Россиянинг Владивосток шаҳрида содир бўлган навбатдаги ҳолат ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. 13 сентябрь куни Хабаровская кўчасида маҳаллий ёшлар гуруҳи ўзбекистонлик экани айтилган бир неча мигрантларга ҳужум қилгани ҳақида “Vladivostok1” нашри хабар тарқатди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аввалига ёшлар мигрантлар ҳаракатланаётган машиналарга тош отган. Шундан сўнг ҳайдовчилар вазиятни аниқлаш учун тушишганида, гуруҳ бўлиб уларга тажовуз қилишган. Ҳужум оқибатида бир нечта шахс турли даражада жароҳат олгани қайд этилмоқда.
Безорилар ўз хатти-ҳаракатларини видеога ҳам ёзиб олишган. Ёзувда муаллифнинг баланд кулгиси, тажовузкорларни қўллаб-қувватловчи чақириқлари аниқ эшитилади. Кадрларда “ур” деган чақириқлар, ножни ташлаш талаблари ва айрим мигрантлар ўзини самокат билан ҳимоя қилишга урингани акс этган. Бир йигит дўкон ичига қочмоқчи бўлган, аммо ортидан кирганлар унинг юзига зарба берган. Ҳатто дўконда камера борлиги ҳақида огоҳлантирилганда ҳам, видео муаллифи “биламан” деб жавоб қайтариб, тасвирга олишда давом этган.
Ҳозирда полиция воқеа юзасидан текширув бошлаган. Бироқ нашр маълумотларига кўра, ҳужумдан жабрланганлар ҳам, гувоҳлар ҳам ҳали расмий ариза ёзмаган. Шу билан бирга, тажовузкорлар вояга етмаганлар бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилмоқда.
Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси воқеадан дарҳол хабардор бўлган. Бош консул Юсуф Қобилжоновнинг таъкидлашича, жабрланганлар билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилган. Россия ТИВнинг Владивостокдаги ваколатхонаси ва Приморск ўлкаси прокуратурасига ҳам тегишли ноталар йўлланди.
Мазкур воқеа Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ҳамда Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олингани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой ҳам интернетда бир россиялик шахснинг ўзбек таксичини ҳақорат қилиши, унга нисбатан миллий ҳақоратли ифодалар ишлатиши катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. У пайтда ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига расмий нота юбориб, айбдорга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган эди.
Шу каби ҳолатлар мигрантлар хавфсизлиги масаласини янада кун тартибига чиқармоқда. Мутахассислар таъкидлашича, икки давлат органларининг ҳамкорлиги ва жамоатчиликнинг қатъий муносабати орқали бундай таҳқир ва ҳужумларнинг олдини олиш мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!