21:44 / 07.07.2023
1 114

Алимджанов ва бошқаларнинг алломаларимизни кофир дейиши қанчалик хавфли?

Алимджанов ва бошқаларнинг алломаларимизни кофир дейиши қанчалик хавфли?

Охирги пайтларда блогер Нозим Сафарийнинг Бахтиёр Алимджанов билан ўтказган “подкаст”и (енгил суҳбати) интернет тармоғида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу “енгил суҳбат”даги кўплаб жиҳатларга юртдошларимиз томонидан бир қатор эътирозлар билдирилди. Уларнинг (суҳбатдошларнинг) тарафини олганлар ҳам бор. Кимдир “атлас кўйлак кийиб чиқса нима бўпти?! (эркинлик)” деган бўлса, яна кимдир “атеистлар хориждан пул олиб тургани” учун шунақа (атеистик) ғояларни ёйишини ёзди. Айримларнинг фикрича, одамнинг ташқи кўринишига, кийимига эмас, айтаётган фикрига қараш керак. Тўғрисини айтганда, билдирилган эътироз ва мулоҳазаларга қўшилиш ҳам, айни пайтда рад этиш ҳам мумкин.

Аслида ўша дастурда билдирилган хулосаларнинг “икки пулга арзимаслиги”ни таниқли уламо, тарих фанлари номзоди Ҳамидуллоҳ Беруний академик услубда келтириб бўлди (мазкур мақола билан мана бу ерда танишишингиз мумкин: манба). “Тарихчи сифатида Бахтиёрнинг йўналиши аслида Чор Россияси ва совет мустамлакасининг илк даврида банклар ва банк иши тарихидир. Масалан, ислом тарихи, ренессанс даврлари, буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижоди, Амир Темур фаолияти ва ҳатто хонликлар даври каби тарихимизнинг ошкора ҳамда ҳанузгача яширин даврлари борасида махсус шуғулланган мутахассислар гапиргани маъқул ва мантиқлидир, айни пайтда бу илмий одоб ҳамдир”, дейди Ҳамидуллоҳ Беруний ўз раддиясида. Бизнингча, бу ўринда ортиқча изоҳ ва ё қўшимча шарт эмас.

Лекин... Масаланинг бошқа тарафиям бор. Кўпчилик ўзбек жамиятида атеистик ғояларни фаол тарғиб қилинишидан ҳақли хавотир билдирмоқда. Масалан, блогер Девонаи Ҳақгўй узоқ йиллардан буён атеист ва либерал қатламнинг фикрларини кузатиб келишини, уларнинг ҳаракатларида толерантлик ниқоби остида жамиятни динсизлаштириш амалга оширилаётганидан ташвишда эканини ёзди.

Дарҳақиқат, юқорида келтирилган “енгил суҳбат” баҳона айрим саволлар яна ўйлантира бошлади. Ўзбекистонда атеистик ғояни тарқатишга нега зўр бериляпти? Атеистликни ёймоқчи бўлганларга хориждан пул тўланадими? Атлас кўйлак кийишнинг зарари йўқми? Аллома боболаримизни мусулмон бўлмаган деб талқин қилишнинг нима зарари бор? Уларнинг шахсиятига эътибор қаратишимиз керак эмасми?

Атеистик  кайфият ва ақидани тарқатишдан мақсад маълум – жамиятни бўлиб юбориш (Бўл ва бошқар!” тамойили ҳамон кун тартибида). Авваллари қурол кўтариб мамлакатингиз босиб олинган бўлса, бугун ўз ғоя ва яшаш тарзларини ёйиш орқали мустамлака қилишга уринишяпти. Собиқ иттифоқ даврида замонавийлик ниқоби остида динга, миллий ўзликка – қадрият ва анъаналаримизга зарба берилган бўлса, бугун ғарбнинг ялтироқ ҳаётини тарғиб қилиш билан бу ғаразга эришиш ҳаракатидалар.

Бунга пул олишадими?

