20:43 / 28.02.2023
407

Тўлиқ цензура Ўзбекистонга қанчага тушади?

Тўлиқ цензура Ўзбекистонга қанчага тушади?

Ахборот устидан цензура ўрнатиш муаммони ечмайди, балки давлатнинг муаммони кўриш ва ҳис қилиш қобилиятини ўлдиради. Бу – эски тафаккур тарафдорларининг Ўзбекистон ва иккинчи маъмурият устидан ғалабасини ҳам англатади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов президент мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаётгани, лекин ундан эркин матбуотни ёпишни сўровчилар борлиги ҳақида сўз юритди.

“Ёпиқ давлат бўлиб, ОАВни қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга бундай ишлаш қийинроқ. Ҳамма айтади, э, ёпиб қўй, дейди. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидек, прокурор, СНБ, текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?” – деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги Конституциявий қадрият ва талаб эканини қўя турайлик. Яъни кимки сўз ва фикр эркинлигига қарши чиқса, аслида Конституциявий тизимга қарши чиққан бўлади. Чунки Ўзбекистон Конституциясига кўра, сўз ва фикр эркинлиги – олий қадриятлардан, бу ҳар бир шахснинг ҳуқуқи, уни поймол этиш эса – ноқонуний иш.

Ҳозир масаланинг бошқа томонини таҳлил қилмоқчиман. Яъни, “Ўзбекистонда сўз эркинлиги тўлиқ йўқ қилинса, мустақил ишлаб турган ОАВга босим бўлиб, улар мустақил ва эркин ишлаш имкониятидан маҳрум бўлса, бунинг оқибати давлат учун, ҳокимият учун, ҳукумат учун, президент учун қандай бўлади?” деган саволга жавоб изламоқчиман. Бу саволга жавоб топиш қийин эмас. Бу саволнинг жавоби яқин тарихимиздан, ҳеч ким инкор қилиб бўлмас даражада, очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Биринчидан, Ўзбекистонга дахлдор ахборот ва фикрлар ташаббуси, яна Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетади. Инсоният глобаллашувда яшамоқда. Бундан кейин, ахборот билан инсон ўртасида фақатгина унинг иродаси тўсиқ бўлиши мумкин. Ахборот инсоннинг бармоғи учида туради. Бундан кейин ахборот дефицит бўлмайди, танқис бўлмайди.

Аксинча, инсонларнинг, жамиятнинг диққат-эътибори танқис бўлади. Ахборот кўп бўлади. Ахборотлар ўртасида мислсиз рақобат бўлади. Бу ахборотлар, одамларнинг, жамиятларнинг эътибори, онги, шуъури учун курашади.

Лекин, агар Ўзбекистонда тўлиқ цензура ўрнатилса, Ўзбекистон мана шу рақобатли майдондан, ўз хоҳишига кўра, чиқиб кетган бўлади. Ташаббусни тўлалигича хорижий ОАВ қўлга олади.

Маълумки, ташқи дунёда ишлаб чиқилаётган ахборотлар оқимига Ўзбекистон давлатчилиги таъсир қила олмайди.

Тахминан 2005-16 йилларга келиб, Ўзбекистонда шундай вазият шаклландики, бутун жамият тафаккурига таъсир қилувчи асосий ахборотлар, ғоялар, воқеа-ҳодисалар шарҳи четдан туриб берилар эди. Ўзбекистон олий ҳокимияти тақдири борасидаги жиддий маълумотлар, ахборотлар мутлақ тўлалигича хорижда шаклланди, хорижий ОАВларида чиқди, муҳокама қилинди. Аҳоли сонига кўра пост-совет ҳудудидаги Россия ва Украинадан кейинги учинчи, Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг қалби, тафаккур маркази борасидаги, унинг тақдири ҳақидаги барча маълумотлар, ахборотлар ҳаммаси фақат Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида айтиларди.

Ахборот сиёсати ва ахборот мустақиллиги борасида Ўзбекистон давлатчилиги шу қадар мураккаб вазиятга тушиб қолган эдики, энди энг асосий кун воқеаларининг барчаси расмий ОАВларидан ташқарида кечар эди. Яъни, Ўзбекистондаги реал муаммоларни жамоатчилик фақат ташқарида жойлашган ОАВлардан, ташқарида яшаб келаётган шахслардан билиб келди.

Ўзбекистон ичкарисида кенг жамоатчилик мустақил ОАВларини яширинча кузатарди, мустақил радиоларни эшитади ва интернет сайтларини ўқийди, энг аҳамиятли воқеа-ҳодисалар давлатнинг ичида миш-мишлар даражасида, ўзаро яширинча муҳокама қилинади. Лекин расмий ҳокимият бу ахборотларга ҳеч қандай таъсир қила олмасди, муносабат билдира олмасди.

Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон дунёдаги жуда кам сонли шундай давлатлардан бирига айландики, унинг тақдирига дахлдор ахборотлари тўлалигича хорижда шаклланар эди. Ўзбекистон, бу билан, ўзининг ахборот мустақиллигини тўлалигича йўқотган, ахборот дунёсининг субъекти эмас, 100% объектига айланган давлат эди.

Вазиятнинг мураккаблиги шу даражага бордики, бутун бошли давлат ташқи ахборот хуружлари, ташқарида жойлашган гуруҳларнинг ахборот-психологик ҳужумларидан қўрқиб яшаган даврлар кечди. Бу қўрқув, айниқса, “араб баҳори” воқеалари фонида, ижтимоий тармоқлар ривожланиши соясида яққол кўринди.

Ҳокимиятнинг қўрқуви асосли эди: бир томондан одамлар ҳокимиятга ишонмасди, бошқа томондан ташқи актёрларнинг йўналтирилган ахборот сиёсати, мамлакатда ижтимоий бўҳронларга катализатор бўлиш потенциали мавжуд эди.

Ҳар қандай давлатнинг ахборот мустақиллиги – сиёсий мустақиллигининг пойдеворларидан бири. Лекин, глобалллашган дунёда изоляционизм ишламайди. Жамият ҳаққоний ва ёлғон маълумотларни доим фарқлай олади. Одамларнинг қалбидаги, юрагидаги, онгидаги энг жозибадор фикрлар, агар давлатнинг ичида айтилмаса, муҳокама қилинмаса, албатта у давлат ташқарисида айтилади ва муҳокама қилинади. Ана шу ҳолатдан бошлаб, жамиятнинг қалби, юраги ва тафаккури давлатнинг ичидан ташқарига чиқиб кетган бўлади, ва бу давлатнинг, давлатчиликнинг инқирозли ҳолатга тушиб қолганини ифодалайди.

Иккинчидан, Ўзбекистон ўзини рақобатбардош ахборот сегментини шакллантиришдан ўз хохишига кўра воз кечиши, нафақат ўзбек тилли хорижий ОАВ ролини оширади. Бу, энг аввало Россия пропагандасининг таъсирини янада оширади. Ҳали Ўзбекистон Россия пропагандаси билан курашиш даражасига мутлақ яқинлашгани йўқ. Лекин, Ўзбекистон ичида маълум ижобий тенденциялар кетяпти.

Ўзбекистоннинг ичидаги мустақил ОАВ рус пропагандаси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида озми-кўпми гапирмоқда. Лекин, агар Ўзбекистон тўлақонли цензурага қайтадиган бўлса, Россия ОАВ, жумладан пропагандасининг таъсири кучайса кучаяди, пасаймайди. Бу фақат битта нарсани англатади – ўзбекистонликлар онги, шуъури Тошкентнинг эмас, Москванинг қўлида бўлади.

Россия ўзининг ахборот ресурслари нақадар қудратли эканини яхши билади. 2010 йилда Қирғизистон президентлигидан Бакиевни айнан рус ОАВ йиқитган эди. Бакиев Манасдаги АҚШ ҳарбий базаларини ёпаман деб Путинга ваъда берган, ва вақт ўтиб, бу ваъдасини бажармагач, рус пропагандаси қирғизистонликларни оммавий намойишларга чақирган эди.

Учинчидан, давлатнинг ахборот сиёсатида цензура ўрнатилар экан, бу ахборотларни саралашни англатади. Натижада, давлатда “тўғри ахборотлар оқими” борасида мафкура шаклланади. Йиллар давомида, бу мавкура кенгайиб ва чуқурлашиб боради. Ва ҳудди 2016 йилгача бўлгандек, давлат сиёсатида ички ва ташқи сиёсатни баҳолаш борасида мафкуравий тизим шаклланиб улгуради.

Бу мафкуравий тизимга кўра, Ўзбекистон – барқарорлик, фаровонлик ва ривожланиш оролчаси сифатида баҳоланар эди. Ташқи дунёда эса, урушлар, беқарорликлар, камбағаллик, беҳузурлик ва ҳ.к.

Фақат 2016 йилда ҳокимият ўзгариб, Ўзбекистонда камбағаллик ва қашшоқлик расман эътироф этилди. Унгача бўлган мафкуравий тизим давлатни ва жамиятни алдаш экани маълум бўлди.

