Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён мамлакатда туғилиш даражасини ошириш бўйича янги ташаббус илгари сурди. Унинг фикрича, ёшлар учун иш ва шахсий ҳаёт ўртасида барқарор мувозанат яратиш — демографик инқирозни енгишнинг асосий калити. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Президент “Узоқ иш вақти ёшларнинг мартаба ва оилани бирлаштиришига тўсқинлик қилади” номли тадқиқотни мисол келтирди. Унда жанубий кореяликлар йилига ўртача 1874 соат ишлаши, бу кўрсаткич Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти бўйича ўртачадан 130 соатга кўп экани таъкидланган.
Шу сабабли, ҳукумат 2030 йилгача иш вақтини ҳафтасига 40 соатдан 36 соатга қисқартириш, кейин эса 4 кунлик иш ҳафтасини жорий этишни режалаштирмоқда. Энг муҳими, иш ҳақи ўзгармайди.
Касаба уюшмалари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни “туғилишни кўпайтиришга олиб келадиган ягона чора” деб атади. Аммо бизнес доиралари бу ўзгариш иқтисодий ўсишга таъсир қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Маълумот учун, Жанубий Корея дунёда туғилиш даражаси энг паст бўлган давлат ҳисобланади. Ҳозирда ҳар бир аёлга ўртача 0,75 нафар бола тўғри келади. Шунинг учун янги ислоҳотлар мамлакат демографик барқарорлиги учун муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!