15:30 / 23.07.2022
1 788

Администрациядаги ўзгариш – алмаштириб бўлмас кадр йўқлигига ишора(ми?)

Администрациядаги ўзгариш – алмаштириб бўлмас кадр йўқлигига ишора(ми?)
Ўтган ҳафта 44 ёшли Сардор Умрзоқов Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. Бу лавозимнинг тарозисига тенг келадиган бошқа мансаб мамлакатда камдан кам топилади. Депутат Дониёр Ғаниев Ўзбекистон олий ҳокимиятидаги ўзгаришлар алмаштириб бўлмас кадр йўқлигига ишора бўлганини айтмоқда.

Сардор Умрзоқов ўтган ҳафтада Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. У 2018 йилнинг август ойидан буён ушбу лавозимда ишлаб келган Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўрнини эгаллади.

2019 йил 28 январда инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланган, 2020 йил 10 мартда эса бош вазир ўринбосари даражасига кўтарилган Сардор Умрзоқовнинг шахсияти кўпчилик учун қизиқ. Зеро, амалда қудрати жиҳатидан мамлакатда президентдан кейинги ўрин дея тахмин қилинадиган мансабга келадиган шахснинг бунгача босиб ўтган йўли, қай тариқа бу лавозимга лойиқ кўрилгани жамоатчиликни қизиқтириши турган гап.

Сардор Умрзоқов Япония ишбилармонлари клуби аъзолари билан учрашув чоғида, 2020 йил, январь / Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Матбуотга очиқ, баҳсга киришишдан чўчимайдиган Умрзоқовнинг Тошкентда 2020 йил бошида ташкиллаштирилган собиқ «Умид» жамғармаси битирувчиларининг биринчи халқаро конференциясидаги чиқиши кўпчиликда яхши таассурот қолдирганди.

Биласизлар, мен ҳам сизларга ўхшаган “умидчи”ман. Бир эслайлик сизлар билан. Танловдан ўтиб, чет элга кетаётган давримизда ҳар биримизнинг юрагимизда қандайдир бир жўшқинлик бор эди. Кўзларимиз ёниб турган десак, менимча, тўғри бўлади. Қайтиб келиб ҳамма ёқни мутлақо ўзгартириб юборамиз деган ўйлар ҳаммамизни қамраб олганди. Ҳаммамизда ватанимизга, жамиятимизга керакли кадрлармиз деган тасаввур бор эди. Лекин ўқишни тугатиб юртга қайтганимиздан сўнг барчаси биз ўйлагандек бўлдими, ўзимиз орзу қилган ўзгаришларни амалга ошира олдикми деган саволга, менимча, кўпчилик йўқ деб жавоб беради.

Ўқишни битириб келганлар давлат идораларига тақсимландик, бошқарма ёки бўлимларга оддий мутахассис сифатида ишга жойлаштирилдик ва идоравий-бюрократик тизим қаърига кўмилиб кетдик. Хорижда оттирилган билим, “умидчи”ларнинг замонавий дунёқарашга эгалиги умуман ҳеч кимни қизиқтирмади. Кўпчилик бундай тизимга бардош беролмай турли йўллар билан яна чет элга қайтиб кетишди. Чет элга боргандаям жуда катта машаққатлар билан ҳозирги нуфуз, даража ва лавозимларга эришишди, бунинг учун ишни энг қуйидан, “нол”дан бошлашга мажбур бўлишди. Бугунги даражага етиб келиш учун жуда катта ҳаётий ва профессионал тажрибага эга бўлишди.

Янгиланаётган Ўзбекистонга айнан сизларга ўхшаш кадрлар керак. Чунки сизлар ҳаммаларингиз ўзларингиз ўзларингизни оёққа қўйган инсонсизлар. Бизда ўзгариш бўлмайди токи кадрларимизнинг дунёқарашини ўзгартирмагунимизча
”, деганди ўшанда Умрзоқов.

“Америка овози” мухбири 2021 йилда ушбу мулозимдан интервью оларкан, унинг “Умидчилар конференцияси”даги нутқини АҚШ президенти Жон Кеннедининг машҳур нутқига қиёслаган ва ушбу чиқиш пайтида Сардор Умрзоқов ҳақиқатда “очилган”ини таъкидлаганди.

Сардор Умрзоқов президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги йиғилишда, Тошкент, 2020 йил декабрь / Фото: Президент матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда Умрзоқовнинг янги лавозимга лойиқ кўрилиши қатор фойдаланувчилар томонидан илиқ кутиб олинганини кўриш мумкин.

Андижонлик тадбиркор Қодир Охунов шундай ёзади: “Сардор Умрзоқов билан юзма-юз учрашиб гаплашганман. Бир сўзли раҳбар. Муносиб номзод. Ҳақиқий билимдон ва талабчан кадр. 7 йил давомида ҳал бўлмаган муаммо унинг ёрдами билан ечим топганди”.

Ойбек исмли Facebook фойдаланувчисининг фикрлари эса янада қизиқ: “Лавозимга муносиб, етук мутахассис. Ўйлайманки, энди таниш-билиш орқали ҳокимиятга келган кадрлар тозаланади ва уларнинг ўрнига раҳбарлик вазифаларига ақлли, салоҳиятли кадрлар келишади”.

Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова Сардор Умрзоқовнинг янги лавозимга тайинлангани, ташқи савдо вазири лавозимига эса Жамшид Хўжаев келганини “мамлакат учун позитив янгиликлар” деб атади. У мазкур икки “умидчи”нинг “ёш, энергияга тўла, интеллигент, хорижда ўқиган” дея таърифлайди.

Жиддий институционал ислоҳотларни фақатгина етарлича салоҳият ва тажрибага эга инсонлар ўйлаб чиқиши ва амалга ошириши мумкин. Ва бу икки тайинлов ишончни мустаҳкамлаб, оптимизм уйғотяпти”, – дейди у.

Албатта, изоҳлар орасида салбийлари ҳам бор. Умрзоқовнинг танқидчилари у ташқи савдо вазири ва импорт божларини белгиловчи идоралараро комиссия раиси лавозимларидаги фаолияти вақтида протекционизм сиёсати кучайганини айтади.

Сардор Умрзоқов «Толибон» раҳбарияти билан учрашувда, Кобул, 2022 йил февраль / Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Парламентдаги кўзга кўринган саноқли депутатлардан бири Дониёр Ғаниев Умрзоқовнинг тайинланиши ислоҳотлар тўхтаб қолмаганига умид уйғотиши баробарида, Низомиддиновнинг ишдан олиниши ҳеч ким алмаштириб бўлмайдиган кадр эмаслиги ҳақида ўзига хос сигнал бўлганини таъкидлайди.

Шахсан мен бу ўзгаришдан жуда хурсанд бўлдим. Нега? Чунки мен бу ерда 3 та муждани кўрдим. Биринчидан, администрация раҳбарининг алмаштирилиши – жуда катта сигнал бўлди. Қайси маънода? Яхши биламиз, амалда бу жуда катта лавозим. Мана шу юқори орган раҳбарининг алмашиши бу – давлат раҳбари томонидан жамиятга берилаётган катта сигналки, ҳали ислоҳотлар тўхтаб қолгани йўқ ва ҳеч ким алмаштириб бўлмайдиган шахс эмас. Яъни ҳар қандай вазир, ҳукумат аъзоси бўладими, агар мамлакат ислоҳотлари талабига жавоб бермайдиган бўлса, алмаштирилиши мумкин.

Сўнгги вақтларда мамлакатдаги ислоҳотлар динамикаси секинлашиб, талабчанлик камаяётгандек эди. Чунки охирги 2 йилда биз кескин ўзгаришларни кўрмагандик. Бу алмашинув ортидан лавозимга жамоатчилик орасида фаол бўлган, халқаро ва маҳаллий ОАВ билан очиқ фаолият юритадиган, халқаро доирада ҳам обрўйи нисбатан юқори бўлган ва энг асосийси ислоҳот тарафдори бўлган кадр келди. Бу айтганимдек, нафақат ички жамият, балки халқаро доирада инвесторлар, халқаро ҳамкорларимиз учун ҳам сигналдир. Яъни бу “ислоҳотлар давом этади, биз ислоҳотларга содиқмиз, эски даврга қайтиш, музлаб қолиш каби гаплар пуч” дегани ҳамдир
”, дейди депутат.

Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Сардор Умрзоқов, Тошкент, 2021 йил январь / Фото: Президент матбуот хизмати
Умумийлаштириб айтадиган бўлсак, тайинловдан қувонганларнинг кўпчилиги Сардор Умрзоқовнинг хорижда таҳсил олгани, маълум муддат чет элда ишлаб тажриба орттиргани, қолаверса, замонавий фикрловчи, президент маъмурияти ва ҳукуматдаги кўплаб мулозимларга нисбатан анча ёш кадр эканини таъкидламоқда.

Чиндан ҳам юқори лавозимлардаги кадрларнинг асосан кексалардан ташкил топгани, табиатан эҳтиёткор, консерватив қарашга эга қариялар ўзгаришларга тоқатсизлиги, таваккалдан чўчиши, бу эса ислоҳотларни ортга суриши кўп марта танқид қилинган. Бунгача Президент администрациясига бир қанча ёш мутахассис ишга олингани, уларнинг ортидан президент маъмурияти раҳбарлигига Сардор Умрзоқов тайинланиши ўзгаришлар учун янги умидларни уйғотгандек.

Сардор Умрзоқов сурхондарёлик журналист ва блогерлар билан учрашувда, Термиз, 2022 йил март. Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Умрзоқов ўз интервьюларида автомобилсозликда рақобат муҳити яратилиши тарафдори экани, айрим компанияларга бозорнинг бошқа иштирокчиларида бўлмаган алоҳида имтиёз ва преференциялар берилиши мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишини, шу сабабли бундай имтиёзларни беришдан воз кечиб, барча бирдай ишлаши учун шароит яратиб бериш кераклигини илгари сурган.

Янги лавозим ҳамда ваколатлари унга вазир, бош вазир ўринбосари курсисида амалга ошира олмаган, қўли калталик қилган, амалга ошиши халқ фаровонлигига хизмат қиладиган ана шундай улкан ўзгаришларни рўёбга чиқариш имконини бериши мумкин.

Албатта, ҳали қандайдир хулосалар чиқаришга жуда эрта. Умрзоқовнинг нималарга қодирлиги, ўзидан олдинги мулозимларнинг хатоларини такрорламаслиги, энг муҳими, жамоатчилик ишончини оқлай олиши ёки олмаслигини вақт кўрсатади.

Жамшид Ниёзов, журналист

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Администрациядаги ўзгариш – алмаштириб бўлмас кадр йўқлигига ишора(ми?)