2023 йил октябрида қўлга олинган собиқ вазир Азиз Воитов иши юзасидан суд жараёни якунига етди. Бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан унинг иши бўйича ҳукм эълон қилинди. Суд жараёнида фақат Воитовнинг ўзи эмас, балки жами 62 нафар шахснинг қилмиши ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суднинг матбуот хизмати расман маълумот берди.
Суд ҳукмига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган пайтидаги фаолиятида Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва бир қатор бошқа моддаларда назарда тутилган жиноятларда айбли деб топилди.
Бироқ унинг ҳолатида етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани эътиборга олинди. Шу сабабдан Воитовга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмади. Суд ҳукмига кўра, у 3 йил муддатга бошқарув, раҳбарлик, мансабдорлик ва моддий жавобгарликка эга бўлган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига йўналтирган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида агар етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш ёки чеклаш каби жазолар қўлланилмаслиги кўрсатилган. Шу боис, суд Воитовнинг зарарни қоплаганини ҳисобга олди ва унинг пул маблағлари депозит ҳисоб рақамидан давлат хазинаси фойдасига ўтказилишига қарор қилди.
Иш бўйича яна бир шахс — Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида фаолият юритган Х. Каримовга эса кескинроқ жазо тайинланди. У 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Қолган 60 нафар судланувчидан 9 нафари озодликдан маҳрум қилиниши ҳақида қарор чиқарилди, 51 нафар шахс эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турли жазоларга тортилишига ҳукм қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Азиз Воитов қарийб икки йил аввал ишдан четлатилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Энди эса суд жараёни якунига етди ва расмий ҳукм ўз кучига кирди.