date

АҚШ ва Япония: Тарихий савдо келишуви

АҚШ ва Япония: Тарихий савдо келишуви
Яқинда АҚШ президенти Доналд Трамп ва Япониянинг Бош вазири Шигеру Ишиба ўртасида имзоланган савдо битими, Трамп таъбири билан айтганда, “тарихдаги энг йирик савдо келишуви” сифатида баҳоланмоқда. Гарчи бу баёнот баҳсли бўлса-да, келишув глобал иқтисодиёт ва айниқса Осиё мамлакатлари учун муҳим бурилиш бўлиши кутилмоқда.

Япония учун иқтисодий имкониятлар
Япония дунёнинг тўртинчи йирик иқтисодиёти бўлиб, экспорти асосан автомобиллар, электроника ва техника соҳаларига тўғри келади. АҚШ эса унинг энг йирик экспорт бозоридир. Трамп маъмурияти томонидан илгари қўйилган юқори божхона тўловлари япон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Янги келишув эса божлар даражасини пасайтириб, бизнеслар учун барқарорликни таъминлаши ва ишлаб чиқарувчиларнинг режалаштириш имкониятини кенгайтириши мумкин.

Хусусан, Япониянинг автомобил саноати — Toyota, Ҳонда ва Ниссан каби гигант компаниялар — бундан катта фойда кўриши кутилмоқда. Аввал АҚШга олиб кирилган япон автомобилларига 27,5% бож солинар эди. Эндиликда бу ставка 15% гача туширилмоқда, бу эса япон автомобилларини бошқа рақобатчиларга нисбатан арзонлаштиради.

АҚШга йирик инвестициялар ва иш ўринлари
Япония ушбу келишув эвазига АҚШга 550 миллиард долларлик сармоя киритишини маълум қилди. Бу маблағ фармацевтика, ярим ўтказгичлар каби муҳим соҳаларда ишончли таъминот занжирларини яратишга йўналтирилади. Келишув натижасида АҚШда иш ўринлари яратилиши, инновациялар ривожланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Япония АҚШдан гуруч сотиб олиш ҳажмини оширишга рози бўлди. Бу Япониядаги озиқ-овқат таъминотини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди.

Минтақавий ва глобал босим кучаймоқда
Ушбу келишув Жанубий Корея, Тайван каби мамлакатлар билан олиб борилаётган музокараларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим Осиё давлатлари — Ветнам, Индонезия ва Филиппин аллақачон АҚШ билан янги битимларни эълон қилган.

Бироқ камбағал мамлакатлар — Камбоджа, Лаос, Шри-Ланка каби иқтисодиёти экспортга боғлиқ давлатлар АҚШ билан муҳим таклифлар бера олмаслиги сабабли бу жараёнда четда қолмоқда.

Шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам Япония билан биргаликда “ноҳақ савдо амалиётларига қарши курашиш ва иқтисодий босимларга қарши туриш” бўйича ҳамкорликни кучайтиришини маълум қилди. Бу эса глобал савдо майдонида рақобатнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ва Япония: Тарихий савдо келишуви