date
views 110

9 май: Хотира, тарих ва мафкура ўртасидаги узоқ йиллик зиддият

9 май: Хотира, тарих ва мафкура ўртасидаги узоқ йиллик зиддият
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 80 йил, СССР пароканда бўлганига эса 34 йилдан ортиқ вақт ўтди. Бироқ бугун ҳам 9 май ҳақидаги баҳс ва тортишувлар охирламайди. Бу сана атрофидаги мунозаралар ҳар йили, aйниқса Ғалаба куни арафасида янада кучайиб, миллий ўзликни англаш ва совет мафкурасига бўлган муносабат ўртасидаги чуқур тўқнашувга айланади.

Ўзбекистон ўз муносабатини ўзгартирган давлатлардан бири

Мустақилликка эришгандан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати 9 май санасини қайта кўриб чиқиб, унинг моҳиятини миллий руҳ ва хотирага асосланган янги мазмун билан бойитди. "Улуғ Ватан уруши", "Буюк ғалаба" каби ифода ва рамзлардан воз кечилди, бу кун Хотира ва қадрлаш куни сифатида қайта номланди.

Бу ўзгариш фақат номда эмас — моҳиятда ҳам катта фарқ яратди. Энди бу кун – ярим миллионга яқин қурбон бўлган ватандошларни хотирлаш, фронт ортидаги қийинчиликларни эслаш ва тинчликни қадрлашга бағишланган. Яъни байрам эмас – маросим.

Сиёсатшунос Толипов: “Бу сана Россия стратегиясига хизмат қилаётгандек”

Таниқли сиёсатшунос Фарҳод Толипов бу сананинг кўп маъноли талқини борлигини айтди. Унга кўра, йиллар ўтиши билан 9 май янада кўпроқ Россиянинг геосиёсий стратегик манфаатларига хизмат қилаётган байрамга айланиб бормоқда.

“Совет даврида бу сана ғалабани нишонлаш куни эди, лекин ҳар доим зиддиятли қарашларга сабаб бўлиб келган. Биринчидан, нега айнан 9 май эканлиги шубҳали. Иккинчидан, бу кун йил сайин ўз маъносини йўқотиб, асосан россияликлар учун муҳимдек кўринаётир. Дунёда энди бу байрамни россияликлардан кўра кўпроқ нишонлашни истайдиган давлат қолмаган”, – дейди сиёсатшунос.

Жамиятшунос Йўлдошев: “Бу байрам эмас, хотира маросими”

Этнопсихолог ва жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошев ҳам 9 май ҳақидаги баҳсларга ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, бу сана — расмий байрам эмас, балки миллий хотира ва аза куни сифатида қабул қилиниши керак.

“Қандай аза маросимлари бўлса, бу ҳам шунга тенг. Бир пайтлар 'Катюша'га ўйин тушганлар ҳам бўлган. Бу – халқ онгидан совет мафкураси тўлиқ чиқмаганининг аломати. Ҳақиқий тарихий англаш учун бизни босиб олган империянинг урушини ўзимизники деб нишонлашимиз керак эмас”, – дейди у.

Ташанов: “Совет ва нацизм — икки репрессив тузум. Биз улардан бирига қурбон бўлдик”

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов фикрича, уруш икки авторитар, репрессив тизим ўртасида кечган. Советлар Марказий Осиё халқларини босиб олган, зиёлилар қатламни йўқ қилган ва фуқароларни қаттиқ қатағон қилган.

“Совет мафкурасига ҳали озод бўлмаган жамият учун 9 май — байрам эмас. 35 ёшдан кичиклар нега бу санани байрам сифатида қабул қиляпти? Демак, бу мафкуравий таъсир ҳали сақланмоқда. Ватандошларимиз Россияда ишлаб, бизга ёмон кўз билан қараётганини кўриб турибмиз. Бундан озод бўлиш учун қатъий миллий сиёсат, тарбия ва ирода керак”, – деди Ташанов.

Тарихчи Маҳмудов: “Биз урушга ихтиёрий эмас, мажбурий жалб этилганмиз”

Тарихчи Завқибек Маҳмудов бу санани байрам сифатида қабул қилиш – манқуртлик аломати, деб ҳисоблайди. Унга кўра, ўз хоҳиши билан урушга кетаётган халқ буни ғалаба деб нишонлаши мумкин. Аммо ўз халқини мажбурлаб, қочса – ўлим, қайтса – ўлим билан қўрқитган тузумда бундай байрамга ўрин йўқ.

“9 майни байрам қилиш учун биз ҳақиқий эркин халқ бўлишимиз керак эди. Бизга уруш тўғрисида сўралмади – бизни мажбурлашди. Шунинг учун бу сана ғалаба куни эмас, фақат қайғули хотира куни бўлиши мумкин”, – дейди у.

Zamin.uz таҳририяти 9 майни ҳар бир инсон шахсан англаши, қабул қилиши ва ҳис этиши керак деб ҳисоблайди. Бу сана ҳақиқат, хотира ва руҳий озодлик ўртасидаги теран қарашни талаб этади. Ҳақиқий қадр – тинчликда. Ва унинг қийматини англаш учун тарихдан дарс олиш керак.

Kun.uz сайти томонидан эълон қилинган материаллардан фойдаланилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 9 май: Хотира, тарих ва мафкура ўртасидаги узоқ йиллик зиддият