00:33 / 15.04.2023
288

Шахснинг шаъни ва қадр-қиммати “ўйин” объекти бўлмаслиги керак

Шахснинг шаъни ва қадр-қиммати “ўйин” объекти бўлмаслиги керак

Кейинги кунларда ҳокимлар мавзуси яна трендга чиқди. Сабаби ҳаммага маълум. Назаримда, бу масаланинг иккита муҳим мезони, қирраси бор.

Биринчи мезони – масаланинг ахлоқий, маънавий томони. Албатта, раҳбар кадрлар ўзларининг репутациялари борасида, алоҳида қайғуришлари керак. Мулозимларда “меъёрий этика”, “ахлоқ нормалари”га риоя қилиш даражаси, юқори бўлиши керак. Чунки, давлат мулозимларига жамиятнинг ишонч даражаси пасайиши – ҳокимиятга, давлат органларига бўлган ишончнинг пасайишига сабаб бўлади.

Иккинчи томони, бу ҳуқуқий мезон ҳисобланади. Ўзбекистон, Конституцияга кўра – ҳуқуқий давлат. Ўзбёкистон ҳудудида ва унинг фуқаролари билан бўладиган барча муносабатлар замирида ҳуқуқ туриши керак. Ҳоким томонидан амалга оширилгани гумон қилинаётган иш ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ўлчаниши керак.

Ўзбекистон Конституциясига кўра, ҳар бир фуқаро, инсон – шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Жумладан, давлат мулозимлари ҳам. Яъни, кимдир давлат мулозими бўлиб ишласа, ва у давлат бюджетидан ойлик олса – унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мумкин дегани эмас.

Давлат мулозимлари, агар мана шундай вазиятга тушадиган бўлса, ҳуқуқий саволлар қуйидагича бўлиши керак: “бу ҳолат иш жойида бўлганми?”, “бу ҳолат иш вақтида бўлганми?”. Агар давлат мулозими, иш вақтида ва/ёки иш жойида шундай қилган бўлса, бу уни айблаш учун тўлиқ асос беради.

Яъни, давлат мулозими, иш вақтида ва иш жойида маиший ахлоқсизлик қилса, тўғридан тўғри ахлоқ кодексини бузган бўлади, давлат ва жамият олдида олган мажбуриятларини бажармаган бўлади. Бу – ҳуқуқий айбловлар учун асос бўла олади.

Агар юқоридаги иккала саволга ҳам “йўқ” деган жавоб олинса, ҳокимга билдириладиган эътироз, тўлиқ ҳуқуқий мақомга, ҳуқуқий кучга эга бўлмайди. Ҳалқаро ва Ўзбекистон қонунчилигига кўра, давлат мулозимларининг ҳам шахсий хаёти дахлсиз бўлиши керак. Бу масала, айниқса, ҳозирги информацион технологиялар, ижтимоий тармоқлар даврида жуда долзарб ҳисобланади.

Агар Ўзбекистонда ҳуқуқий тафаккур ривожланмаса, ёки заиф ривожланса, бу жамиятда ўта кучли зиддиятларни, ижтимоий ва сиёсий инқирозларни келтириб чиқариши аниқ бўлади. Ўзбекистон аҳолиси, давлат институтлари аниқ тасаввур қилиши керакки, глобал ахборот оқимлари даврида, миллатнинг инсон қадр-қимматини ва шахсий хаёт дахлсизлиги тушунчаси мустаҳкам ривожланиши керак.

Давлат мулозимларига нисбатан, ахлоқ кодекслари ўз аҳамиятини ошириб боравериши керак. Лекин, мулозимларнинг давлат ва жамият олдидаги асосий масъулияти – уларнинг профессионализми, малакаси, муаммоларни англаш ва ҳал қила олиш қобилияти бўлиши керак.

“Ҳоким иши” масаласида, кўпчиликни ўйлантираётган бошқа муҳим савол ҳам бор. Бу савол эса “шахсий ҳаётга таълуқли маълумотларни ким, нима мақсадда сиздирди?” Табиий, бу ҳоким ёки унинг тарафдорларидан сиздирилмаган. Демак, бу ерда бошқа масала бор.

Камолиддин Раббимов


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият