Англия Премьер-лигаси доирасидаги бешинчи тур марказий тўқнашуви – «Арсенал»га қарши баҳс «Манчестер Сити» учун нафақат йўқотилган очколар, балки асосий футболчиларнинг жароҳат олиши билан ҳам ёдда қолди. Ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ва ҳужумчи Эрлинг Холанднинг ўйин пайтида жароҳатланиши мураббий Хосеп Гвардиола учун янги бош оғриғига айланди.
Шу тариқа, мавсум бошиданоқ «шаҳарликлар» таркибида салбий омиллар кўпаймоқда ва Пеп яна таркиб танлашда таваккал қилишга мажбур бўлмоқда.
"Сити" мухлислари учун mancitynews.com сайти таҳлилчиси Дэвид Талли келтирган маълумотлар асосида жамоа футболчиларининг майдонга қайтиш муддатлари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этамиз.
Эрлинг Холанд – Норвегия тўпурари «Арсенал»га қарши ўйинда белидан жароҳат олди ва иккинчи бўлимда ўрнини Нико Гонсалесга бўшатиб беришга мажбур бўлди. Гвардиоланинг таъкидлашича, у машғулотларда иштирок этмаган бўлса-да, «Бёрнли»га қарши 27 сентябр куни бўлиб ўтадиган уй баҳсида сафга қайтиши кутилмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов – ўзбек ҳимоячиси «Арсенал» билан тўқнашувда рақиб пойини босиб олганидан сўнг жароҳат олиб, танаффусда захирага олинди. Пеп унинг камида учта ўйинни ўтказиб юборишини таъкидлади. Ҳусанов 5 октябр куни «Брентфорд»га қарши сафарда жамоага қўшилиши мумкин.
Умар Мармуш – Миср термаси сафида Буркина-Фасога қарши баҳсда тиззасидан жароҳат олган ва бир неча ҳафтадан бери даволанмоқда. У ҳам Ҳусанов каби 5 октябр куни «Брентфорд»га қарши майдонга тушиши мумкин.
Райан Айт-Нури – ёзда жамоага қўшилган ҳимоячи «Брайтон» билан ўйинда олган жароҳати туфайли узоқ муддатдан бери ўйнамаяпти. Унинг тикланиши халқаро танаффусдан кейин якунланиши кутиляпти. Сана – 18 октябрь, «Эвертон»га қарши баҳс.
Райан Шерки – ёш иқтидор август ойида оёқ сонини шикастлаб олганди. Унинг тикланиши икки ойдан кўпроқ вақт талаб қилади. Шерки 2 ноябр куни «Борнмут»га қарши учрашувда сафга қайтиши мумкин.
Матео Ковачич – тажрибали хорват яримҳимоячиси июнда операция қилинган эди. Пеп Гвардиола яқин орада у машғулотларга қайтганини, бироқ майдонга тушиш муддати ҳали аниқ эмаслигини билдирди.
Кэлвин Филлипс – тажрибали яримҳимоячи шахсий сабаблар туфайли сўнгги машғулотларда қатнашмаган. Унинг жароҳати ортда қолиб, саломатлиги тиклангани айтилмоқда. Бироқ спорт формасига кириб олиши учун вақт керак. Шу боис, майдонга қайтиши ҳали ноаниқ.
Хулоса қилиб айтганда, «Манчестер Сити»нинг асосий таркибдаги футболчилари сони кескин қисқарган ва Гвардиола яқин ҳафталарда таркибда катта тажриба қилишга мажбур бўлади. Бу эса жамоанинг ички мусобақалар ва халқаро турнирлардаги иштирокига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.