Ҳалига қадар баъзи амалдорлар тушунмаяпти еки тушунишни истамаяптики, ижтимоий еки сиёсий муаммолар – субъектив эмас, объектив. Агар кўз юмсангиз, одамларнинг муаммолари йўқ бўлиб қолмайди. Ҳозир – интернет даври. Ижтимоий тармоқлар, ВПНлар ва бошқа рақамли алоқа воситалари – Ўзбекистонни ташқи дунёдан узилишига имкон бермайди.

Биринчи маъмуриятнинг сиёсий қарашлари 90-йилларда шаклланди. Жумладан, цензура ҳам. Лекин интернет секинлик билан 2000-йилларда кириб келди. Бу пайт биринчи маъмуриятнинг сиёсий стили шаклланиб бўлган эди. Интернет кириб келиб ҳам, тизим, янги даврга мослаша олмади. Шунинг учун, биринчи маъмурият, интернет билан бесамар курашишда давом этаверди.

Бугун эса, ҳар қандай давлат ва ҳокимиятнинг манфаатлари ахборот оқимлари, ижтимоий тармоқлар, ОАВ фаолияти билан боғланиб кетган. Инвестициялар, хорижий алоқалар, геосиёсий муносабатлар – шулар жумласидан... Биргина инвестициялар билан боғлиқ давлатнинг жуда катта манфаатлари бор. Ижтимоий тармоқлар, интернет бўғилган давлатга инвесторлар келмаслиги, кундек равшан...

Аслида, ахборот – бу бор вазиятни билиш воситаси. Цензура ўрнатиб, давлат ўзини реал воқеликдан узган бўлади. Цензура орқали, давлат: “вазият қандайлигини билишни истамайман! Мен алдашни ва алданишни истайман!” дегани бўлади. Цензура орқали, глобаллашган дунёда, энг аввало, давлатнинг ўзи ютқазади.

Тўртинчидан, цензурани қумсаётган давлат муассасалари ва мулозимлари борлиги, аниқ. Чунки тўлиқ цензура ўрнатилса, улар икки тарафлама ютади. Бир томондан, улар ўзларига юклатилган вазифани ноинтеллектуал, осон усуллар билан бажариш имкониятини қўлга киритишади. ОАВни ёпиш осон, журналист ва блогерлар овозини ўчириш қийин эмас.

Ахборот ташаббуси ташқи дунёга чиқиб кетгач, борган сари бу муассасалар ва мулозимлар, ўзлари учун қўшимча ваколатлар ва ресурслар сўрай бошлайди. Чунки ташқи дунёдаги “ахборот хуружлари” билан курашиш катта ваколат ва ресурсларни талаб қилади.

Қолаверса, давлат раҳбари ва олий ҳокимиятни ахборот билан таъминлаш ҳам, мана шу идоралар ва мулозимларнинг монополиясига айланади. Бу билан, давлат раҳбари икки томонлама вазиятнинг асири бўлиб қолади. Аввало, давлат раҳбари тўғридан тўғри мустақил ахборот ололмайди. Жамиятнинг кайфиятини била олмайди.

Агар жамиятда ижтимоий портлаш бўлса, бунинг оқибатлари айнан давлат раҳбари учун ўта оғир бўлади, чунки кўзга кўринмайдиган ва ўрта бўғиндаги мулозимлар ва муассасалар учун эса ҳеч қандай йўқотиш бўлмайди. Улар, қандай ишлаган бўлса, шундай ишлайверади. Қўшимчасига, давлат раҳбарияти давлатнинг ахборотни бошқарувчи институтлари монополиясига тўлиқ тушади.

Президент, Ўзбекистонда цензура ўрнатилишига эътироз билдириб, ўзининг тарихий манфаатлари учун курашяпти. Ахборот устидан цензура ўрнатиш – примитив усул. Бу усул муаммони ечмайди, балки давлатнинг муаммони кўриш ва ҳис қилиш қобилиятини ўлдирган бўлади. Президент эса, давлатнинг кўзлари очиқ бўлиши, қулоқлари яхши эшитиш кераклигини талаб қиляпти.

Ўзбекистон давлатчилигининг кўзлари ёпилиши ва қулоқлари тўлиқ том битиши биланоқ, иккинчи маъмурият тарихий кампанияни ютқазган бўлади, эски тафаккур тарафдорлари президент ва Ўзбекистон устидан тўлиқ ғалабага эришган бўлади.

Демак, Ўзбекистон Конституциясини, миллий манфаатларни, президентни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонда эркин ва рақобатдош ОАВни кучайтириб бориш керак. Бошқа йўл йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас...

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият