date
views 106

Ўзбекистонда онлайн фаолиятни тартибга солувчи янги қонун ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда онлайн фаолиятни тартибга солувчи янги қонун ишлаб чиқилди
Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, онлайн платформаларда хавфсизлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат нафақат фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлаш, балки замонавий рақамли муҳитдаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга ҳам қаратилган.

Қонун лойиҳаси давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси мутахассислари, ҳуқуқшунослар ҳамда IT соҳаси вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Қонун нима ҳақида?

Ҳужжат номи — «Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида». Унга кўра, фойдаланувчилар ахборот олиш, эркин фикр билдириш ва хавфсиз интернетдан фойдаланиш ҳуқуқларига эга бўлади.

Бундан ташқари, онлайн платформалар ва веб-сайтлар орқали тарқатилаётган ахборотга оид қонунчиликдаги тарқоқ ва етарлича белгиланмаган нормалар тўлиқ тизимлаштирилади.

Асосий принциплар

Қонун лойиҳаси қуйидаги устувор тамойилларга асосланади:
  • Қонунийлик — онлайн фаолият амалдаги қонунлар доирасида амалга оширилиши шарт;
  • Фойдаланувчи ҳуқуқларининг устуворлиги — маълумот олиш, фикр билдириш ва хавфсизлик кафолатланади;
  • Цензурадан ҳоли муҳит — қонун билан тақиқланмаган контентда эркинлик таъминланади;
  • Шаффофлик ва хавфсизлик — ноқонуний ахборот тарқалишига қарши чоралар ва шахсий маълумотлар ҳимояси таъминланади.

Бутунлай блоклаш эмас — босқичма-босқич чоралар

Онлайн платформалар ваколатли орган билан тизимли ҳамкорлик қилмаса, уларга нисбатан фақат суд қарори асосида Ўзбекистонда кириш тезлиги пасайтирилиши мумкин. Бу билан интернет фаолиятида кескин блоклаш амалиётидан воз кечилмоқда.

Блогерлар, аноним профиллар ва кибержиноятларга қарши қадамлар

Лойиҳада амалдаги қонунчиликда блогерларга нисбатан жорий этилган баъзи оғир ва амалга оширилиши мушкул нормалар қайта кўриб чиқилди. Шунингдек, аноним профиллар, канал ва гуруҳларга қарши самарали ечимлар, замонавий киберхавфлар — фишинг ва спамга қарши ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.

Жазо ва санкциялардан воз кечилди

Қонун лойиҳасида белгиланган мажбуриятларни бажармаган платформаларга нисбатан ҳар қандай молиявий санкциялар ёки жарималар жорий этилмайди. Яъни, қонун риоя этилмаса ҳам аввалоқ мулоқот, тушунтириш ва қонуний тартиб асосида чора кўрилади.

ММТлар четда қолган

Қонун лойиҳаси ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтган веб-сайтларга татбиқ этилмайди. Уларнинг фаолияти «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади.

Интернет фойдаланувчилари сони кескин ўсмоқда

2017 йилда 14,7 миллион бўлган интернет фойдаланувчилари сони 2025 йилга келиб 32,7 миллионга етди. Энг оммабоп платформалар:

- Telegram — 28 млн
- Odnoklassniki — 19,2 млн
- Facebook — 2,3 млн
- ВКонтакте — 1,5 млн
- LinkedIn — 850 минг
- Twitter — 250 минг

Zamin.uz таҳририяти янги қонун лойиҳаси орқали интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кучайиши ҳамда онлайн муҳитда адолат ва хавфсизликнинг таъминланишига ишонади. Янгиликларни кузатиб боринг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда онлайн фаолиятни тартибга солувчи янги қонун ишлаб чиқилди