20:38 / 27.09.2024
38

Жинсий заифликка қарши супердори, Ғазо болаларига эҳсон ва оломон эффекти ҳақида

Жинсий заифликка қарши супердори, Ғазо болаларига эҳсон ва оломон эффекти ҳақида
Тўрнинг ғаройиб илмий номи ҳам бор — астротурфинг. Президент яқинда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси конференциясида кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётгани, ёшлар “онлайн манқуртлаштириш” қурбонига айланаётгани ҳақида гапирди. “Қотил” технологиялардан бири эса шу.

Оломон эффекти

Латифани эшитган бўлсангиз керак. Афанди кўча чангитиб юрган бир тўда болаларни “бопламоқчи” бўлиб “Ҳой чурвақалар, ҳов анави ерда текин ёнғоқ сочилиб ётибди” дейди. Ёш-яланглар кўрсатилган томонга гурр этиб югуриб кетади. Афанди, улар ортидан бир муддат термилиб, “тўхтачи, балки ростдир” деб ўзи ҳам чопган экан.

Оломон эффектини бундан зўр очиб берадиган “тадқиқот” бўлмаса керак. Кўпчиликка эргашиш тирик жонга хос. “Бир ўзинг доно бўлгунча, кўп билан девона бўл” ёки “Ёлғиз юриб йўл топгунча, кўп билан юриб адаш” деган мақолларимиз бор, минг афсус. Яккаланиб қолишдан хавотир эҳтимол, қадимги тош даврида қўл келгандир. Аммо бугунги рақамли дунёда киберфирибгарлар бу генетик хосликдан одамларни чалғитиш, териси-ю чўнтагини шилиб олишда фаол фойдаланяпти.

Астротурфинг технологияси замирида ҳам оломон эффекти ётибди. Бунда — интернет тармоқларида қандайдир ғоя, ташаббус, маҳсулот ёки хизмат гўёки “кенг жамоатчилик” томонидан “қизғин қўллаб-қувватланаётгани” ҳақида сунъий, нотўғри тасаввур шакллантирилади. “Ҳамма ягона умумий фикрда собит” эканини кўрган/ўқиган оддий медиасаводсиз фойдаланувчи эса, бошқалардан ажралиб, ёки бирон “савоб” иш, қандайдир “яхши нарса”дан қуруқ қолаётгандек бўлаверади.

У қандай ишлайди?

Масалан, қайсидир муттаҳам компания жинсий заифликни “даволовчи” мағзава (албатта, уни препарат ёки биологик фаол қўшимча деб тақдим этишади) ишлаб чиқаради.

Интернетда фишинг сайт (ҳимояланмаган, “компания” ҳақида ҳеч қандай маълумот акс этмайдиган сохта веб-саҳифа) яратилиб, унда “оддий фойдаланувчилар”нинг ўша дори — танига куч, ҳаётига маъно, жуфтига роҳат бахш этгани ҳақидаги жўшқин фикрлари (изоҳлари) жойлаштирилади.

“Синаб кўрдим, зўр экан” деб ёзган ўнлаб Фалончибек ёки “Шу восита туфайли бахтимиз тўкис бўлди” дея коммент қолдирган айрим Фалончиойлар аслида сунъий интеллект, ботлар ёки ўша фирибгарларнинг ўзи эканини англамаган ўқувчи, айниқса, муаммоси бор одам эса, табиийки “ҳамма мақтаётган, қўллаб-қувватлаётган” “мағзава” учун бор-будини чиқариб беради.

Ёки бугунимиз учун ўта долзарб бошқа бир мисол: Суриядаги террорчи ижтимоий тармоқда шартли “Сахий қўллар” деган саҳифа очиб, Идлиб ёхуд Ғазода болалар ўлаётгани, тириклари оч-наҳор қолаётгани акс этган “қайғули” фото-видеолар жойлайди, ора-орада дунёдаги барча виждонли мусулмонлар диндошлари учун эҳсон қилаётгани ҳақида ясама хабарларни улашиб туради. Изоҳлар қисми ҳам ботлар ё одамкушларнинг юзлаб сохта профиллари орқали “бомба остида қолаётган норасидаларга ёрдам бериш фарз” мазмунидаги сохта чақириқларга тўлдирилади.

