17:45 / 23.10.2016
9 356

Лицей ёки коллежни тугатмаган қизларнинг турмушга чиқиши қонунан тақиқланади

Лицей ёки коллежни тугатмаган қизларнинг турмушга чиқиши қонунан тақиқланади

Бугунги кунда кўп ҳолларда оилалардаги ажримларнинг келиб чиқишига йигит ва қизларнинг ёш оила қураётгани, ҳали турмушга тайёр бўлмай туриб, ота-оналарнинг ҳаваслари қурбони бўлаётганига кўп бор гувоҳ бўляпмиз. Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан ажримлар юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам бу бот-бот такрорланди.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, йигитлар 18, қизлар эса 17 ёшдан турмуш қуриш имкониятига эга. Шунга қарамай айрим ҳолларда ҳали 17 ёшга тўлмаган қизларни ҳам турмушга бериш ҳолатлари кўзга ташланиб турибди. Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов йиғилишда мазкур масалага алоҳида тўхталар экан, мажлис иштирокчилари, жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда янги қарор қабул қилинишини маълум қилди. Унга кўра қиз бола 17 ёшга тўлган бўлса ҳам, агар 12 йиллик таълимни, яъни академик лицей ёки касб-ҳунар коллежини тугатмаган бўлса, турмушга бериш тақиқланади.

Тошкент шаҳар ҳокими мазкур масалани қатъият билан ўртага ташлаб, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган ресторанлар маъмуриятдан тўйи бўлаётган йигит-қизларнинг паспорти нусхаси ва ўқишни битирганлик тўғрисидаги маълумотнома олиниши кераклигини талаб қилди. Агар ресторанлар ушбу тартибларни бузса, лицензияси бекор қилинади.

“Сўнгги вақтларда икки-учта хотинга уйланиш, кўпхотинлик ёшлар орасида урчиб бораяпти. Бунинг олдини олмасак, илдиз отиб кетиши тайин.

Шаръий никоҳ эр-хотин гарданига ҳеч қандай масъулият юкламаяпти. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов билан келишган ҳолда ФҲДЁда расмийлаштирилмаган оилага никоҳ ўқиган домлаларга кескин чоралар кўришга қарор қилдик. Уларнинг бундай ҳаракатларини бир неча бор кечирдик. Энди “билмай қолдим” қабилидаги баҳоналар ўтмайди ва бундай ҳолатларга ортиқ кўз юмиб туролмаймиз”, дейди ҳоким.

“Мен бу йиғилишни ҳисобот учун ташкил этганим йўқ. Бугунги даврда ҳисобот беришга қилинадиган йиғилишлар керак эмас, аксинча, бугунги мажлис ўзининг амалий натижасини бериши шарт”, деб сўзларини давом эттиради Усмонов.

Ўтган 9 ой давомида Тошкент шаҳрида 3442 та оилага дарз кетган. Ҳокимнинг фикрича, бу кўрсаткични сўнгги беш йилга қиёсланса, ўртача ҳисобда ҳар йили 2 мингта бола кўчада қоляпти, улар тўлиқ бўлмаган оилада вояга етмоқда. “Бу болаларнинг эртанги тақдири на маҳалла, на туман ҳокимларини ўйлантиряпти. Ота-онаси ажрашган болалар руҳан эзилгани етмагандек, онаси ё отасига юк бўлмаслик учун ишлашга ҳаракат қилади, кўп вақти кўчада ўтади. Кўчада эса яхши бор, ёмон бор. Ўз-ўзидан унинг тарбияси издан чиқиши мумкин. Энди вояга етмаганлар учтидан назаорат ҳам кескин кучайтирилади, бунда маҳалла ва туман ҳокимликларининг иштироки янада жиддий бўлади”, дейди Усмонов.

Маълумот учун, 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Бу эса 144 тага кам дегани. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган. Қолган 31 маҳалла эса бундай нохуш вазиятдан ҳоли.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Лицей ёки коллежни тугатмаган қизларнинг турмушга чиқиши қонунан тақиқланади