4–14 сентябрь кунлари Англиянинг Ливерпуль шаҳрида катталар ўртасида бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам иштирок этди ва мухлислар учун қувончли тарихий натижаларни қайд этди.
Энг муҳим факт шуки, терма жамоамиз дунё биринчилигида илк бор 6 та олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. Шунингдек, йигитларимиз 6 та олтин ва 1 та кумуш билан барча эркаклар терма жамоалари орасида биринчи ўринни эгаллаб, дунёдаги энг кучли жамоа сифатида тан олинди.
Абдумалик Халоков ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев иккинчи марта жаҳон чемпиони мақомига эга бўлишди. Бу уларнинг барқарор маҳорат ва иродасини яна бир бор исботлади. Шу билан бирга, эркаклар ўртасидаги барча вазн тоифаларидаги олтин медаллар фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчиларига насиб этгани диққатга сазовор ҳолат бўлди.
Жангларда айниқса Абдумалик Халоков ва Акмалжон Исроиловнинг кўрсаткичлари алоҳида қайд этилди — улар ҳар бир баҳсда барча раундларни 5:0 ҳисобида ўз фойдаларига ёздириб қўйишди. Бу ҳолат уларнинг мутлақ устунлигини намоён этди.
Шу билан бирга, Тўрабек Ҳабибуллаев, Акмалжон Исроилов, Жавоҳир Умматалиев ва Фазлиддин Эркинбоев биринчи марта катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашишди. Илк уринишнинг ўзидаёқ уларнинг ҳар бири олтин медал соҳибига айланиши эса спорт тарихимизда алоҳида воқеа сифатида ёдда қолади.
Аёллар терма жамоаси ҳам ўз натижаси билан қувонтирди. Улар жаҳон чемпионатларидаги энг яхши кўрсаткичини такрорлаб, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси маълумот беришича, бу ютуқлар мамлакат спорт тарихи учун янги саҳифа очди. Боксчиларимиз нафақат рекорд яратди, балки дунё аренасида ўзбек бокси нуфузини янада юксалтирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!