23:20 / 06.09.2024
23

Ўзбекистон хитойликлар учун навбатдаги энг яхши саёҳат йўналишига айланди

Ўзбекистон хитойликлар учун навбатдаги энг яхши саёҳат йўналишига айланди
Фото: XINHUA
Хитойнинг China Daily нашрида Адҳамжон Жанобиддиновнинг “Ўзбекистон хитойлик сайёҳлар учун навбатдаги энг яхши саёҳат йўналишига айланди” номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида эътиборингизга мазкур мақолани ҳавола қиламиз.

“Ўзбекистон қадим Ипак йўлида жойлашгани боис Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар минг йиллар аввалга бориб тақалади. Бироқ Хитой элчисининг Фарғонага (ҳозирги Ўзбекистон) биринчи ташрифи милоддан аввалги 128 йилга тўғри келади. Минг йиллар давомида бу икки халқ ўртасида маданият ва анъаналар алмашинуви давом этиб келмоқда. 1991 йилда Хитой Ўзбекистон мустақиллигини тан олди ва 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатди. Йиллар ўтгани сайин Хитой—Ўзбекистон ҳамкорлиги жадал ривожланиб, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми ошди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонга келаётган хитойлик сайёҳлар сони ҳам кескин кўтарилди. Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Хитойдан Ўзбекистонга 42 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган.

Маълумки, Хитой дунёдаги энг йирик туризм секторига эгалик қилади. Шундай экан, ҳар йили 100 миллиондан ортиқ хитой фуқароси чет эл саёҳатида бўлади. Таиланд, Франция ва БАА хитойлик сайёҳлар учун энг машҳур йўналишлар бўлса-да, эндиликда Ўзбекистон ҳам туризм ихлосмандларини ўзига жалб қилмоқда.

Биринчидан, Ўзбекистон саёҳат учун жуда қулай давлат, Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун виза режимини бекор қилиб, сайёҳларга мамлакатда 10 кунгача қолиш имконини тақдим этади.

Иккинчидан, Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 50-100 та тўғридан тўғри рейслар мавжуд бўлиб, саёҳатчилар ўзлари истаган вақтда учиб келиш имконига эга.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида эса соатлаб суҳбат қуриш мумкин. Мамлакат ўзининг ноёб меъморчилиги, мафтункор табиати ва ўзига хос маданияти билан машҳур. Ўзбекистонда ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий обидалар, минглаб тарихий ва археологик объектлар жойлашган.

Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти бўлиб, замонавий бинолари, гўзал боғлари ва ноёб совет меъморчилиги билан машҳур. Бу ер Марказий Осиёнинг энг кўп аҳоли яшайдиган шаҳри. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бири — ўз вақтида дунёдаги учинчи энг баланд минора бўлган Тошкент телеминораси, гавжум Чорсу бозори, Ўзбекистон Диснейленди сифатида танилган Тhе Magic City Park.

Қолаверса, Тошкент метроси ҳам саёҳатчилар энг гавжум бўладиган ерлардан бири ҳисобланади. Тошкент метроси шунчаки метро эмас, балки музей ҳам. Ҳар бир бекат турли архитектура услублари асосида қурилган.

Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри Самарқанд Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳар сифатида танилган бўлиб, 2007 йилда шаҳарнинг 2750 йиллиги нишонланди. Самарқанд узоқ муддат Темурийлар салтанатининг пойтахти бўлиб хизмат қилган. 1370 йилда Амир Темур томонида Темурийлар салтанатига асос солинган. Бу тарихдаги энг йирик империялардан бири эди. Тарихчилар таърифлаганидек, “Темурийлар салтанатининг шарқидан ғарбига бориш учун 6 ой вақт керак бўлган”. Амир Темур ўз даврида Самарқанд шаҳрига энг истеъдодли меъмор ва мусаввирларни таклиф қилиб, уларга гўзал иншоотлар қуриш вазифасини топширади. Бир неча асрлар ўтиб, бугунги кунда ҳам бу обидалар сайёҳларни ҳайратга солмоқда.

Бухоро 2000 йилдан ортиқ тарихга эга, Ўзбекистоннинг яна бир кўҳна шаҳри ҳисобланади. Самарқанд, Тошкент, Қўқон каби шаҳарлар қаторида Бухоро ҳам Ипак йўлининг бой тарихида муҳим ўрин тутади. Бухоро ўз вақтида Бухоро амирлигининг пойтахти бўлган ва ҳозир ҳам тарих ихлосмандларини жалб этишда давом этмоқда. Шаҳар меҳмонлари ўз ташрифлари давомида Амир қалъаси ва бир қанча меъморий ёдгорликлар билан танишишлари мумкин.

Мамлакатдаги тарихий обидалар орасида Минораи Калон ҳам ўзгача ўрин тутади. Тарихий қўлёзмаларга кўра, ҳатто Чингизхон ҳам минора бузилишига йўл қўймаган.

Ўзбекистон шаҳарлари бетакрор тарихи ва санъати билан фахрланишга арзийди. Қолаверса, Ўзбекистон бой тарихи билан нафақат макон балки замон бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради. Юқорида таъкидланганидек, Ипак йўли шарофати билан Ўзбекистон турли маданиятларнинг кесишма нуқтаси бўлиб, бу бетакрор ранг-баранг либослар, мазали таомлар ва гўзал анъаналар яралишига сабаб бўлган.

Ўзбекистон ҳунармандчиликнинг ҳам ватани ҳисобланади. Фарғона водийсидаги Қўқон шаҳри ҳунармандчилик пойтахти сифатида танилган, бу шаҳар ҳар йили халқаро ҳунармандчилик фестивалларига мезбонлик қилади. Қўқон ва унинг чегарадош шаҳарларида асрлар давомида ўзига хос услубни сақлаб келаётган ҳунармандлар яшайди. Марғилонлик оилалар бир неча асрлардан буён адрас, шойи мато ишлаб чиқариш билан шуғулланса, Риштондаги оилалар кўркам кулолчилик буюмларини яратади. Ушбу шаҳарлар ҳунармандчилик санъати ишқибозлари томонидан ташриф буюрилиши шарт бўлган жойлардир.

Табиат ихлосмандлари Ўзбекистоннинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида жойлашган Зомин қўриқхонаси ўзининг тоғли манзараси билан машҳур. Тошкент вилоятидаги “Амирсой” дам олиш маскани Швейцария билан ҳамкорликда қурилган бўлиб, чанғи спорти ва бошқа қишки спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароитларга эга. Меҳмонлар, шунингдек, Қизилқум сафаридан баҳраманд бўлишлари мумкин. Бу уларга Марказий Осиёнинг ноёб чўлида маълум муддат яшаб қолиш имконини беради. Яна бир ноёб манзил — бир вақтлар сув ҳажми бўйича дунёда 4-ўринни эгаллаган, кейин эса сувининг 90 фоиздан кўпроғини йўқотган Орол денгизидир.

Ҳар бир саёҳатчи учун дам олиш манзилини танлашда хавфсизлик энг муҳим омиллардан биридир. 2024 йилги хавфсизлик индексига кўра, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Ўзбекистон хавфсизлик бўйича яна бир қанча рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган. Деярли ҳар бир туристик объектларда эса бир нечта хорижий тилларни яхши биладиган туризм полицияси мавжуд. Меҳмонлар ёрдам сўраш учун исталган вақтда мурожаат қилишлари мумкин.

Қолаверса, меҳмондўстлик ўзбек маданиятининг ажралмас қисмидир. Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўлида жойлашгани зиёратчилар, жумладан, хитойлик савдогарларни кутиб олишда бой тарихга эга эканлигини англатади. Маҳаллий аҳоли меҳмонларни ўз уйларига таклиф қилиб, уларга жуда дўстона муносабатда бўлишарди. Бугун ҳам Ўзбекистон халқи барча учун бағрикенг ва меҳмондўст.

Буюк Ипак йўли давридагидек, Ўзбекистон барча меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олишга тайёр. Икки мамлакатнинг умумий тарихи, географик яқинлиги ва маданий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон хитойлик саёҳатчилар учун энг яхши танлов бўлиб қолмоқда. Халқлар ўртасидаги ўзаро алоқанинг кучайиши эса тарихий ришталарни янада мустаҳкамлайди”.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон хитойликлар учун навбатдаги энг яхши саёҳат йўналишига айланди