Таъсирчан, динини яхши кўрадиган ёки умуман ночор аҳволдаги одамларга бефарқ бўлмаган, турли медианайранглардан эса бехабар Фалончибек “савоб”дан қуруқ қолмаслик, “фаластинлик жигаргўшаларига ҳиммат кўрсатаётган” бошқа “юзлаб диндошлари” қаторида охирги чақасини ҳам “болапарварлар” (аслида террорчилар) қўлига қўш-қўллаб тутқазиши ҳеч гап эмас.

Нимадан бошланган?

“АстроТурф” аслида футбол ва бошқа спорт турларига мўлжалланган стадионлар учун сунъий яшил қоплама ишлаб чиқарадиган компания. 1970 йилда Техас штати сенатори Ллойд Бенцен АҚШ сенатига сайловлар даврида катта Жорж Бушни қўллаш учун жалб этилган бир гуруҳ одамлардан иборат “Халқ ҳаракати”га ишора қилиб уларни “астротурфлар” деб атаган. Яъни, сиёсатчи бу билан “улар шунчаки сунъий ўт-ўланлар — реал ҳаётда яшаётган инсонлар ва кенг жамоатчилик фикрини англатмайди” демоқчи бўлади. Термин шундай кириб келган.

Тўғри, “астротурфинг” феномени интернет ва ижтимоий тармоқлар оммалашиши ортидан илмий ўрганила бошланди. Аммо у эски, қадимий манипуляцион тактикалардан. Масалан, Шекспирнинг “Юлий Цезар” песасида Брутни отасини ўлдиришга ишонтириш учун Кассий унга “жамоатчилик номидан ёзилган” қалбаки мактуб юборади.

Бугун астротурфингдан виждонсиз контент орқали муайян мақсадни кўзлаган деярли ҳамма, дейлик — фирибгарлар пул шилиш, экстремистлар хайрихоҳ (“лохлар” деб ўқилса ҳам хато бўлмайди) тўплаш, бизнес-корпорациялар рақобатчиларини синдириш, сиёсий кучлар электоратини ишонтиришда фойдаланади.

Бунда улар дастурий таъминотлар, ботлар, фейк аккаунтларни ишга солади, муайян маблағ эвазига изоҳ ёзиб берадиган троллар ёллайди, ясама нотижорат ташкилотлар очади, платформаларида кўришлар ёки аудитория сонини сунъий оширади, онлайн петициялар уюштиради, сўровлар натижаларини сохталаштиради ва ҳоказо.

Тадқиқот ва фактлар

2017 йилда Буюк Британиянинг Bell Pottinger компанияси Жанубий Африкада йирик масштабли астротурфинг операцияси ўтказади — Твиттерда юзлаб фейк аккаунтлар, блоглар, веб-сайтлар орқали гўёки мамлакатда ирқий адоват авж олаётгани ҳақида жамоатчиликда ёлғон тасаввур уйғотишга қаратилган ахборотлар тарқатади. Кейинчалик бу инфохуруж мамлакатнинг собиқ президенти Жейкоб Zuma билан боғлиқ коррупцион можародан аҳолини чалғитиш мақсадида уюштирилгани, аввалги раҳбарга яқин манфаатдор кучлар операция учун компанияга пул тўлагани маълум бўлади.

Айрим машҳур брендлар ҳам астротурфинг билан шуғуллангани ўз вақтида шов-шув бўлган: 2009 йилда Amazon корпорациясининг бир гуруҳ ходимлари турли веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда ўзларидан сохта эксперт ясаб, Amazon Киндле электрон китобини кўкка кўтарувчи, айни пайтда унинг рақобатчиларини ер билан яксон этувчи постлар, изоҳлар ёзган; 2013 йилда Samsung бошқа бир техногигант — HTC маҳсулотлари ҳақида турли интернет-форум ва блогларда негатив комментлар қалаштириб ташлаш учун талабаларни ёллаган ва найранги фош бўлгач мўмай жарима тўлаган.

Умуман, маълумотларни таҳлил қилиш бўйича эксперт, Иллинойс университети профессори Бин Люнинг ҳисоб-китобича, Интернетдаги барча истеъмолчилар фикр-мулоҳазалари — изоҳларнинг учдан бир қисми сохта. 2021 йилда ўтказилган яна бир тадқиқот эса Твиттерда сиёсий мазмундаги хабарларни тарқатиш учун фойдаланиладиган “одамга ўхшаш ботлар” платформа томонидан аниқланиб, блоклангунга қадар битта бот ўн тўрт кун давомида автоматик тарзда ишлаши ва 1586 тагача хабар юбориши мумкинлигини кўрсатган.

