Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа вакиллари билан самимий мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида давлат раҳбари олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади Ўзбекистонни бутун минтақада таълим ва илм-фан марказига айлантириш эканини алоҳида қайд этди.
Маълум қилинишича, ҳозирги пайтда мамлакатимиздаги 4 та олийгоҳ дунёдаги энг нуфузли топ-мингталик рўйхатига кирган. Яқин келажакда уларнинг сони камида 10 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу орқали миллий университетлар халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, олийгоҳларда дунёдаги топ-500 талик университетлар билан қатор йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилади. Жумладан, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнологиялар, тиббиёт ва «яшил» энергетика соҳаларида қўшма таълим дастурлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда дунёдаги топ-100 таликка кирган университетлар филиаллари ҳам очилиши белгиланган. Бу эса ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиши, таълим сифатини янада ошириши кутилмоқда.
Президентнинг сўзларига кўра, мазкур мақсадларга эришиш учун келгуси йилда Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилади. Унда 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар, 500 та нуфузли университет ректори ва мингдан ортиқ хорижий экспертлар иштирок этади.
Шу билан бирга, хорижлик талабалар сони 5 баробарга кўпайтирилиб, таълим экспорти ҳажмини 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Мулоқот давомида таълим соҳаси ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг малакасини ошириш ва ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу режалар амалга оширилса, Ўзбекистоннинг олий таълими нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида ҳам кучли марказлардан бирига айланиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!