Деярли юз йил давомида бошқа халқларга қарам ва мустамлака бўлганимиз учун тарихимиз ҳам шу бегона халқнинг кўз қараши ва рухсати билан ёзилди. Уларнинг қош-қовоғидан келиб чиқиб, илмий хулосалар ясалди. Уларни ранжитадиган фактлар бузиб кўрсатилди ёки кенг оммадан пинҳон тутилди.
Жумладан, “Россия Марказий Осиёни босиб олмаган, балки қўшиб олган”, деган жирканч бир ёлғонга ҳам мустақилликдан сўнг чек қўйилди. Ҳатто айрим тарихчи олим мустақиллик пайтида ҳам шу ёлғонни асарларида кўрсатишдан уялмади. Эмишки, Марказий Осиёдаги давлатлар “бизни ўзингизга қўшиб олинг” деб илтимос қилишган эмиш. Хусусан, Хива хони Шоҳниёзнинг Пётр I га элчи жўнатгани билан боғлиқ нотўғри фактлар бор.
Маълумки, Хива хони Арангхон вафотидан сўнг Бухоро хони Субҳонқулихон Хива тахтига ўз одами Шоҳниёзни (1690-1707) ўтказиб, амалда Хива хонлигини Бухорога вассал давлатга айлантирди. Шунинг учун ҳам Шоҳниёз гарчи ўзини хон, деб эълон қилган бўлсада, ўз фаолияти давомида Бухоро таъсиридан қутула олмади. XVII асрнинг охири — XVIII асрнинг бошларига келиб, Хива хонлигида сиёсий тарқоқлик, тахт учун курашлар ва маҳаллий ҳукмдорларнинг мустақилликка интилиш ҳаракатлари авж олиб кетади.
Вилоятлар ҳокимлари хонга итоат этмай қўйганлари боис, Хива хони сарой амалдорлари ва маҳаллий ҳукмдорлар қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолган эди. Шунинг учун ҳам XVIII асрга оид айрим ёзма манбаларда Хива хонлиги “Беш қалъа” деб аталган. Хонлик таркибидаги Хазорасп, Хонқа, Урганч, Кат ва Шовот қалъаларининг марказий ҳокимиятга тобелиги юзаки хусусиятга эга эди.
Айрим тарихчиларнинг айтишича, Шоҳниёз Бухоро таъсиридан қутулиш ҳамда марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш мақсадида 1703 йилда Россия ҳукумдори Пётр I га мактуб йўллайди. Бу мактубда гўё Хива хонлигини Россияга қўшиб олиш сўралгани таъкидланади. Пётр I нинг Хивани Россия таркибига қўшиб олгани ҳақидаги ёрлиғи 1707 йилда Хиванинг янги ҳукмдори Араб Муҳаммадга (1707-1715) топширилган. Аммо, Хивада сиёсий курашлар авж олиб турган шароитда ушбу ёрлиқ ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган эмиш.
Профессор Акбар Замоновнинг “Фикрат” таҳлилий кўрсатувида маълум қилишича, кейинчалик тадқиқотчилар бу фактнинг нотўғрилигини илмий жиҳатдан исботлашган.
- Шоҳниёзнинг Пётр I га ёзган мактубида 3 та банд бор, рус тилига таржимасида эса бу 5 та банд қилиб кўрсатилган, дейди профессор Акбар Замонов. - Албатта элчилик-дипломатия муносабатларида бир ҳукмдорнинг бошқа ҳукмдорга мактуб ёзишида маълум қоидалар бўлган. Ғарбнинг қоидаси билан шарқнинг қоидаси бир-биридан фарқ қилган. Дипломатик муносабатларни изчил йўлга қўйиш мақсадида ҳукмдорни мақтаб ёзади. Тўғридан-тўғри мақсадга ўтмайди. Сен буни қил, мен буни қиламан, демайди. Хива хонининг мактубидаги шарқона хушомадни рус таржимонлар “Пётр I га қарамлик изҳор этилган” деб тушунтиришган, қабилидаги тахминлар ҳам мавжуд. Аслида бу нохолис фикр. Мактубнинг аслида фуқаролик ва қўшиб олиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
Ҳаттоки Шоҳниёз Пётр I га элчи жўнатиб, ундан рус фуқаролигига қабул қилишни сўраган, деган ёлғон фактлар ҳам интернетни тўлдирган ҳозир. Ҳали айтганимдек, бу нотўғри факт. Мутахассислар бу хатни ўрганиб, унинг нотўғри талқин қилинганини исботлашган, дейди Ўзбекистон Тарих институти катта илмий ходими Низомиддин Гулбоев.
Дарҳақиқат, тарихни бу тарзда сохталаштириш совет пропагандасининг бир лойиҳаси бўлган. Халқимизга “биз сизларни босиб олмаганмиз, хонларингизнинг ўзи бизга хат ёзиб, элчи жўнатиб, илтимос қилгани учун қўшиб олдик”, дейиш учун шу каби ёлғонлар тўқиб чиқарилган.
Агар мазкур хат қандай ўрганилгани, нега нотўғри талқин этилгани, бу воқеа қандай оқибатларга олиб келгани билан қизиқсангиз, “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг мазкур сонини youtube.com тармоғида томоша қилинг.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг