Сирдарё вилоятида тадбиркор аёлга нисбатан ноодобона муносабатда бўлган солиқ мансабдори катта шов-шувдан сўнг ишдан бўшатилди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов жамоатчиликка маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Янгиер шаҳар солиқ инспекцияси раҳбари А.Б. бир неча ой давомида турмуш ўртоғи хорижда меҳнат қилиб юрган тадбиркор аёлга шилқимона ва мазмунсиз SMS-хабарлар йўллаб, уни безовта қилиб келган. Унинг айрим хатларида аёлнинг дўконига текширувчи инспекторларни юборгани ва кейинчалик “холидан хавотирланаётганини” билдириб, кечқурун бир пиёла чой баҳонасида учрашишни таклиф қилгани қайд этилган.
Бу ҳолатдан қўрқиб қолган тадбиркор аёл ҳатто бир неча кун дўконига чиқмай, уйда ўтиришга мажбур бўлган. Мазкур вазият жамоатчилик орасида ҳам катта норозилик уйғотди.
Йўл қўйилган хатти-ҳаракатлар юзасидан Янгиер шаҳар прокуратураси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида иш қўзғатди. Шу билан бирга, Давлат солиқ қўмитаси томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, А.Б. лавозимидан озод этилди.
Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, фақатгина “майда безорилик” моддаси асосида иш очилганини танқид қилди. Унинг фикрича, воқеа аслида мансабни суиистеъмол қилиш ва жамиятдаги оилавий барқарорликка таҳдид сифатида баҳоланиши лозим эди.
“Бир нечта SMSни очиқлаш орқали бир оиланинг ҳаёти янада мураккаблашиши мумкин. Лекин шу билан бирга, прокуратура кўриниб турган ҳолатда мансабдан фойдаланишни яширмоқда. Агар бундай вазиятга оддий инсон йўл қўйса, уни қаттиқ жазолашарди. Шунинг учун ҳам жамоатчиликнинг қатъий муносабати жуда муҳим”, — деб ёзди у ўз чиқишида.
Жамиятда бу каби ҳолатларга нисбатан кескин муносабат билдириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мансабдорларнинг масъулиятини кучайтириш муҳимлиги таъкидланмоқда. Мутахассислар фикрича, шунга ўхшаш воқеаларнинг очиқ муҳокама қилиниши бошқалар учун сабоқ бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!