Илгарилари бунга мен ҳам ишонмасдим. Яқинда бир курсдошим “Azon.uz сайтида мақоламни чиқариб беринг”, деб илтимос қилиб қолди. Ўқиб кўрсам, гўё Ўзбекистонда диний эркинлик бор деган фикрни илгари суриш пардаси ортида черковларни тарғиб қиляпти. Яна юртимиздаги энг кўп диндорлар яшайдиган шаҳар мисолида денг. Кўришиб, нега бундай қилаётганини очиқча сўрадим. У қилаётган ишидан ўзи ҳам сиқилаётганини (гуноҳ деб ўйлаб), аммо моддий томондан қийналгани учун хорижнинг бир лойиҳасида иштирок этаётганини, шу мақолани бизнинг сайтда чиқариш катта баҳоланишини тан олиб айтди. Чет элдаги турли институтларнинг “Ўзбекистонда диний эркинлик...”, “Ўзбекистонда диний озчиликка муносабат”, “Мусулмон жамиятида атеистнинг яшаши” ... ва ҳакозо мавзулардаги лойиҳаларига тўланадиган мўмай даромадлар биз ўйлаганчалик ҳавога пул сочиш эмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Бу билан Нозим Сафарий ва Бахтиёр Алимджанов атеистик ғоя тарқатгани учун хориждан пул олади демоқчи эмасман, менда бунинг учун далил йўқ...

Атлас кўйлак масаласида ҳам қарашларим аксарият ўзбеклар қатори классик – эр йигит эркакча кийиниши керак. Ёшлигимизда қизил кўйлак кийган тенгдошларимизга: “Эркак кишига ярашадиган кийим кийсанг бўлмайдими ҳепичага ўхшамай!” деб танбиҳ беришарди. Кейин билсак, аёлларнинг кийимини кийган эркак ва ё эркакча кийинган аёллар лаънатланган экан. Хотин қизларга хос кийинган йигитларда ружулат камайиб кетади, дейди катталар. Ва азалдан юмшоқликка мойил йигитларни дағал кийимлар кийдириш, эркак кишиларга хос оғир (масалан қурилиш каби) ишларга жалб қилиш орқали ружулатини орттиришар экан. Бахтиёр Алимджановнинг атлас кўйлак кийиб чиққани шу туфайли қаттиқ танқидларга сабаб бўлди, деган қаноатдаман. Зотан, ЛГБТ каби нафақат Ислом, балки инсонийлик табиатига ҳам зид ифлосликлар айни шу йўсунда, яъни эркакларнинг ружулатини йўқотиш орқали тарқатилади.

Аллома боболаримизни куфрда айблаш, бу – фақатгина Ислом динига тош отишгина эмас, аксинча, раҳматли уламоларимизга нисбатан ҳақорат ҳамдир. Зеро, диёрларимизда Ислом дини ёйилгандан кейингина буюк даҳолар етишиб чиққани, уларнинг ҳаммаси ўзларининг қийматли асарларини Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салоту салом йўллаш орқали бошлаганлари, ёшликларидан Қуръони каримни ёд олганлари... Буларни исботлаб ўтиришга эҳтиёж ҳам йўқ.

Бундан ташқари, атеист кишилар ҳам соғлом ақл билан ўйлаб кўрсин, ўша даврларда, аниқ айтадиган бўлсак, ўрислар бостириб келгунча диёрларимизда мадрасалардан бошқа илм масканлари бўлганми? Ибн Сино, Беруний ва бошқа алломаларимиз Гарвард ё Кембридж университетларида таҳсил олиб шу даражага етдими? Мадрасалардаги таълим сифатининг тушиб кетиши, илм-фаннинг ривожига айрим жоҳил ва хурофот аҳлининг қарши чиққанини аксар уламоларимиз тан олади ва танқид қилади, шунингдек, танқид қилинишига қарши ҳам эмас. Масалан, бир ойча аввал устоз Мубашшир Аҳмад билан ташкил этилган “Бизнинг ракурс” номли дастурда ҳам айнан шу мавзуда суҳбатлашган эдик. “Шахсларни, уларнинг ишларини, жумладан, уламоларни ҳам танқид қилиш мумкин. Ислом шариати ва пайғамбарлар маъсум, холос”, деган эди Мубашшир Аҳмад домла (кўрсатувни қуйидаги линк орқали кўришингиз мумкин).