Белгилари

Хўш, тўр ташланганини қандай пайқаш мумкин? Астротурфинг аломатлари нималарда намоён бўлади? Мутахассисларнинг бу борадаги хулосалари шундай:

1. Қўллаб-қувватлашнинг ғайритабиий ёки тасодифий юқори даражаси. Дейлик, интернетдаги қайсидир сохта “инвестор”нинг куни кеча очилган саҳифасида бир кунда ўнлаб “фойдаланувчи” беш минг тикиб — беш миллион ютвоганини айтаётган бўлса, дарров чўнтак ковламасдан ўзига савол бериши керак киши: булар ким, қачон пайдо бўлақолди?

2. Ўта расмий, ғализ ва носамимий оҳанг. Жумлалар телба-тескари, худди “Google translate” таржимасидек ёзилаётган, одатий суҳбатлардан кўра, бадиий адабиётларда қўлланиладиган сўзлар ишлатилаётган бўлса, билингки, экран ортида юзлаб “алисалар” хизмат кўрсатяпти.

3. Умумийлик ва такрорий характер. Комментлар фақат бир хил мазмун ва оҳангда, бир-биридан фарқ қилувчи ёки рад этувчи мулоҳазаларсиз бўлса, демак, бир гап бор. Масалан, шартли “Сахий қўллар”да “Ғазони ташлаб қўймайлик” деган умумий чақириқлардан ташқари, “яхши, лекин эҳсоннинг расмий ҳисоботи борми, пуллар болаларга етиб боришини қаердан биламиз” сингари мулоҳазага чорлайдиган, қарши фикрларни учратмасангиз, қочиш керак.

4. Анонимлик. Ниманидир олқишлаб ёки ерга уриб пост/коммент ёзаётганлар ким эканини билолмасангиз, ахборотнинг дастлабки манбаси, шунингдек ғоя ташаббускорлари, маҳсулот ва хизматларнинг асл эгалари, ишлаб чиқарувчиларини топишда қийналсангиз, астратурфинг ҳиди анқиётган бўлади.

Яна, тадқиқотчилар фикрича, катта аудиторияли блогерлар, хусусан вайнерларнинг ўз саҳифасида (вайнларида) муайян маҳсулот ёки хизмат “зўр”лигини “қистириб” ўтиб кетиши ва бу учун текин маҳсулот ёки қандайдир имтиёзга эга бўлгани ҳақида обуначиларига чурқ этмаслиги ҳам астротурфинг ҳисобланади (ва бизда бундайлар оз эмас).

Қандай оқибатлари бор?

Ўқишга сабрингиз чидаган бўлса, сездингиз, оқибатлари оғир:

- ёш умрингиз турмада чирийди (ўша шартли “Сахий қўллар”га “ҳамма виждонли мусулмонлар қатори” эҳсон қилдингизми — бу қонунда терроризмни молиялаштириш сифатида малакаланади);

- тешик тоғора билан қоласиз (бир тўда аноним лўттибознинг Президент суратини қўйиб, “ҳаммага фалон сўмдан тарқатиляпти, қуруқ қолманг” деганига ишониб карта рақамларни берсангиз, урди худо);

- ажалингиздан беш кун олдин ўласиз (мақола аввалида айтилган “мағзава” қон босимингизни ошириб юбориши ҳеч гап эмас).

Чора нима?

Ҳушёрлик. Танқидий фикрлаш кўникмаси. Фаросат. Медиасаводхонлик. Интернет муҳитидаги виртуал айёрликлар, манипуляцион технологиялар, рақамли тўрларнинг ўлжасига айланмаслик, оломон эмас, шахс бўлиб қолиш учун улар доим рационда бўлиши керак.
Ўз навбатида, давлат ҳам, депутатлар ҳам қараб турмаслиги, балки, кўплаб тараққий этган мамлакатлар қаторида, қонунчиликка замонавий медиа соҳасини тартибга солувчи, хусусан, астротурфинг билан боғлиқ найрангларнинг олдини олишга қаратилган нормалар киритишни ўйлаб кўриши лозим, назаримизда.

Дилшод Нуруллоҳ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жинсий заифликка қарши супердори, Ғазо болаларига эҳсон ва оломон эффекти ҳақида