07:09 / 26.07.2023
720

Ёз чилласи аёвсиз қиздирмоқда. Ҳаво қачон салқинлашади?

Фото: "cgtn.com"

Бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг кўплаб минтақаларида ҳаво ҳарорати юқори даражада исимоқда. Иқлимшунослар июль ойининг дастлабки кунларидан Тинч океанида сув ҳароратининг исиб кетиши билан боғлиқ “Эл-Нинё” ҳодисасини бунга асосий сабаб сифатида келтирмоқда.

Ўзини оқлаган прогноз

“Ўзгидромет” бир неча кун аввал 24—27 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига иссиқ ҳаво оқими кириб келишини прогноз қилганди. Прогноз ўзини оқлади. Умуман олганда, 24—25 июль кунлари Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати нисбатан юқори бўлиб, деярли барча вилоятларда 41-42 даражагача кўтарилди. Хусусан, 25 июль куни республиканинг ҳамма текислик ҳудудларида ҳарорат максимумлари 42 даражагача чиқди.

Албатта, бу ҳолат фақат бизнинг минтақадагина рўй бермаяпти. Айни пайтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида “Эл-Нинё” ҳодисасининг ғайритабиий таъсирлари сезилмоқда. Масалан, айрим давлатларда юқори иссиқ ҳарорат, ноодатий ёғинлар ёки сув тошқинлари кузатилмоқда.

“Эл-Нинё” ҳақида қисқача

“Эл-Нинё”—Тинч океани марказий ва шарқий тропикларида сув юзасидаги ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқлим режими ҳисобланиб, ўртача 2-7 йилда бир марта содир бўлади. У одатда 9 ойдан 12 ойгача давом этади. Июль ойи бошида БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти Тинч океанининг тропик қисмида етти йил ичида биринчи марта “Эл-Нинё” шароити юзага келганини эълон қилди. Бу ҳодиса глобал ҳароратнинг кескин ошиши ва ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво эҳтимолини оширади.

Иқлимшунослар таҳлилига кўра, ҳозирда мазкур ҳодиса дунё иқлимига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Тинч океани марказий ва шарқий минтақаларида сув ҳароратининг меъёрдан уч даражагача кўтарилиб кетиши дунёда кунлик ҳарорат рекордлари янгиланишига олиб келган.

Маълумотларга қараганда, ўтмишда “Эл-Нинё” ҳодисалари бутун дунё қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётига муаммо туғдирган. Шунинг учун экспертлар барча мамлакатлар унинг салбий оқибатларини камайтириш учун чоралар ишлаб чиқиши зарурлигини такрорламоқда.

Охирги марта 2016 йилда кузатилган “Эл-Нинё” Ўзбекистонга ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Ўша даврда қиш илиқ, баҳор иссиқ ва жазирама ёз кетидан кузнинг октябри совуқ, ноябрда эса қор ёғиб юборган.

“Агар 2016-анолог йилга ишонилса, келаётган қишимиз ҳам илиқ бўлиши мумкин. Албатта, бу узоқ муддатли прогнозлар. Унинг ўзини оқлаш даражаси жуда паст. Лекин йўқдан кўра бор мақолига амал қилинса, келгуси қадамлар шу аснода ташланса, ёмон бўлмайди”, — дейди иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.

Прогнозларга кўра, 2024 йил дунёда охирги 8-9 йиллик ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин.

Ҳаво қачон салқинлашади?

“Ўзгидромет” прогнозларига кўра, 27–29 июль кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати бир оз пасайиши кутилмоқда. Хусусан, 27 июлда Қорақалпоғистон ва Хоразмга, 28 июль куни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига Қозоғистондан нисбатан салқин ҳаво кириб келади. Мамлакатда ҳарорат 35-38 даражагача, жанубда 40-42 даражагача пасаяди. Бундай ҳарорат жорий ҳафта охирида ҳам сақланиб туради.

“Чилла тобора йўқолиб бормоқда”

Гидрометеролог Эркин Абдулаҳатовнинг “Дарё” мухбири билан суҳбатда авваллари ёзда чилла пайтидаги аномал иссиқ яхшироқ бўлганини айтган.

“Чунки ёзда ҳаво қуруқроқ бўларди. Ҳозир тунда ҳарорат пасайиш ўрнига, кўтарилиб кетмоқда. Олдинлари ҳарорат кечаси 20 даражагача пасайиб, этни жунжитадиган ҳаво бўлган. Ҳозир эса ундай эмас. Чунки ҳаводаги намлик юқори. Иссиқлар ўзининг вақтида – чиллада бўлмаяпти. Илгари ёзда намгарчилик 20-30 фоизга ортган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 50 фоизгача кўтарилди. Бунинг оқибатида инсонлар организми қийналяпти. Чилла деган нарса тобора йўқ бўлиб кетмоқда. Масалан, шу йилнинг апрель ойида Хоразмда +42 даража иссиқ ҳарорат кузатилди. Бу зарарли, албатта. Апрель – уйғониш даври. Ҳаво иссиқ бўлгани ҳисобига Хоразм ҳозир сув танқислигини бошдан кечиряпти”, — деди мутахассис.

Аввалроқ Ўзбекистонда энг иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилган йиллар ҳақида маълумот берилганди.

Маълумотларга кўра,

  • 1983 йилда Бухоро вилоятида республика тарихидаги рекорд ҳарорат +49,9 даражали иссиқ кузатилган.
  • 1914 йилда Сурхондарё вилояти Термиз шарида +49,6 даража иссиқ бўлган.
  • Тошкент шаҳрида эса 1997 йил 18 июлда термометр устунчаси +44,6 даража иссиқни қайд этган. Бу ўша давр учун сўнгги 160 йиллик кузатувлар тарихидаги энг юқори, рекорд даражадаги иссиқ ҳароратдир.
  • Нукусдаги энг юқори ҳаво ҳарорати 2002 йил август ойида кузатилган бўлиб, иссиқлик +46,8 даражагача кўтарилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёз чилласи аёвсиз қиздирмоқда. Ҳаво қачон салқинлашади?
ePN