Тошкент метросида йигитларга пранк ташкил этган қозоғистонлик машҳур блогер атрофидаги воқеа катта жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Олмаота шаҳри полицияси маълумот беришича, мазкур иш расман судга оширилган.
Қайд этилишича, блогер ижтимоий тармоқларда жамоат жойларидаги одобсиз хатти-ҳаракатлари акс этган видеоларни жойлаштирган. Видеоларда у метродаги йўловчиларга атайлаб тегажоғлик қилгани ва бу ҳолатни телефон камераси орқали суратга олгани кўрсатилган. Полиция маълумотига кўра, бу ҳолат “майда безорилик” моддаси бўйича маъмурий иш сифатида қайд этилган. Ҳозирда материаллар судга юборилиб, блогернинг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Олмаота шаҳар полицияси баёнотида қайд этилишича, “Фуқаро А.” номи билан тилга олинган қиз аввал ҳам шунга ўхшаш ахлоққа зид хатти-ҳаракатлар содир этган. Шу сабабли унга нисбатан профилактик суҳбат ўтказилган, бироқ у олдинги хатосидан тўғри хулоса чиқармаган ва яна шу йўлни давом эттирган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари таъкидлаганидек, бундай турдаги хатти-ҳаракатлар жамоат ахлоқига ҳурматсизлик ифодаси бўлиб, ахлоқий меъёрлар ва жамоат тартибини бузиш ҳисобланади. Полициянинг баёнотида шундай дейилади: “Жамоат жойларида ахлоқсиз, провокацион ёки шаънни камситувчи хатти-ҳаракатларнинг ҳар қандай кўриниши қонун асосида жавобгарликка сабаб бўлади”.
Бу ҳолат жамоатчилик орасида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар блогернинг бу қилмишини кескин қоралаб, ижтимоий тармоқларда жамоат жойларидаги одоб-ахлоқни бузиш ҳолатларига нисбатан қаттиқ чоралар кўришни талаб қилмоқда. Айримлар эса бу каби “контент” орқали блогерлар диққат марказида бўлиш учун меъёрдан ортиқ хатарли ҳаракатларга қўл ураётганини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу блогер аввал ҳам шов-шувга сабаб бўлган — у Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўзини тириклайин қабр ичига кўмдириб, жонли эфир олиб борган эди. Видео интернетда тарқалгандан сўнг кўпчилик унинг хатти-ҳаракатини қоралаб чиққан ва бу ҳолат полиция эътиборига тушган. Олмаота шаҳар полицияси ўшанда ҳам текширув бошланганини ва қонун доирасида чора кўрилишини маълум қилган эди.
Мазкур воқеа ортидан мутахассислар ёшлар орасида “лайк орттириш” ва шов-шувли контент орқали машҳурликка эришиш тенденцияси хавфли тус олаётганини таъкидламоқда. Уларга кўра, бундай “пранк”лар ахлоқий меъёрларни емириб, жамоат тартибига путур етказиши мумкин.
Ҳозирда иш суд томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Экспертлар фикрича, бу ҳолат блогерлик соҳасидаги масъулият ҳақида кенг жамоатчилик учун ҳам катта дарс бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!