Фикр билдирган кишининг шахсиятига эътибор қаратиши керакми деган саволга келадиган бўлсак, рости бу ҳақда ҳам кескин фикр билдиришдан йироқмиз. Лекин... Бу гап илмий доираларда алоҳида қийматга эга бўлади. Бахтиёр Алимджанов ким экан деб интернетдан излаб кўрганда бир қизиқ маълумот эътиборимни тортди. Ўзи “Россия империясининг Туркистон генерал-губернаторлигидаги иқтисодий сиёсати” мавзусида диссертация ёқлаган. Айтишларича, тадқиқот объекти ўрис босқинининг илк йилларидаги банклар фаолияти бўлган экан. Бу жиҳатдан унинг ўзбекнинг узоқ ўтмиши ҳақидаги гаплари ортиқча илмий қийматга эга эмаслигини Ҳамидуллоҳ Беруний ёзганларини эслатдик.

Қирғистондаги рус тилида фаолият юритадиган бир сайтда уюштирилган суҳбатда Б. Алимджанов ғалати позицияни танлаган.

Бир йилча аввал эълон қилинган суҳбатда гап Толибон ҳаракатининг Марказий Осиёга таҳдиди ҳақида боради. Суҳбатдошлар Афғонистондаги вазият ўзгариши туфайли минтақамизга хавф борлигидан хавотир олиш баҳона Марказий Осиё давлатларига, жумладан, Ўзбекистонга ҳам қуролли гуруҳлар (террористлар) кўчиб ўтаётганини сингдирмоқчи бўлишган.

Бахтиёр Алимжонов  суҳбатдошларининг фикрларини тасдиқлар экан, “Ўзбек жамиятида дунёвийлик инқирози юз берган”ини, “Толибоннинг радикал ғояларига ҳамдардлик кучайганини”, “Диндор радикаллар Тошкентдаги “гейпарад”га қарши чиқиб, Аллоҳу акбар деб қичқирганини хавотир билан гапиради.

“Ҳозир президент ўтган йилгидек деярли ҳар ой муқаддас жойларга боради, Ислом цивилизацияси маркази қурилмоқда, Саудия Арабистонига ташрифи режалаштирилган. Ҳокимият яхши мусулмон бўлишга ҳаракат қилмоқда, расмий давлат телеканалларида диний тарғибот учун кўпроқ ўрин бор: турли муллалар гапиради, томошабинлар саволларига жавоб беради. Диний арбобларга кўп эфир вақти берилди, дунёвий зиёлиларга вақт деярли йўқ. Бу сўнгги ўттиз йил ичида амалга оширилган мувозанатлаш ҳаракати тугаганидан далолат беради", дейди у.

Шунингдек, у 2019 йилда “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпилганини ажабланиш билан эслайди.

“2021 йилда улар (диндорлар) гомосексуалларга қарши очиқ чиқишди (бир неча ўнлаб одамлар “Аллоҳ Акбар!” дея ҳайқирган ҳолда Тошкент марказидан ўтиб, ЛГБТ ҳамжамиятига мансубликда гумон қилинган бир гуруҳ ёшларга ҳужум қилишди) ва бу аллақачон сиёсий ҳаракатлар сари биринчи қадамдир. Гарчи бундан кейин исломчилар томонидан ҳали бирорта ҳам сиёсий ҳаракат ташланмаган бўлса ҳам”, дея хулоса қилди у (иқтибос тугади).

Юқоридаги фикрлардан сўнг нима дейиш мумкин? Бахтиёр Алимджанов Исломнинг ёйилишидан қаттиқ хавотирда, унингча Ислом дунёвийликка зид. Қолаверса, ва энг ёмони, у ЛГБТнинг тарқалиши тарафдори. Ҳар тугул унинг катта эътирозларга сабаб бўлган “енгил суҳбат”даги услубидан келиб чиқиб шундай фикрга борса бўлаверади.

Умумий хулоса шуки, атеистик ғояларни ёйиш ҳам худди миссионерлик каби тақиқланиши ва тегишли тартибда жазоланиши керак. Уларнинг Ўзбекистонда яшашига қарши эмасмиз, ҳатто бундан безовта ҳам бўлаётганимиз йўқ. Чунки ҳамманинг эътиқод эркинлиги бор ва буни тан оламиз. Лекин жамиятни бўлиш ва миллий қадриятларимизга зимдан зарба бермоқчи бўлганларга имкон қолдирмаслигимиз шарт. Аслида ўз мамлакатидан босқинчиларни қувиб чиқарган Толибондан эмас, балки жамиятни парчалаш ҳаракатидаги кимсалардан хавф кўпроқ бизга...

Абдулазиз Муборак

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алимджанов ва бошқаларнинг алломаларимизни кофир дейиши қанчалик хавфли?
ePN