date

Россия бартер орқали санкцияларни четлаб ўтмоқда

Россия бартер орқали санкцияларни четлаб ўтмоқда

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Россия ташқи савдосида 1990-йиллардан бери илк бор бартер улуши яна ўсишга юз тутмоқда. Москва ва унинг ҳамкорлари бу усул орқали иккламчи санкциялар билан боғлиқ хавф-хатарларни айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Агентлик ёзганидек, 1990-йилларда бартер савдоси Россия учун юқори инфляция ва рубл қадрсизланиши шароитида фойдали ечим ҳисобланган. Бугун эса долларнинг чекланган транзакция имкониятлари сабаб бу механизм яна қўллана бошлади. Хусусан, Хитойдаги кўплаб банклар санкцияларга дуч келишдан қўрққани учун Россиядан тўғридан-тўғри пул қабул қилишдан бош тортаяпти. Бартер операцияларини эса кузатиш ва назорат қилиш анча қийинроқ ҳисобланади.

2024 йил бошида Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги «Ташқи савдо бартер битимлари навигатори»ни эълон қилган эди. Унда санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида бартердан фойдаланиш бўйича қисқа йўриқнома тақдим этилган ва махсус бартер биржаси сифатида ишлайдиган савдо платформаси яратиш таклифи билдирилган. Reuters маълумотича, бу каби схемаларнинг амалда қўлланаётганига оид далиллар эндигина ошкора бўла бошлади.

Журналистлар томонидан ўрганилган саккизта йирик бартер битимидан бири доирасида Хитойда ишлаб чиқарилган автомобиллар Россияга буғдой эвазига етказиб берилган. Яъни россиялик компаниялар мамлакатда донни рублга харид қилиб, хитойлик ҳамкорларга топширган, улар эса ўз навбатида олдиндан юанга сотиб олинган транспорт воситаларини тақдим этган.

Яна икки келишувда Россия компаниялари зиғир уруғини маиший техника ва қурилиш материалларига алмаштирган, улардан бири қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ суммага бағишланган. Бошқа операцияларда эса россиялик контрагентлар Хитойга алюминий, турли металлар ва хомашё етказиб бериш орқали машиналар ва хизматлар қўлга киритган. Ҳатто Покистон билан ҳам шунга ўхшаш бартер битими амалга оширилгани маълум қилинди.

Агентлик манбаларига кўра, айрим битимлар орқали Россия санкциялар остидаги Ғарб маҳсулотларига эга бўлиш имкониятини қўлга киритган. Reuters’нинг савдо соҳасидаги уч нафар суҳбатдоши бу каби амалиётнинг «тобора кенг ёйилаётганини» тасдиқлаган. Бироқ уларнинг шаффоф эмаслиги сабаб бартер савдосининг умумий ҳажмини аниқ белгилаш жуда мушкул экани таъкидланди.

Шу тариқа, Россия ташқи савдосида қайтадан оммалашаётган бартер битимлари санкциялар шароитида асосий воситалардан бирига айланаётгани кузатилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия бартер орқали санкцияларни четлаб ўтмоқда