Ўзбекистонда 65 нафар бола ўлимига сабабчи дея қаралаётган “Док-1 Макс” сиропи бўйича суд иши бошлангани хабар берилганди. Мазкур суд мажлисларида сироп сабаб боласидан айрилган жабрланувчилар ҳам иштирок этмоқда. “Дарё” мухбири ана шундай жабрланувчиларни суҳбатга тортди.
“Ўзбекистонга олиб кирилаётган дориларга ишонгандик…”
“Док-1 Макс” сиропидан заҳарланиб вафот этган 3,5 ёшли Шавкатжоннинг онаси Юлдузхон Холбоева Ўзбекистонга олиб кирилаётган дориларга ишонгани боис, дорихонадан “Док-1 Макс” сиропини олиб, ўғлига ичирганини, аммо эндиликда бундан афсусланаётганини айтмоқда.
Ўғлим 2019 йил туғилган эди. Томоғи оғригач, “Док-1 Макс” сиропини бердик. Дори ичганидан сўнг 2-3 кун ўтиб, болам қайд қила бошлади. Поликлиникага олиб бордик. У ердан йўлланма билан шаҳар болалар шифохонасига юборишди. Шаҳар шифохонасида ҳам аниқ касаллигини айтишолмади. Шундан сўнг Нукус шаҳридаги Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига ётдик. У ерда боламнинг икки буйраги ишламаётганини айтишди. Ўғлим сиймай қўйди. Уч кундан сўнг у комага тушиб қолди. Бир ой 20 кун комада ётди. 2022 йилнинг 12 декабрь куни эса вафот этди, — дейди “Док-1 Макс” сиропидан вафот этган Шавкатжоннинг онаси Юлдузхон Холбоева.
Унинг айтишича, боласи вафот этгач Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари у билан суҳбатлашиб, ўғлига нима дори берганини сўраган.
Вазирликдан бизга телефон қилишиб, қандай дори бергандинг деб сўрашди. “Док-1 Макс” сиропини берганимни айтганимда, демак ўлим шу доридан экан дейишди. Биз шундан сўнг прокуратурага мурожаат қилдик, — дейди онаизор.
Юлдузхон Холбоева бугунги кунда ҳеч қандай дорига ишонмаётганини, Ўзбекистонга кириб келган дорини ўғлига ичиришда масъулларга ишонганини таъкидламоқда.
“Ўғлимни ўзим заҳарлаган эканман”
Сироп сабаб 3,5 ёшли ўғлидан жудо бўлган Бўтакўз Жумағалиева ўғли қайсарлик қилиб, дорини ичмайман деса-да, мажбурлаб ичирганини, боласини ўзи заҳарлаб қўйганини айтмоқда.
3,5 ёшли ўғлим Озодбек 2022 йилнинг 25-октябрь куни касал бўлиб қолди. Ўғлимнинг боғчасидагилар телефон қилиб, унинг мазаси бўлмаётганини айтишди. Уни олиб кетинг дейишди. Бориб, олиб кетдик. Уйга боргач, ўғлим овқат ҳам емай қўйди. Бундан олдинроқ ўғлимга “Док-1 Макс” сиропини бергандим. Ўғлим ўшанда ичмайман деб, қайсарлик қилиб, қочганди. Мен эса ич деб, мажбурлаб ичиргандим. Афсус, ўшанда ўзим уни заҳарлаган эканман, — дейди Бўтакўз Жумағалиева.
Онаизорнинг айтишича, шундан сўнг ўғлини Нукус шаҳридаги шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борган.
Шифокор аввалига ўғлингизга коронавирус юққан деди. Ўғлим беш кундан сўнг комага тушиб қолди. Шу беш кун давомида 18 марта диализ олди. Ўғлимнинг комада ётиши 20 кун давом этди. Шундан сўнг болангиз ўлди дейишди, — дейди марҳум Озодбекнинг онаси.
Бўтакўз Жумағалиеванинг айтишича, Озодбекнинг акаси уни изламоқда.
Ўғлим 7 сентябрь куни 4 ёшга тўларди. Айбдорларнинг болалари ҳам шу дорини ичиб, заҳарланиб ўлишганида улар ота-оналар қанчалик қийналаётганини билишган, тушунишган бўларди. Катта ўғлим ҳам тушкунликка тушиб қолган. Укам қаерда деб қайта-қайта сўрайди. У жуда тушкунликда. Кўникаяпмиз, лекин барибир онани боласидан айирмаслик керак экан. Суддан айбдорларга адолатли жазо тайинланишини сўрайман, — дейди онаизор.
Қорақалпоғистонлик 4 ёшли Муҳаммед ҳам шу сироп сабаб, вафот этган 65 нафар болаларнинг бири ҳисобланади.
Муҳаммед исмли ўғлим 2019 йил 15 июлда туғилганди. Жуда соғлом, соғлиғида ҳеч қандай муаммоси йўқ эди. Томоғи оғригач, амбронол сиропини ичирдим. Уч кун шу сиропни ичди. Шунга қарамай гриппи кучайиб кетди. Шундан сўнг ўзимизнинг туманимиздаги тез ёрдамга олиб бордим. У ерда уч кун ётдик. Учинчи куни болам сиймай қолгач, Нукус шаҳридаги Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига йўлланма билан бордик. У ерда текшириб кўришиб, буйраги ишламаяпти дейишди. Ўғлимни жонлантириш бўлимига ётқизишди. Коронавируснинг бир тури, кўпчилик келишяпти дейишди. Кўп ўтмай ўғлим комага тушиб қолди. 21 декабрь куни ўғлингиз вафот этди дейишди, — дейди боланинг онаси Элвира Хўжамуратова.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика суд тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари хулосаларига кўра, “Док-1 Макс” ва “Амбронол” (сироп) дори воситаларини истеъмол қилган 65 нафар бола ўлимига мазкур дори воситалари таркибидаги этиленгликол ва диэтиленгликол ёт моддаларидан заҳарланиш сабаб бўлган. Доридан заҳарланган болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги келиб чиққан.
Суднинг дастлабки мажлисларида сўз олган судланувчиларнинг қайд этилишича, “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонга дастлаб 2012 йил олиб кирилган. 2021 йил 22-октябрь куни “Док-1 Макс” сиропини рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг муддатини узайтириш учун Давлат марказига ариза топширилган. Ҳужжатларда сиропни ишлаб чиқарувчи Marion Biotech Pvt.Ltd компаниясининг GMP сертификати муддати 2021 йил 24-октябрь куни тугаши кўрсатилган бўлган.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг