулот жараёнига сезиларли таъсир қилди. Ҳозир эса барча футболчилар тўлиқ машғулотларга киришди ва ўзини кўрсатишга уринаётгани мени қувонтиради. Қўшимча машқлар бажаришмоқда, шундай экан, ҳар бир ўйинда кучая боришимизга умид қиламан. Болтабоев ҳам энди жамоага мослаша бошлади. “Сўғдиёна” билан Кубок учрашувига қадар барча яхши спорт формасига киришига ишонаман”.
Ушбу баҳсдан қониқиш даражаси ҳақида савол берилганда, мураббий шундай деди:
— “Албатта, жамоанинг ҳаракатидан мамнунман. Айтганимдек, йигитлар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди ва ўйинда чиройли гол урдик. Ҳозирги пайтда биз жамоани тузиш ва шакллантириш жараёнидамиз, бу йўл эса фақат шундай оғир учрашувлар орқали босиб ўтилади”.
Сардор Азим Аҳмедовнинг нега майдонга тушмаётгани ҳақидаги саволга жавоб қуйидагича бўлди:
— “Бу тўлиқ рақобат билан боғлиқ ҳолат. Албатта, Азим — юқори савияли футболчи, у майдонда ҳам, жамоа ичида ҳам етакчи. Бироқ ҳозирги вақтда ярим ҳимоя чизиғимиздаги бразилияликлар кўпроқ ишонч уйғотмоқда. Агар улардан бири сафдан чиқса, Азим ўрнини муносиб тарзда тўлдиради. Захирада шундай тажрибали футболчи борлиги — биз учун катта ютуқ, чунки исталган пайт ундан фойдаланишимиз мумкин”.
“Навбаҳор”нинг ушбу дербидаги ғалабаси нафақат турнир жадвалидаги ҳолатини яхшилади, балки жамоага янги руҳий кўтаринкилик ҳам бағишлади. Мухлислар эса янги босқичда янада самарали ўйинлар кутиши мумкин.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!