23:15 / 03.09.2022
3 083

Ўзбекистон имиджи: “Девдай бўлса-ю, мияси ишламаса...”

Ўзбекистон имиджи: “Девдай бўлса-ю, мияси ишламаса...”
(биринчи қисм)

Тилимизга яна бир сўз – “имидж” сўзи ими-жимида кириб келди. Унинг тилимизда муқобили, таржимаси анчагина: ёқимлилик, жозиба, жозибалилик, жозибадорлик, дилбарлик, кўркамлик, истараси иссиқлик, қиёфа, келбат, сиймо, турқ, рўй, афт каби. Хофизларни, раққосаларни пардозловчини ҳам “имиджмейкер” дейишарди. Ҳар ҳолда бу сўз тилимизга ўрнашди. Энди ҳатто мамлакат жозибаси – “Ўзбекистон имиджи” ҳақидаги иборалар ҳужжатларга, дастурларга кира бошлади.

Ташқи ишлар вазирлигимиз “Халқаро аренада Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини мустаҳкамлаш Концепцияси”ни ишлаб чиқибди. Ортидан Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини оширишга халақит берадиган муаммолар ўрганилаётганини билдирибди.

Британияда чиқадиган дунёнинг энг нуфузли журналларидан бири бўлмиш Economist мухбири, Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллисга кўра: “Президент Мирзиёев жуда кўп нарсаларни ўзгартирди. У оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинлик берди. Биз жамиятда ҳали ҳам айрим чекловлар сақланиб қолаётганини кўрсак-да, Президент Мирзиёев Ўзбекистонда мавжуд бўлган муаммоларни очиқ муҳокама қилишга йўл очиб берди... Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин ташқи сиёсат соҳасида ҳам ҳамма нарсани ўзгартирди. У қўшнилар билан мулоқот йўлларини излаш ва муносабатларни яхшилашга ҳам фаол киришди... Мен Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имиджини яхшилаб сармояларни жалб қилишни хоҳлайди, деган фикрдаман. Шунинг учун ҳам у Ўзбекистоннинг халқаро имиджини яхшилаш чора-тадбирларини кўраяпти. Бунинг ортидан қайсидир соҳаларда яхшиланиш юз бераяпти”.

“Имидж” деганда хаёлимга кўп нарсалар келади. Нафақат мамлакат, ҳатто бир инсон ўлароқ ҳам, одамнинг ҳам ҳаммага яхши кўрингиси келади, албатта. Масалан, уй қурсак, одамларнинг кўзига кўринадиган кўча тарафини ялтиратиб сувоқ қиламиз, мармар тошлар ёптирамиз, чиройли рангларга бўяймиз, лекин ичкари томони лойсувоқлигича қолаверади. Аёллар уйида сочидан қатиқ ҳиди уфурган ҳолда ғижим кийимда юраверади, аммо кўчага чиқса, сочларини соатлаб гажак қилади, юзларига бўёқ беради, яъни худди биз раҳбар ўтиб қоладиган йўлларнинг четидаги уйларни ва томларни бўяганимиз каби “имиджи”ни қилади.

Бухоронинг аввалги даврдаги ҳокими то аэропортдан шаҳар марказигача уйларнинг ҳаммасини меҳмонларнинг кўзи тушадиган кўча томондан икки қаватли, пластик деразали қилдирганди, ичкарига кирсангиз лаби учган қора ўчоқларни, нураган уйларни кўрардингиз. Тошкентдаги Самарқанд дарвозадан Оқтепага чиройли икки томонлама йўл ўтказилди, лекин йўлнинг икки четидаги пастқам, эски уйларнинг ҳаммаси “имидж”ни сақловчи чиройли расмлар туширилган баннерлар билан ёпиб ташланган, яшовчилар расмнинг тешигидан кириб-чиқиб юради.

Ота юртим Ургутдан Тошкентга ёзда ё кузда қайтаётиб, Булунғур, Жомбойдан ўтаётганда йўлнинг икки томонида ипдан тўқилган, ичидаги маҳсулот кўриниб турадиган қопларга солинган картошка, пиёз сабзиларга кўз тушади. Болаларим қишлоқ жойларда арзон бўлади дегани учун бир гал Жомбойдан чиқаверишдаги шундай йўлбозордан бир қоп пиёз, бир қоп картошка олдим. Ҳамма ёғи очиқ тўрхалтада, шундоқ кўриниб турибди – сархил, бир хил катталикдаги силлиқ картошка, сабзи. Уйга олиб келиб очсам – ичига майдаларини, ёнғоқдайларини, чиқиндиларини солган экан. Тўр қопга қай тарзда бундай териш мумкин деб қизиқсам, чамбаракни қоп ўртасига қўяркан, четига каттасини тераркан, ўртасига ташландиғини соларкан ва секин чамбаракни юқорига кўтариб бораркан, яъни картошканинг ташқи “имиджи”ни яхшиларкан.

Бозорга борсанг, пештахтага чиройли қилиб маҳсулотининг сарасини териб қўяди. “Тортинг қани”, - десанг, пастдан майда-чуйдасини солиб, устига уч-тўртта катта, сархилини солиб, узатади.

