date

Дубайда дунёдаги энг қиммат қаҳва 680 доллардан сотилди

Дубайда дунёдаги энг қиммат қаҳва 680 доллардан сотилди

Дубай шаҳрида жойлашган Roasters Specialty Coffee House қаҳвахонасида дунёдаги энг қиммат қаҳва тайёрланиб, харидорга таклиф қилингани ҳақида Гиннесснинг рекордлар китоби расмий сайти хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, бир финжон қаҳванинг нархи 2500 дирҳам, яъни тахминан 680 АҚШ долларига тенг бўлган. Бу каби қимматбаҳо ичимликни истеъмол қилган харидорнинг шахси очиқланмаган.

Таъкидланишича, ноёб қаҳва тайёрлаш учун Панамадаги Hacienda La Esmeralda фермасида етиштирилган Гейша навли арабика донлари ишлатилган. Бу нав ўзининг юксак сифатли таъми, ўзига хос ҳиди ва ноёб хусусиятлари билан жаҳонда энг нуфузли қаҳва турларидан бири сифатида қадрланади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу қаҳванинг қимматлиги унда ишлатилган донларнинг камёблиги ва уларни етиштириш жараёнининг ўта мураккаблиги билан изоҳланади. Гейша тури ҳар доим ҳам катта ҳосил бермайди, шунинг учун бозорда унинг нархи одатдагидан бир неча баробар юқори.

Дубайда тайёрланган бу финжон қаҳва нафақат нархи билан, балки Гиннесснинг расмий рўйхатига кириши билан ҳам дунё қаҳва ихлосмандлари орасида катта қизиқиш уйғотди.

Шу тариқа, ушбу воқеа нафақат қаҳва бозори, балки гастрономия оламида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дубайда дунёдаги энг қиммат қаҳва 680 доллардан сотилди