Катта бизнес режалар тузиб, уни эвазига катта кредит олиб, банк олдидаги мажбуриятларини бажариш, яъни олган маблағини қайтаришда ярмига кучи етиб, қолганига етмаса ана муаммонинг каттаси шунда бошланади. Эвазига бор йўғидан ҳаттоки яшаб турган уй жойидан ҳам ажралиб кўчада қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам "Етти ўлчаб бир кес" деган нақл бор.
Бюронинг Зангиота туман бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманлараро судининг ижро варақасига асосан даъвогар АИТБ “Ипак йўли” банки жавобгар Н.Мирзамахмудова ва О.Мирзамахмудов Тошкент вилояти, Зангиота туман, Эркин ҚФЙ, Янгиҳаёт МФЙ, Гулханий кўчасида жойлашган хонадонидан мажбурий тартибда кўчириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 07.09.2022 йилда келиб тушган бўлиб шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб тарафларга юборилган.
Қарздор О.Мирзамаҳмудов томонидан қарор ижроси юзасидан давлат ижрочисининг қонуний талабларини бажармай, ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиш билан бир қаторда суд қарори ижросини бажармаганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 1981-моддаси асосан асосан энг кам ойлик иш ҳакининг 5 баробари микдорида, яъни 1.650.000 сўм миқдорда жарима белгиланган бўлиб, белгиланган жарима тўлиқ ундирилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор номидаги уй-жой банк балансига ўтказилган бўлиб, банк ушбу мулкни сотувга қўйишини билдирган. Бунинг натижасида қарздор яшаб турган мазкур манзилдаги уй-жойдан мажбурий кўчириш чоралари кўрилганда, қарздор томонидан ундирувчи АИТБ “Ипак йўли” банки олдидаги қарздорликларини тўлиқ қоплаган.
Шунга кўра, мазкур ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддаси 1-қисмига асосан ижро этилиб, амалда тамомланган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!