“Имиджмейкер” халқ бўлиб қолдик

Бошлиқ далани кўргани келадиган бўлса, магазиннинг пахтасини олиб келиб кўсакка тиқиб қўючилар, раҳбар ўтадиган йўлнинг икки четида полиэтилендан ичида экини йўқ “иссиқхоналар” ясаб қўювчилар, чет эллик меҳмон келадиган хиёбондаги арчаларга оҳак ва яшил бўёқ аралаштириб ранг пурковчилар, суви бор, яшаса бўладиган ерлар қолиб, катта трассанинг бўйига ўтган-қайтган раҳбарнинг кўзи тушсин деб чала-чулпа, ернинг нами кўплигидан ярмигача шўрлаган, бир жиддий шамолда томи учиб, бир жиддий қаҳратонда девори кўчган “намунали уйлар” қурувчилар...

Ахир буларнинг бари мустаҳкам эмас-ку, бир марталик, вақтинчалик-ку. Мен бошқа Булунғур йўлида тўхтаб, сабзавот олмайман. Сотувчи халтаси тагига чириган мевани солиб, устига “имидж” учун яхшисини терганини билган харидор бошқа ўша растани кўрса, четлаб ўтади. Ташвиқотга учиб келган харидор, ўз кўзи билан кўрганидан кейин бошқа бу маҳсулотдан олмайди. Бунақанги ясама “жозиба”нинг асоси йўқ.

Устоз Шукруллонинг зиёратларига борсам, ойнаи жаҳонга қараб ўтирган эканлар. “Нега телевизор тинимсиз спортчиларни кўтар-кўтар қиляпти?!” – дедилар. “Устоз, спорт мамлакат ва миллатни дунёга энг тез танитадиган восита эмиш, улар орқали Ўзбекистон номи дунёга танилар экан, имиджи юксалар эмиш”, - дедим. “Ҳа, яхши, - деб бир хўрсиндилар-да, - халқимиз авваллари ақли, илми, адабиёти билан дунёга танилган эди”, - дедилар ва жим бўлиб қолдилар. Кейин хулоса қилдилар: “Спорт танни чиниқтиради, мускулни чайир қилади, лекин қалб-чи?! Маънавият-чи?! Ақл-чи?! Бунга ҳам эътибор керак! Девдай бўлса-ю, мияси ишламаса, нима бўлади!”

Бугун “Ўзбекистон имиджини яхшилаш” устида кўплар бош қотирмоқда. Ёзувчилар ва журналистлар китоблар, мақолалар ёзмоқда, олимлар таҳлил қиляпти, ҳатто бу мавзуда диссертациялар устида ишлаётганлар бор.

Афсуски, Шавкат Мирзиёев “қўрқув даври” атаган чорак аср мобайнида ташқарида Ўзбекистоннинг авторитар ва тоталитар тузум сифатидаги қиёфаси қаттиқ ўрнашди. Шавкат Мирзиёевнинг бошлаган ислоҳотлари, сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати, юртга кириш-чиқиш масаласидаги енгилликлар, валюта ислоҳоти, юртнинг инвеститициявий жозибардорликни оширишга қаратилган ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон имиджи бир қадар яхшиланди. Лекин ҳали ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига, барча соҳаларни, жумладан маъмурий-сиёсий соҳани ҳам ўз ичига олишига тўла ишонч қарор топганича йўқ.

Ўзбекистон имиджининг асоси аввало дунё кўз ўнгидаги халқимиз, миллатимиз мартабаси, яъни ўзбек тимсолидир.

Ўзбекистоннинг жозибадорлиги ва ўзбекнинг тимсоли

Инглизлар жуда қийин ўзгарувчи анъанавий халқ, демократия келса ҳам қиролликни сақлаб қолган, шунинг учун унинг консервативлиги машҳур. Немислар ваъда қилинган ерга вақтида келади, бир дақиқа олдин ҳам, бир дақиқа кейин ҳам келмайди, немиснинг ана шу пунктуалиги сифатланади. Фарангларнинг кўтаринкилиги, хаёлпарастлиги, романтиклиги, ҳаммани мойил қила олиши афсонага айланган, шунақаларни ҳатто бизда “устаси фаранг” дейишади.

Японларнинг кашшофлиги, технологиялар яратиш салоҳияти эътироф этилади. Чинликлар ҳар нарсадан бир нарса ясай оладиган, устомон халқ сифатида дунёга танилган. Ҳиндларнинг жониворларга нисбатан шафиқлиги, ўз ҳаётига тоқатлилиги ўзига хосдир. Яҳудийларни ҳамма омилкор, пухта-пишиқ деб билади. Албатта, бу ҳислатлар ҳам ҳамма элларда у ё бу даражада мавжуд. Аммо миллатнинг бўртиб турадиган ўзига хослиги ҳам мавжуд.

Хўш, ўзбек қандай халқ ўзи?!

Бизда ўзбек миллатининг серфарзандлиги, меҳмондўстлиги кўп айтилади, лекин дунё фикратига ҳали бу ҳислат билан ўрнашганимизча йўқ. Меҳнаткашлигимиз, хокисорлигимиз, катталарга итоаткорлигимиз, ситамларга тоқатлилигимиз ҳам бор.

Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон имиджи: “Девдай бўлса-ю, мияси ишламаса...”