Бундеслигада “Айнтрахт” клуби шарафини ҳимоя қилаётган 22 ёшли ҳимоячи Натаниэл Браун Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтиш имкониятига эга бўлди.
Маълумотларга кўра, Хосеп Гвардиола қишки трансферлар ойнасида Браунни “Манчестер Сити”нинг чап қанот ҳимоясига олиб келишни режалаштирмоқда. Эслатиб ўтиш жоиз, ушбу позицияга ёзда марокашлик футболчи Райан Айт-Нури жалб этилган эди, бироқ унинг жароҳати туфайли айни дамда бу жойда асли ярим ҳимоячи бўлган Нико О’Райли ўйнаб турибди.
Caught Offside нашрининг қайд этишича, “шаҳарликлар” Браун учун Лондоннинг “Арсенал” клуби билан рақобатга кириши мумкин.
Натаниэл Браун аслида “Нюрнберг” тарбияланувчиси ҳисобланади. Франкфуртликлар уни 2024 йил ёзида 3 миллион еврога трансфер қилган эди. Шундан бери ёш ҳимоячи барча турнирларда 33 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан бирга 3 та гол ва 7 та ассист билан жамоасига катта ёрдам кўрсатди.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Брауннинг бозор қиймати 22 миллион еврога баҳоланмоқда. Шу билан бирга, унинг “Айнтрахт” билан амалдаги шартномаси 2030 йил ярмига қадар амал қилади.
Шу тариқа, қишки трансфер ойнасида Европа футбол бозорида қизғин тортишувлардан бири айнан Брауннинг келажаги билан боғлиқ бўлиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!